2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ФАН ОЛИМПИАДАЧИЛАРИ НОМИ МАЪЛУМ

Ўзбек ўғлони азалдан у қандай давра бўлмасин, ўз сўзини айтиб келган. Ватанимиз ҳимоячилари ҳам аждодларга муносиб авлод бўлиш йўлида бор куч-ғайратини аяшмаяпти. Хусусан, халқаро майдонларда бўлиб ўтаётган ҳарбий мусобақаларда ўзбек номи кўп бор янграмоқда. Дунё ҳақиқий ватанпарвар ўзбек эрларининг билими, ҳарбий-касбий тайёргарлиги ва тажрибасига таҳсин ўқимоқда. Албатта, бу каби эътирофлар йигитларимизнинг кўз-қошига қараб берилгани йўқ. Бу чинакам заҳмат, тинимсиз меҳнат, йил – ўн икки ой олиб борилаётган изланишлар ва тийнатимиздаги мардлик, жасурлик эвазига.

Ёшлигимизда маҳаллалар ўртасида бўлиб ўтадиган футбол мусобақаларида Ватан ичра кичик Ватан – маҳалламиз шарафини ҳимоя қилиш учун майдонга тиззамиз қалтираб тушардик. Чунки бизнинг ортимизда бутун бошли маҳалла ори туради. Энди дунё миқёсида бутун бошли Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиш вазифаси ва масъулияти бир зум бўлса-да, юракларга ҳаяжон солади. Аммо бунинг пайти эмас.

Гапни узоқдан бошлаб келганимиз боиси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ўртасидаги фан олимпиадаларида иштирок этаётган йигитларимизга ўз бурч ва масъулиятини яна бир бор эслатишдан иборат.

Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтида бўлиб ўтган уч кунлик баҳс информатика фани бўйича мазкур нуфузли мусобақада юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган олий ҳарбий таълим муассасаси номини аниқлаб берди.

Унда Қуролли Кучлар академияси, Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти, Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ва Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юрти курсантларидан иборат жамоалар иштирок этди. Тўрт кишидан иборат жамоалар дастлаб алоҳида-алоҳида ва якунда жамоа бўлиб берилган вазифа ҳамда топшириқларни бажаришга киришдилар. Курсантлар аввалига Microsoft Office дастуридаги ҳужжатлар билан ишлаш бўйича, кейин дастурлаш ва ягона тактик майдонда жамоа таркибида биринчи ва иккинчи босқич вазифаларини бажардилар.

– Мен ушбу мусобақанинг республика босқичида назоратчи сифатида иштирок этяпман. Ҳарбийлар билан кўп ишлаганман, лекин бугун бир нарсани ўзим учун кашф қилдим, – дейди Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг ахборот хавфсизлиги факультети талабаси Ҳасанов Ҳусан, – курсантларнинг вазифа бажараётгандаги ҳолатини кузатдим. Улар топшириқнинг ярмини ҳам уддалаб улгурмаган пайт белгиланган вақт тугашига кўп қолмади. Бироқ курсантлар хотиржам, босиқлик билан қолган вақтдан унумли фойдаланиб, ўз зиммаларидаги топшириқни аъло даражада бажаряпти. Бу – уларнинг руҳий ҳолати барқарор, қийинчиликдан чўчимайдиган ва вазиятни кўра билиш кўникмаси яхши шаклланганидан далолат. Бошқа бир киши шундай вазиятга тушса борми, вақти кам қолганини кўриб, бор билимини ҳам эсидан чиқариб қўяди.

Якуний натижаларга кўра, умумжамоа ҳисобида Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти 1-ўрин, Қуролли Кучлар академияси 2-ўрин, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари 3-ўринга лойиқ кўрилди. Яккалик баҳсларда эса Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти курсанти Раҳимбек Рустамов биринчи, Қуролли Кучлар академияси курсанти Айдўс Абатбоев иккинчи ва Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсанти Ҳумоюн Тиркашев учинчи ўринларни банд этдилар.

И. ҚЎЧҚОРОВ

 

Информеры