2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ОЙДИН КЕЧАДАГИ ҚУЁН ОВИ

 

Кулранг, қизғиш кўринишдаги тоғ қуёнларининг нозик ва юпқа териси қуюқ жун қопламидан иборат бўлиб, мўйнасининг узунлиги ва ранг-туси йил фаслларига қараб ўзгариб туради. Йил давомида улар фаол бўлишади. Асосан мўйнаси ва гўшти учун овланади. Гўшти овқатлар ичида энг тўйимлиларидан бўлгани учун уларга тулки ва оқсувсарлар ҳам хавф солиб туради. Шалпанг­қулоқ тоғ қуёнлари хавф-хатар туғилганида худди ер тагига кириб кетгандек дарров биқиниб олишади. Бу тиниб-тинчимас жонивор қишда жингил, юлғун, саксовул кабиларнинг шох-шаббаси ва буталар пўстлоғини ғажиб озиқланади. Йилнинг қолган фасл­ларида дарахтнинг яшил қисмлари, ўсимлик илдизи ва пиёзчаларини хуш кўради.

Кенг сайҳонликда қор кўрпаси узра деярли ҳеч нарса қимирламасди. Ерда кавуш ботгулик қор бор. Қош қорая бошлаган пайт машинада юқорилаб борарканмиз, олдимизга бир қуён сакраб чиқди-да, чироқ нурида кўзи қамашганидан бир неча лаҳза туриб қолди. Кейин йўл ёқасидаги буталар орасига кириб ғойиб бўлди. У бошдан-оёқ кулранг, момиқ жун билан қопланган эди. Қиш охирлаб, баҳор нафаси сезилиб қолган бўлса-да, ҳали қишки кийимини ўзгартирмабди. Биз вақтни бой бермаслик учун дарҳол машинадан тушиб, чироқ ёруғида унинг ортидан эргашдик. Кўп ўтмай изларини йўқотиб қўйдик.

Изғирин шамол ва аёз қулоқ-бурунни чимчилар, ҳали олдинда бизни нималар кутаётганини билмасдик. Қуённинг тобора баландга ўрлаб изидан яна қайтиб келишига ишонганимиздан сабр-тоқат билан уни пойлашга тушдик. Негаки, ҳамроҳимиз Фар­ҳод амаки ов олдидан қуёнлар атрофдагиларни чалғитиш мақсадида тўрт-беш қадам ён томонига сакраб изини йўқотиши ва албатта, юриб ўтган йўлидан қайтиши ҳақида сўзлаб берганди.

Машинамиз томон энди ўгирилган ҳам эдик, «тирс» этган товуш қулоққа чалинди. Бундан Фарҳод амаки ҳеч ҳам таажжубга тушмади. Чунки у қуёнларнинг жо­йидан сакраб қўзғалишини шундан билар экан. Жонивор кўз очиб юмгунимизча жуфтакни ростлаб қолганди. Шу тобда ҳамроҳим бешотарини тўғрилаб, бироз узоқлашган жониворни ўққа тутди. Қулоқни қоматга келтирувчи гумбурлаган овоздан сўнг қуён шу заҳотиёқ ўзини четга олиб, жон таслим қилди.

Овнинг навбатдаги туни ой тўлишган, кеча сутдек осуда эди. Машинамизни пастда қолдириб қоя томон кўтариларканмиз, тош уюмларидаги ёриқ-тирқиш ва буталар тагидаги инларида қуёнларнинг дам олиб ётганлигининг устидан чиқдик. Одатда, улар ўзларига қарашли ҳудудда қанча озуқа борлигига қараб бир-бирларидан маълум масофада оила-оила бўлиб яшар, то зим-зиё қоронғилик тушмагунича ташқи оламга кўриниш бермасди. Лекин Фарҳод амаки уларнинг ёрқин тоғ қуёши нурларида соатлаб исинганлигини бир неча бор кузатган экан. Егулик сероб жойда улар ҳам кўп. Урғочилари озуқа керагидан кўп бўлиши учун кўпинча якка-ёлғиз юради. Тўда бўлиб юришганини учратиш мушкул.

Кўпайиш олдидан урғочиси буталар тагидаги инини хас-хашак ва жунини юлиб тўлдиради. Қуёнчалар дунёга келгач, сут билан боқа бошлайди. Миттивойларга иссиқ вужуд, мўйна ва она ғамхўрлиги зарур. Ҳиди атрофга унчалик сезилмаганлигидан йиртқичлар эътиборини жалб қилмайди.

Бир қуённинг харсанглар оралиғида эндигина ниш урган майсаларни чимдиб озиқланаётганини кўриб қолдик. Бизни пайқаб қолган жонивор бир зумда тошлар уюми оралиғига кириб кетди. Яна кутиш ва теварак-атрофга зийраклик билан қулоқ тутишимизга тўғри келди. Орадан икки соатча вақт ўтиб, унинг ўтириб олиб бизни томоша қилаётганлигидан ҳайратга тушдик. Лекин унга қанчалик яқинлашмайлик таслим бўлмас, ҳамон илгарилаб борар, қувлаш учун эса катта куч керак. У дам-бадам тўхтаб, атрофга олазарак боқарди.

Ўша ойдин тунда қуён ортидан изма-из юриб тонг ёришганини ҳам сезмай қолибмиз. Ниҳоят, у қўйлар подаси юриб ўтган изга тушиб бизни чалғитмоқчи бўлди ва пода изи билан ўнг ён томон қолиб, сўлга, чамаси беш қадам наридаги ёйиқ тош устига чиқиб олди. Энди жонивор тамоман ҳолдан тойган, қўрққанидан қулоқларини қапиштириб олганича тош устида ўтириб-турар, аъзои бадани қалтирарди. Афтидан, қочиб қутулолмаслигига энди кўзи етганди. Ўлжани осонликча қўлга олишга муваффақ бўлдик.

Овнинг сўнгги кунида қордаги изларда олдинги оёқ панжаларининг чуқурроқ ботганлигига қараб шалпангқулоқларнинг бу ердан хотиржам, бамайлихотир юриб ўтганлиги ва унча кўп узоққа кетмаганлигини пайқадик. Дарҳақиқат, ҳеч вақт ўтмай тепаликда пайдо бўлишгач, уларни бирин-кетин нишонга олдик. Жароҳатланганларидан бири думалаб пастга туша бошлади. Қизиғи, паст­даги қуён ўрнидан туриб, жуфтакни ростлаб қолди. «Ё тавба, нишонга олганимиз тирилиб кетдими?» – дея ҳаммамиз ҳайрон бўлдик. Аслида у бута тагида биқиниб турган унинг шериги экан. Хуллас, ўша куни овимиз бароридан келиб кўпчилик шалпангқулоқ қуёнлар биздан қочиб қутулолмади.

Абдулла САИДОВ

Информеры