2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ИСТИҚБОЛИМИЗ ЭГАЛАРИ ҲУЗУРИДА

Фарзандларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, беғубор қалбларига юртга, миллатга садоқат туйғуларини сингдириш жамият олдида турган  долзарб вазифалардан биридир. Бу эзгу ҳаракат ҳар бир замонда муҳим талаблардан бири бўлиб келган. Бунга амал қилган миллат борки, Ватанини жонида асрашга қодир жўмард фарзандларни вояга етказган. Мудофаа вазирлиги Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси ёшлар билан ишлаш бўлими  томонидан пойтахтимиздаги бир қатор умумтаълим мактабларида амалга оширилган маънавий-маърифий тадбирлар айнан мана шу эзгу мақсадга қаратилди.

«Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламан!» шиори остида Шайхонтоҳур туманидаги 299, 276 ҳамда 316-умумтаълим мактабларида бўлиб ўтган тадбирлар ўқувчи ёшлар қалбида ватанпарварликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Буни ватанпарварлик руҳидаги байрам тадбири десак ҳам бўлади. Негаки, мактаблардаги катта спорт залларини тўлдириб турган  ўқитувчи ва ўқувчилар дастлаб Мудофаа вазирлиги ҳарбий оркестри ижрочиларининг қалбларни жунбишга келтирувчи жанговар ва миллий руҳдаги мусиқа садоларидан баҳраманд бўлишди.

Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли санъаткорлари Дадахон Ғаниев, Анвар Тожиаҳмедов, Бобур Худойқулов ва Дилфуза Хўжақулованинг куй-қўшиқлари эса дилларга завқ бағишлаш баробарида ёшларни рақсга чорлади.

Шундан сўнг болаларни ҳаяжонга солган ва айнан улар кутган ҳарбийларнинг жанговар руҳдаги чиқишлари бошланди. Яъни Тошкент ҳарбий округи тасарруфидаги полковник Исмоил Қурбонов командирлик қилаётган ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари қўл жанги бўйича кўргазмали чиқиш намойиш этишди. Ҳаяжонли қийқириқлар, олқишлар, эътирофлар…

– Ўқувчиларимиз бу учрашувдан олам­олам таассурот олишди, – дейди 299-умумтаълим мактаби директори Дилнора Паттохова. – Болалар юзларида қувонч, ҳаяжон ила ҳарбий хизматчиларга меҳр ва ҳавас билан боққанларига гувоҳ бўлдик. Ўқувчилар улар билан суҳбатлашишга интилиб туришди, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди, бирга суратга тушишди. Бунинг замирида бир ҳақиқат мужассам, яъни Ватан ҳимоячилари ҳурматга лойиқ, эъзозга сазовор касб эгалари. Ушбу тадбир орқали ҳарбийларимиз ёшлар қалбига юртга бўлган муҳаббат, ватанпарварлик туйғусини  янада теран жо этганига шубҳа йўқ.

З. ЮНУСОВА

 

Информеры