2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ДАВЛАТ ЯПОНЛАРНИ ҲАЙРАТГА СОЛДИ

Япониянинг Осака шаҳрида дзюдо бўйича «Катта дубулға» турнири бўлиб ўтди. Унда қатнашган юртимиз вакиллари иккита медалга эгалик қилишди. Совриндорлардан бири MVSK (Mudofaa vazirligi sport klubi) аъзоси бўлди.

Осака шаҳридаги «Катта дубулға» турнири дунёнинг 94 давлатидан 534 нафар (307 эркак, 227 аёл) дзюдочисини ўзига жалб этди. Мусобақага бўлган бундай эътибор ва нуфуз сабаби спортчилар турнир медалларидан ташқари «Токио – 2020» Олимпиадасининг муҳим рейтинг очколари учун ҳам татамига чиқишди. Хусусан, Осака турнири ғолиблари 1000, кумуш медаль соҳиблари 700, бронза медални қўлга киритганлар эса 500 рейтинг очкосини ўз ҳисобларига ёзиб қўйишди ва ҳатто 7-ўринни эгаллаганларга ҳам 260 рейтинг очкоси берилди. Турнир ана шундай муҳим аҳамиятга эга бўлса-да, негадир Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлари етакчи дзюдочиларимизни Японияга олиб боришмади, аксинча, уларга дам беришни лозим топишди. Осака турнирига юртимизнинг 7 нафар, хусусан MVSKнинг уч нафар вакили жалб этилди: Диёра Келдиёрова (-52 кг, MVSK), Нодира Йўлдошева (-78 кг), Кемран Нуруллаев (-60 кг), Камолиддин Расулов (-81 кг), Давлат Бобонов (-90 кг, MVSK), Муҳаммадкарим Хуррамов (-100 кг, MVSK), Алишер Юсупов (+100 кг). Бу спортчиларимизга нисбатан кўпроқ рейтинг очкоси жамғариб, айни дамда Халқаро дзюдо федерацияси (ХДФ) рейтингида олимпия йўлланмаси зонасида жойлашган Гулноза Матниязова (1490 очко, MVSK), Шарофуддин Лутфуллаев (-60 кг, 3767 очко), Сардор Нуриллаев (-66 кг, 1764 очко, MVSK), Шаҳрам Аҳадов (-66 кг, 1249 очко), Ҳикматуллоҳ Тўраев (-73 кг, 2576 очко), Шарофиддин Болтабоев (-81 кг, 2045 очко), Бекмурод Олтибоев (+100 кг, 2244 очко, MVSK) каби етакчи дзюдочиларимиз Японияга бормади.

«Катта дубулға» турниридан олдин терма жамоамиз Тбилиси шаҳридаги дзюдо академиясида ўқув-машғулот йиғини ўтказди. Ўзбекистон ва Грузия дзюдо федерациялари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида ташкил этилган ушбу қўшма йиғинда асосий таркиб билан бирга ёшлар терма жамоамизнинг айрим аъзолари ҳам иштирок этди. Дзюдочилар фақат машғулот билан чекланиб қолишмади, шифобахш суви билан дунёга машҳур Боржоми сиҳатгоҳида ҳам бўлишди, том маънода ҳордиқ чиқаришди. Терма жамоамиз 16 ноябрь куни Грузиядан юртимизга қайтиб келди ва 20 ноябрда мураббийлар танлови асосида 7 нафар дзюдочимиз устозлари билан Сеул орқали Осакага жўнаб кетди. «Катта дубулға» турнири эса 22 ноябрь куни бошланди. Бу тиғиз саналар ва сафарларни бекорга қайд этмаяпмиз, катта турнир олдидан дзюдочиларимиз гарданида халқимиз тили билан ифодалаганда «узоқ йўл азобларини енгиш» оғирликлари ҳам бор эди.

Осака «Катта дубулға» турниридан олдин шундай нуфуздаги катта мусобақа октябрь ойида БАА пойтахти Абу-Даби шаҳрида ўтказилган ва унда ҳам дзюдочиларимиздан икки нафари шоҳсупага кўтарилган, қизиғи ўшанда ҳам совриндорлардан бири MVSK вакили бўлганди. Гарчи бу сафар бир қатор етакчи спортчиларимизга дам берилган бўлса-да, Осакада вакилларимиз Абу-Дабидагига нисбатан юқорироқ муваффақиятга эришишди.

ХДФ рейтингида 595 очко билан 55-поғонани эгаллаб турган MVSK аъзоси Давлат Бобонов (-90 кг) кетма-кет учта беллашувни ўз фойдасига ҳал қилди. У аввалига америкалик Жон Жейнни, кейин чехиялик Дэвид Кламмертни мағлубиятга учратди. Учинчи босқичда унга амалдаги жаҳон чемпиони, ўтган йилги Осака турнирининг кумуш медали совриндори, бу йил Екатеринбургда ўтказилган «Катта дубулға» турнири ғолиби голландиялик Вент Энд Ноэл қарама-қарши келди. Дзюдочимиз эса, аксинча, бу йилги жаҳон чемпионатида қатнашмаган, «Катта дубулға» туркумига кирувчи турнирларда совриндор ҳам бўлмаганди. Мухлису мутахассислар голландиялик дзюдочининг ғалабасини кутиб турган бир пайтда MVSK вакили рақибидан устун келиб, барчани ҳайратга солди. Ушбу ҳолат Бобоновнинг кейинги беллашувида ҳам такрорланди, чунки бу гал унга қарши япониялик Шоичиро Мукаи татамига чиққан, бунгача бўлган деярли барча вазн тоифаси бўйича баҳсларда мезбонлар вакили ғолиб ёки совриндор бўлиб келаётганди. Шундай бир пайтда Давлат мезбонлар дзюдочиси Шоичирони мағлуб этди. Ярим финалда Бобоновга яна бир кучли полвон – бу йилги Париж «Катта Дубулға» турнири ғолиби, 2017 йилги жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори Донг Хан Гвак (Жанубий Корея) рақиблик қилди. MVSK аъзоси уни ҳам мағлуб этишнинг уддасидан чиқди ва «Осака турнири кашфиёти» сифатида финалга йўл олди. Унинг олтин медаль учун кечган баҳсдаги рақиби бу йилги Загреб Гран-приси ғолиби, Екатеринбург «Катта Дубулға» турнирининг кумуш медали соҳиби грузиялик Бека Гвиниашвили бўлди. Афсус­ки, финал беллашувида дзюдочимиз рақибига имкониятни бой бериб, мусобақанинг кумуш медали ҳамда «Токио – 2020» Олимпиадаси йўлидаги қимматли 700 рейтинг очкосини қўлга киритди.

Энг оғир (+100 кг) вазн тоифасидаги биринчи рақамли дзюдочимиз Бекмурод Олтибоев (MVSK) ўрнига Японияга борган Алишер Юсупов ҳам юртимиз спорт шарафини муносиб ҳимоя қилди. 768 очко билан ХДФ рейтингида 36-ўринни эгаллаб турган Юсупов Осакадаги илк беллашувида Европа чемпиони, Гран-при туркумига кирувчи кўплаб турнирлар ғолиб ва совриндори россиялик Руслан Шахбазовни мағлуб этди. Иккинчи босқичда австриялик Стефан Хегидан устун келган дзюдочимиз чорак финалда япониялик Юсуке Кумаширога ютқазиб қўйди. Шундан сўнг у ўтиш баҳсида ХVIII Осиё ўйинлари ғолиби Ким Санг Минни мағлуб этди. Соврин учун кечган беллашувда Дюссельдорф ва Бразилия «Катта Дубулға» турнирлари ғолиби япониялик Дайго Кагавани таслим этган Алишер Осака турнирининг бронза медали ҳамда қимматли 500 рейтинг очкосини қўлга киритди. Таъкидлаш жоиз, бу Алишер Юсупов учун ҳам «Катта Дубулға» туркумига кирувчи турнирлардаги биринчи медаль бўлди.

Осакада яна икки нафар вакилимиз совриндорликка яқин борди. Хусусан, ХДФ рейтингида 1243 очко билан 24-поғонани эгаллаб, олимпия зонасида турган MVSK аъзоси Муҳаммадкарим Хуррамов (-100 кг) кетма-кет икки учрашувда кучли рақибларини мағлубиятга учратди. У турнирдаги иштирокини тўғридан-тўғри иккинчи босқичдан бошлади ва дастлаб кореялик Ким Жаэ Юнгни енгди. Учинчи босқич баҳсида машҳур дзюдочи, жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори, бу йилги Боку «Катта Дубулға» турнири ғолиби голландиялик Михаэль Коррелни мағлуб этишнинг уддасидан чиқди. Чорак финалда япониялик Дайки Нишиямадан устун келган Муҳаммадкарим ярим финалда 2015 йилги жаҳон чемпиони, бир қатор Гран-при ва «Катта Дубулға» туркумига кирувчи турнирлар ғолиби, япониялик Рюносуке Хагани мағлуб этолмади. Бронза медали учун беллашувда ҳам Хуррамовнинг рақиби япониялик, яъни Кентаро Ида бўлди ва бу баҳсда ҳам кунчиқар юрт вакили устун келди.

Ҳамюртимиз Камолиддин Расулов (-81 кг) ҳам Хуррамовнинг одимини деярли такрорлади. У дастлаб молдовалик Никон Заборошични, сўнг болгариялик Ивайло Ивановни, чорак финал йўлланмаси учун баҳсда мўғулистонлик Угонбатар Отгонбатарни мағлубиятга учратди. Кетма-кет учта беллашувда ғалабага эришган юртдошимиз чорак финалда япониялик кучли полвон Хикару Томокиога ютқазиб қўйди. Ўтиш босқичида россиялик Абас Азизовдан устун келган Камолиддин бронза медали учун баҳсда россиялик Турпал Тепкаевга имкониятни бой берди. Камолиддин Расулов 5-ўринни эгаллагани ҳолда «Токио-2020» Олимпиадаси йўлланмаси йўлида қимматли 360 рейтинг очкосига ҳам эга бўлди. Қизиғи, ушбу вазн тоифасида ярим финалга бир йўла уч нафар япониялик дзюдочи етиб келди ва якунда Таканори Нагасе олтин медални қўлга киритди. У финалда ватандоши Сотаро Фуживарани мағлуб этди.

Японияга икки нафар аёл дзюдочимиз борганди, иккисининг ҳам омади чопмади. MVSK вакили, ўсмирлар ўртасида жаҳон, катталар ўртасида Осиё чемпиони Диёра Келдиёрова (-52 кг) қуръага кўра илк учрашувидаёқ ёшлар ўртасида амалдаги жаҳон чемпиони мўғулистонлик Сосорбарам Лхагвасуренга қарши келди. Беллашувда Сосорбарам ғолиб чиқди. Иккинчи вакилимиз Нодира Йўлдошева (-78 кг) ҳам ўзининг илк беллашувидаёқ франциялик Фанни Эстелле Посвитега имкониятни бой берди.

Осака «Катта Дубулға» турнирига деярли иккинчи таркиб билан борган Ўзбекистон терма жамоаси якунда биттадан кумуш ва бронза медалларини жамғариб, умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллади. 10 та олтин, 8 та кумуш ва 15 та бронза медалларга эгалик қилган Япония терма жамоаси эса таъқибчиларини катта фарқ билан ортда қолдирган ҳолда 1-ўринни қўлга киритди.

Расул ЖУМАЕВ

 

Информеры