2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МУҲАММАД ЁҚУББЕК – ТУҒМА ҲАРБИЙ САЛОҲИЯТ СОҲИБИ

Юртимиз ва миллатимиз тарихида юксак ҳарбий маҳорат ҳамда жасоратда тенгсиз бўлган саркардалар кўплаб топилади. Туркистон халқлари тарихида ўчмас из қолдирган ана шундай сиймолардан бири Муҳаммад Ёқуббек Бадавлатдир (1820–1877 й.й.).
Муҳаммад Ёқуббек XIX асрнинг иккинчи ярмида Қўқон хонлиги ва Шарқий Туркистон ҳудудида катта ҳарбий ташкилотчилик ишларини олиб борган атоқли саркарда ва давлат арбоби сифатида машҳур бґлган. У манбаларда турлича, жумладан, «Муҳаммад Ёқуббек», «Ёқуббек Бадавлат», «Оталиқ Ғозий», «Қушбеги» каби номлар билан қайд этилган.

Муҳаммад Ёқуббек 1820 йилда Тошкент вилоятининг Пскент туманида Мулло Латиф (баъзи манбаларда Исматулло) оиласида туғилади. Айрим тарихий манбаларда ёзилишича, Ёқуббекнинг бобоси асли Қоратегиндан бўлиб, Самарқанд яқинидаги Даҳбедда таълим олган. Муҳаммад Ёқуббек туғилган пайтда унинг отаси Қўқон ҳукмдори Олимхон (1798–1810) томонидан Андижоннинг Капа қишлоғига сургун қилинган эди. У Олимхон вафотидан кейин яна Пскентга қайтади ва шу ерда вафот этади. Отадан ёш етим қолган Муҳаммад Ёқуббек амакиси, (баъзи тарихчилар ёзишича, тоғаси) Пскент қозиси Шайх Низомиддиннинг қарамоғида қолган. Аммо Муҳаммад Ёқуббек амакисининг оиласида қолишни истамай, чойхоналарда майда-чуйда ишлар қилиб юради. Унинг бу ишлари Шайх Низомиддиннинг обрўйига маъқул бўлмайди. Бинобарин, амакиси Муҳаммад Ёқуббекни тез орада Тошкентга олиб бориб, Бешёғоч даҳасидаги бир тўқувчига шогирдликка беради. Лекин Ёқуббекни тўқувчилик қизиқтирмайди ва тез орада яна Пскентга қайтиб, бу ердаги мингбоши Гадойбой хизматига киради. Ўсмирлик йиллари Ёқуббек ўзининг тенгқурлари орасида жисмонан бақувват, довюрак ва ақллилиги билан ажралиб, ҳарбий ишда унинг алоҳида салоҳияти кўзга ташланиб турган. Кейинроқ Хўжанд беги Муҳаммад Карим Қашқарийнинг хизматига ўтади. Аммо бир вақтлар Бухоро амири Насруллохоннинг хизматида бўлгани боис, Муҳаммад Карим Қашқарий 1843 йили Худоёрхоннинг қайнотаси Мусулмонқул томонидан ўлдирилган. Муҳаммад Карим Қашқарийнинг одамлари тарқалиб кетади, Муҳаммад Ёқуббек эса Тошкент ҳокими Азизбек ҳузурига бориб, унинг қўшинида йигит (отлиқ аскар) бўлиб хизмат қила бошлайди. Айни пайтда Муҳаммад Ёқуббекнинг амакиси Низомиддин Пскент қозилигидан Тошкент қозилиги лавозимига ўтказилган. Ўзаро урушлар оқибатида Азизбек Тошкент ҳокимлигидан олиниб, ўрнига Нормуҳаммад келади (Бу тарихий воқеалар «Ўтган кунлар» асарида ҳам акс этган). Нормуҳаммад қушбеги Муҳаммад Ёқуббекнинг синглисига уйлангач, унинг мансаб-мартабаси ошиб борган. 1845 йили Ёқуббек пойтахтга, яъни Худоёрхон саройига хизматга ўтади. Ҳарбий маҳорати ва жасурлиги учун хоннинг хос соқчиси этиб тайинланган. Қисқа вақт ичида Муҳаммад Ёқуббек элликбоши, юзбоши, понсатбоши каби лавозимларга кўтарилган.
1847 йили Ёқуббек Зиялик исмли қипчоқ қизига уйланиб, мазкур хотинидан уч нафар ўғил фарзанд (Худойқулибек, Бекқулибек ва Ҳаққулибек) кўради. Қипчоқ қизига уйланиши Ёқуббек мавқеининг ошишида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Кейинги бир неча йил ичида у Чиноз, Авлиё-ота (ҳозирги Жамбул), Оқмасжид каби қалъаларга ҳоким қилиб тайинланган.

МУҲАММАД ЁҚУББЕК ВА ОҚМАСЖИДНИНГ ИШҒОЛ ҚИЛИНИШИ

Маълумки, Чор Россияси 1852 йилдан Қўқон хонлиги ҳудудларига ҳарбий юриш бошлаган. Бу юришларда дастлабки нишон Қўқон хонлигининг шимоли-ғарбий чегарасида жойлашган Оқмасжид қалъаси бўлган. Бу пайтда Оқмасжид қалъаси беги Муҳаммад Ёқуббек эди. Фидойи саркарда Россия империяси қўшинларининг Оқмасжидга ва кейинги йиллардаги Қўқон хонлигига бостириб киришини олдиндан билган. 1847-1848 йиллар Хива хонлигига қарашли Жонхўжа ва Хўжа Ниёз қалъаси рус аскарлари томонидан забт этилгач, Муҳаммад Ёқуббек Худоёрхондан Оқмасжид мудофаасини мустаҳкамлаш учун мадад сўрайди. Аммо зарур ёрдам ололмаган. Оқибатда, 1850 йили Қўқон хонлигига қарашли Қўшқўрғон, Кумушқўрғон ва Чимқўрғон рус аскарлари томонидан босиб олинади.
Муҳаммад Ёқуббек юқорида айтилган қалъалардан 1700 нафар аскар тўплаб, жангга кирди. 1851 йили Сибирь казакларидан таркиб топган, замонавий қуролланган аскарлар Тўйчибек қалъасини вайрон қилиб, майор Энгман бошчилигида Оқчабулоқ яқинидаги Муҳаммад Ёқуббек лашкарлари билан тўқнашади. Бу жанг ҳақида тарихчи олим Ҳ. Зиёев шундай ёзади: «Дастлаб, қўқонликлар ҳамжиҳатлик билан рус аскарларини анча сиқиб қўйдилар. Аммо қаттиқ ўқ ёмғири остида уларнинг пиёда аскарлари тарқалишга мажбур бўлди. Фақат қўқонликларнинг отлиқларигина русларга қарши ҳужумни давом эттириб, найзабозлик қилдилар. Ўзаро отишмалар то қоронғи тушгунча давом этди» (Зиёев Ҳ. Туркистонда Россия тажовузи ва ҳукмронлигига қарши кураш. – Т., 1998. – Б. 94-95 ).
Россия империяси қўшинининг генерал-адъютанти А.Перовский Оқмасжид қалъаси ҳақида шундай деб қайд этган: «Бу қалъа Қўқон хонлигида Сирдарёнинг қуйи оқимидаги энг муҳим қалъалардан ҳисобланиб, бир неча ҳужумларни мардонавор қайтарган ва енгилмаслиги билан шуҳрат қозонгандир».
Биринчи марта рус қўшинларига қарши мардонавор жанг қилган Муҳаммад Ёқуббек ўзини йўқотиб қўймади. Орқага чекиниб, Оқмасжид қалъасини ҳарбий истеҳкомга айлантирди. Россия империяси қўшинлари 1852 йилда полковник Бларамберг ва граф Перовский бошчилигида Оқмасжидга ҳужум уюштирдилар. Лекин босқинчилар Оқмасжид қалъасини бир ой қамал қилиб, охири мағлуб бўлган. Мудофаачилар душман ҳужумларини мардонавор қайтариб, босқинчиларни чекинишга мажбур этишган.
Россия империяси қўшинлари бир йиллик тайёргарликдан кейин, 1853 йилнинг ёзида 17 та тўп, 3000 нафар замонавий қуролланган аскар билан Оқмасжидни яна қамал қилдилар. Тарихий ҳужжатлардан аён бўлишича, 1853 йилда Оқмасжид қалъаси ҳимоячилари 300 кишидан иборат бўлиб, шулардан 100 тасини отлиқлар ташкил қилган. Қалъа ҳимоячилари ихтиёрида бир ойга етадиган озиқ-овқат захираси, Қўқон ва Тошкентда ясалган 3 та тўп ва 20 га яқин эскирган қалъа тўплари бўлган. Қалъа деворларига ҳужум қилувчиларнинг устига ташлаш учун оғир ғўлалар осилган.
Оқмасжид рус аскарлари томонидан босиб олингач, Қўқон хонлиги ва Россия ўртасидаги муносабатлар кескинлашган.
Русларнинг Оқмасжидга қилган 1852 йилги муваффақиятсиз ҳужуми вақтида у ерда Муҳаммад Ёқуббек қўмондон эди. Бир йилдан сўнг, 1853 йилдагина рус қўшинлари Оқмасжид қалъасини эгаллашга муваффақ бўлган.
Шундай савол туғилади: саркарда Ёқуббек Оқмасжид мудофаасида мағлубиятга учраб, қалъани душманга топширганми? Йўқ. Саркарда бошчилигидаги ҳимоячилар душман ҳужумларини мардонавор қайтариб, босқинчиларни чекинишга мажбур этиб турган бир пайтда, яъни 1852 йилнинг 9 октябрида Тошкент ва Қўқонда машъум «Қипчоқ қирғини» юз беради. Бу воқеа қипчоқ қизига уйланган Муҳаммад Ёқуббек фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Энг таассуфлиси, хонликдаги ички сиёсий талотўплар натижасида асосий масала – ташқи душман хавфи ва юрт мудофааси масаласи деярли эътиборсиз қолади. Бу ҳақда «Ўткан кунлар» асарида муаллиф Юсуфбек ҳожи тилидан шундай ёзган: «…Биродарлар! Ўрус ичимиздан чиқадиргон фитна-фасодни кутиб, дарбозамиз тегида қўр тўкиб ётибдур. Шундай маҳшар каби бир кунда биз чин ёвга берадургон кучимизни ўз қўлимиз билан ўлдирсак, «Сен фалонсан», деб қирилишсак ҳолимиз не бўладир… Сиз ўз қипчоғингиз учун қабр қазиган фурсатда, сизга иккинчилар тобут чопадилар. Биз қипчоққа қилич кўтарганда, ўрис бизга тўп ўқлайдур…»
Ана шундай мураккаб бир вазиятда Тошкент ҳокими Нормуҳаммад қушбеги Муҳаммад Ёқуббекни Тошкентга чақиртириб олиб, ўзига ботирбоши қилиб тайинлайди. Нормуҳаммад қушбеги ўз мансабидан четлаштирилиб, Қўқонга чақирилган пайтда Ёқуббек ҳам у билан Қўқонга қайтган. Кейинроқ Муҳаммад Ёқуббек Хўжандга бек қилиб тайинланади. Афсуски, бу кўчишлар ва лавозимдаги ўзгаришлар ҳам силлиқ кечмайди. Бетиним фитна-фасодлар, тарафкашлик, илмсизлик, ғофиллик ва жоҳилият авжига чиққан даврлар эди. Муҳаммад Ёқуббек Хўжанд беги вазифасида турган вақтида, унинг устидан бўҳтон уюштиришади. Худоёрхонга, гўё Муҳаммад Ёқуббек унга қарши Ўратепа ҳокими Рустамбек билан бирга исён қилмоқчи, деган хабар келган. Худоёрхон уларни тутиб, тезда Қўқонга келтиришини буюрган. Аммо қўлга олинган Муҳаммад Ёқуббек кечаси арқонни тиши билан узиб, Сирдарёдан ўтиб, Бухорога кетади. Бу ерда бир неча йил вақтини ўтказган.
Ана шундай мураккаб пайтда, саркардасиз қолган ва атиги 300 та ҳимоячисининг барчаси тенгсиз жангда ҳалок бўлгандан кейингина, душман Оқмасжидга кира олган...

ТОШКЕНТНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

Худоёрхон тахтга ўтирган вақтида ҳали ёш бўлиб, давлат ишлари асосан унинг қайнотаси Мусулмонқул қипчоқнинг қўлида эди. Мусулмонқул хонликда қипчоқларининг таъсирини кучайтириб юборган. У Худоёрхонни доимо Тошкент беклигига қарши қайраб турган. Нормуҳаммад бундан қаттиқ норози бўлади. Нормуҳаммад қушбеги унвони билан Тошкентга ҳоким этиб тайинланганидан сўнг, Худоёрхонга бўйсунишдан бош тортган. Натижада, Мусулмонқул Худоёрхон билан Тошкентга қўшин тортиб борган. Лекин бу қўшин Тошкентга яқинлашганда, Андижоннинг Кетмонтепа мавзеида қароқчи тўдалар пайдо бўлганлиги ҳақида хабар келган. Мусулмонқул Худоёрхонни Тошкент яқинида қолдириб, бир қисм аскар билан Андижонга кетади. Нормуҳаммад эса Худоёрхонга қимматбаҳо совға-саломлар бериб, у билан ярашиб олади. Айни пайтда Худоёрхон Мусулмонқул таъсиридан қутилиш мақсадида қипчоқ қавмини хонликдан қувғин қилган. Шу жумладан, Мусулмонқул ҳам тутилиб, дорга осилади.
Худоёрхон Мусулмонқул назоратидан қутулгач, ўз хоҳишича иш кўра бошлайди. У давлат ишларига аҳамият бермай қўяди. Хонликнинг турли вилоятларида исён алангаси кучайди. Айниқса, 1858 йилги қозоқлар қўзғолони кенг тус олди. Хонликда ички вазият ҳам жуда кескинлашиб кетди: Қўқон–Бухоро ўртасидаги урушлар давом этди. Ана шундай сиёсий бошбошдоқлик шароитида Қўқон хонлиги тахти бир неча марта қўлдан-қўлга ўтди. Ниҳоят, Қўқон хонлигининг йирик амалдорларидан бири Алимқули мингбоши Маллахоннинг ўғли Султон Сайидни хон этиб, Қўқон тахтига ўтқазади. Ўзи эса, «Амирлашкар» унвони остида ҳаракат қилади.
Муҳаммад Ёқуббекнинг ҳарбий саркардалигини яхши билган Султон Сайид уни Бухородан чақиртириб олади. Муҳаммад Юнус Тойиб, «Тарихи Алимқули амирлашкар» асарида ёзишича, Муҳаммад Ёқуббек Алимқулининг яқин кишисига айланган ва унга яхши хизмат қилган.
Генерал Черняев Чимкентни эгаллаб, Тошкентга ҳужум бошлашни кўзлаб турган вақти эди. Айни вақтда Алимқули мингбоши Тошкент ҳокими Нормуҳаммадни олиб, ўрнига Мирза Аҳмадни ҳоким этиб тайинлаган. Черняев Тошкентни оз муддат қамал қилиб, орқага чекинади. Бу ҳарбий ҳийлани тушунмаган Тошкент ҳокими Мирза Аҳмад «руслар қочяпти», деб ўйлаб, уларнинг орқасидан қувлаб борган. Черняевнинг қўшини эса, бундан фойдаланиб, Мирза Аҳмад қўшинини қириб ташлайди. Бундан жаҳли чиққан Алимқули Муҳаммад Ёқуббекни чақириб, «Сиз Тошкентга, Мирза Аҳмад беақл қошига бориб, хабардор бўлинг, минбаъд мундоғ мажнунлик ва аҳмоқлик қилмасин. Мабодо, Русия аскари Тошкентга келса, шикаст ва хазина топиб, тўпи қўрғондан ташқарига чиқмасин. Қўрғонни сақласа кифоя, деб, кўп таъкид этиб жўнатди» (Муҳаммад Юнус Тойиб. Ўша асар. – Б. 218). Бир неча кундан сўнг, Черняев яна Тошкентни босиб олишни кўзлаб, йўлга чиқди. Унинг йўлга чиқишининг аниқ санаси 1864 йилнинг 27 сентябрида бўлиб, 8 рота, 100 нафар казак, 12 замбарак, 1500 аскар ва 400 қозоқ милицияси билан Тошкентга жўнаган (Зиёев Ҳ. Туркистонда Россия тажовузи ва ҳукмронлигига қарши кураш.-Т., 1998. – Б.143). 1864 йилнинг 1 октябрида Черняев Тошкент шаҳрининг шарқий томонидаги Дарвишак қопқа деган жойга етиб келади. Рус ҳарбийлари бу ерда Анҳор сувидан ўтиб, Чинобод ва Ҳожа Аҳрор вақф ерлари, яъни Оққўрғон орқали шаҳарга яқинлашиб, Қўқон йўлида жойлашадилар. Душман келаётганидан бохабар шаҳар аҳолиси девор устида жангга тайёр турган эди. 1864 йилнинг 2 октябрида икки томондан тўплардан ўқ узилди. Полковник Обух 2 рота ва 4 тўпи билан шаҳар деворни тешишга муяссар бўлди. Аммо шаҳар аҳолиси тинмай жанг олиб борди. Натижада, рус аскарлари чекинишга мажбур бўлди. Генерал Черняев шаҳар атрофидаги зовур бўйида шармандаларча мағлуб бўлди. 4 октябрь куни у ўз қўшинига Чимкентга қайтишга буйруқ берди.
Амирлашкар Алимқули бу пайтда Қўқон қўшини билан Оқжар қишлоғидан ўтиб, азим Сирдарёдан кечиб, Бободархонга қўнади. Кечга яқин Тошкентдан элчи келиб, рус аскарлари енгилганини айтади. Бу ҳақда Муҳаммад Юнус Тойиб шундай дейди: «Бободархонда амирлашкар ва мен иккавлон шўрбо ичиб турган вақтда, Юсуф Қашқарий деган йигит: «Тошкентни Чернаеф жондорол (генерал демоқчи, муаллиф) Русия аскари билан келиб қамаб, қўрғонга югурди ва жаноби (Ёқуббек) Бадавлат кўп ғайрат ва шижоат кўрсатди. Русиё аскарлари шикаст топиб қайтди», деган мазмунда ариза олиб келди. Амир лашкар «Қўрғондан ҳаргиз чиқманглар, деб батаъкид иноятнома бирла бу одамни қайтариб юборди» (Муҳаммад Юнус Тойиб. Ўша асар. – Б. 218).
Шундан сўнг Алимқули ўз қўшини билан Кандир довони орқали Келов манзилига, ундан сўнг эса, Тўқайтепага ва у ердан Тошкентга кириб келди. Тошкентнинг Мингўрик мавзеида икки кун туриб, бутун Тошкент аҳлини бу ғалабаси билан қутлади.

Шерали ҚЎЛДОШЕВ,
тарих фанлари номзоди.
Бахтиёр ҲАЙДАРОВ, журналист.
(Давоми бор).

Информеры