2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ВАТАН ҲИМОЯСИ – МУҚАДДАС БУРЧ

 

Подполковник Рустам Пўлатов командирлик қилаётган ҳарбий қисмда Жиззах вилояти ҳудудидаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари иштирокида ўқув-услубий йиғин бўлиб ўтди. Унда асосий эътибор ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлашдаги устувор вазифаларга қаратилди.

Дарҳақиқат, армиямизнинг бўлғуси аскар ва офицерларини чақириққача бўлган даврда тайёрлашнинг ўрни ва аҳамияти, уларнинг мазкур машаққатли касбни танлашга онгли ёндашиши нақадар муҳим. Бу хусусда сўз борар экан, Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 22 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида таъкидлаб ўтган фикрларини келтирсак айни муддао бўлади.

«...таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда аҳолининг кенг қатламлари, жумладан, ҳарбий хизматчилар ва Қуролли Кучларимиз фахрийларини жалб этган ҳолда, ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишларни фаоллаштириш, бўлғуси аскарларнинг онгу тафаккурини, юртимиз тарихига оид билимларини ошириш, жисмоний чиниқтириш талаб этилади. Ҳарбий хизмат, ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва армиямизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан мамлакатимиз фуқароларини хабардор этишда оммавий ахборот воситалари ва Интернетнинг миллий тармоғи имкониятларидан фаол фойдаланиш зарур. Бу борада расмиятчилик ва юзаки ёндашувларга йўл қўймаслик, ёшларимиз қалбида Ватанимизга чуқур меҳр-муҳаббат, унинг Қуролли Кучлари билан ғурурланиш ва ҳарбий хизматга ҳурмат туйғусини тарбиялаш лозим».

Ўқув-услубий йиғин давомида белгилаб берилган ушбу устувор вазифаларни амалга оширишда ўрта махсус касб-ҳунар таълим муассасаларининг ҳарбий қисм ва муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаши муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Шунингдек, ҳарбий округ масъул офицерлари иштирокчиларга миллий армиямизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар ва ўзгаришлар хусусида қимматли маълумотларни етказишди. Ушбу маълумотлар чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанидан ўтказиладиган машғулотларнинг қизиқарли ва мазмунли ўтишини таъминлашда қўл келиши эътироф этилди.

Йиғин доирасида ўқитувчилар билан Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртига саёҳат ташкил этилиб, уларнинг ҳарбий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар борасида ёрқинроқ таассуротга эга бўлишлари таъминланди.

Ўз мухбиримиз

Информеры