2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЯРИМ ЙИЛНИ ҲАВОДА ЎТКАЗАДИ

 

2011 йилда Швейцария орнитология институти тадқиқотчилари олтита оқиш қоринли узунқанотларга уларнинг ҳаракатланиш йўналишини қайд қилиб борувчи датчиклар боғлаб қўйдилар. Оқиш  қоринли узунқанотлар, яъни оғирлиги 100 граммдан бироз ортиқ бўлган кичик қушчалар ёз мавсумини Европада ўтказадилар ва шу ерда болалайдилар, қишда эса минг-минглаб километр масофага парвоз қилган тарзда Африкага кўчиб ўтадилар. Зоолог олимларнинг мақсади узунқанотлар ана шу кўчиб ўтиш вақтида қанча қувват сарфлашини ўрганиш, шу билан биргаликда, бу қушлар айнан қандай учишини, ҳавода қанча вақт давомида бўлиши ва дам олиш учун неча маротаба тўхташини аниқлашдан иборат эди. Аммо олимлар бир йилдан сўнг қайтиб келган узунқанотлардан датчикларни ечиб олганларида ақлга сиғмайдиган ҳолатга гувоҳ бўлдилар, яъни бу қушлар  қишлаш даврида умуман ерга қўнмаганликлари маълум бўлди. Узунқанотлар 200 кундан ортиқ вақт мобайнида Ғарбий Африка осмонида парвоз қилиб юрганлиги қайд этилди. Олимлар ўрнатган датчиклар қушлар ҳаракатини узлуксиз режимда ёзиб бормаган, аммо икки кўрсаткич орасидаги тафовут бор-йўғи 4 дақиқани ташкил этган, бу вақт ичида эса  улар дам олиш учун қўнишга улгуриши қийин эди. Хўш, нега узунқанотлар болалашдан бошқа  даврда ерга қўнишни истамайдилар? Ахир улар ҳам барча жонзотлар сингари ухлашлари керак-ку? Парвоз вақтида ухлаб  олишга ҳам эришадиларми? Балки бу ҳолат қушларнинг озиқланиш хусусиятлари ва ўзларини ердаги йиртқичлардан сақлашга интилишлари билан боғлиқдир? Бу ва шунга ўхшаш саволларга жавоб топиш истагида бўлган мутахассислар тадқиқотларни давом эттирмоқдалар.

Информеры