2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

БРОНЗА МЕДАЛЬ УЧУН КУРАШ ДАВОМ ЭТАДИ

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати Суперлигасида мавсум якунланишига бир тур қолди. Чемпион ҳамда кумуш медаль соҳиби маълум, учинчи совриндор эгаси ва Суперлигани тарк этувчи жамоа сўнгги турда аниқланади.

Сўнгги тур олдидан пойтахтимизда «Тошкент дербиси» бўлиб ўтди. Чемпионликни аллақачон ҳал қилган «Пахтакор» учун ушбу баҳсда ҳеч бўлмаганда дуранг қайд этиш ва мавсумни мағлубиятсиз якунлаш вазифаси турган бўлса, «Бунёдкор» учун ғалаба қозониш ва бронза медаль учун курашишни давом эттириш масъулияти турганди. Албатта, бу ерда «Бунёдкор»нинг вазифаси юқорироқ эди ва «Пахтакор» стадионидаги ўйин ҳам шунга яраша кечди. Учрашувнинг дастлабки дақиқалариданоқ ҳужумга ўтган «қалдирғочлар» кетма-кет икки бор мезбонлар дарвозасини ишғол этишди – 0:2. Биринчи тайм охирида рақиб жамоа сардори Лутфулла Тўраевнинг хатосидан сўнг «Пахтакор» ҳисобдаги фарқни қисқартирди.

Иккинчи тайм ҳам қизиқарли кечди – ҳар икки дарвоза олдида кўплаб хавфли вазиятлар содир этилди, дарвозани ишғол қилишга келганда эса... футболчилар оқсашди. Ўйин поёнига яқинлашган бир пайтда Игорь Сергеев учрашувдаги иккинчи голини уриб, ҳисобни тенглаштирди ва жамоадошларини ўзбек футболига хос бир иллатга айланаётган «баҳс якунига етмасдан хотиржамликка берилиш»га чорлади. Бу иллат «Бунёдкор» аъзолари учун қўл келди – сўнгги дақиқаларда чемпион дарвозасини ишғол қилишнинг уддасидан чиқишди ва рақибини жазолаб, унинг мағлубиятсиз мавсумига чек қўйиш билан бирга бронза медали учун курашишни давом эттирадиган бўлишди: «Пахтакор» – «Бунёдкор» – 2:3.

Суперлиганинг қуйи поғоналаридаги жамоалар ўртасидаги рақобат ҳам кескинлашди. 12 учрашувдан буён ғалаба қозона олмаётган «Динамо» ўз майдонида «Сурхон»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. «Бухоро» эса ўз майдонида «Металлург» билан дуранг (0:0) ўйнади. Оқибатда АГМКга сафарда 4:1 ҳисобида ютқазган «Қизилқум» жамоаси ҳам 26-тур олдидан Суперлигани тарк этиши мумкин бўлганлар рўйхатига қўшилди. Демак, сўнгги турда «Бунёдкор» – «Сўғдиёна» учрашуви бронза медаль масаласини ҳал этса, қуйи поғонадагилар иштирокидаги ўйинлар ҳам мухлислар диққат-эътиборида бўлади.

25-турнинг қолган учрашувларида қуйидаги натижалар қайд этилди: «Сўғдиёна» – «Насаф» – 1:1, «Андижон» – Қўқон-1912 – 1:1, «Навбаҳор» – «Локомотив» – 0:1.

 

 

 

 

 

 

Тўпурарлар: Драган Черан («Пахтакор») – 19 та гол (6 таси пен.), Игорь Сергеев – 17 та, Зафар Полвонов (АГМК) – 15 та, Ҳумоюн Муртазоев («Насаф») – 14 та гол.

Сўнгги тур учрашувлари 30 ноябрь куни ўтказилади: «Бунёдкор» – «Сўғдиёна», «Локомотив» – «Пахтакор», «Насаф» – «Динамо», «Бухоро» – АГМК, «Андижон» – «Қизилқум», «Металлург» – «Сурхон», «Қўқон-1912» – «Навбаҳор».

Р. ЭРМУҲАММАД

 

Информеры