2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

РЕЖА ТУЗУВЧИ МАЙМУНЛАР

 

Суматра оролида яшовчи орангутан маймуни бирон жойга боришни истаб қолса, саёҳат олдидан ўзи бормоқчи бўлаётган тарафга қараб узоқ вақт давомида қичқиради. Уни маймунлар тўдасининг бошқа аъзолари эшитадилар ва «сайёҳ»га қўшилиш ёки қўшилмасликни ҳал қиладилар. Эркак орангутанларнинг бундай ғалати  одати ҳақида Цюрих университети (Швейцария) тадқиқотчилари PLoS ONE веб-сайтида ёзганлар. Ўз ҳаракатларини режалаштириш қобилияти фақат баъзи ҳайвонларда бор, деб ҳисобланади. Жумладан, одамсимон маймунлар ва баъзи қушлар шундай қобилиятга эга, аммо улар бу қобилиятни фақат тутқунликда ва экспериментал шароитларда намойиш қилганлар. Бу ҳайвонлар эркинликда ўзларини қандай тутишларини текшириш учун  зоологлар бир неча кун давомида ёввойи орангутанларни кузатдилар ва уларнинг саёҳат вақтида чиқарган барча товушларини қайд қилиб бордилар. Тадқиқотлар мобайнида асосий эркак маймун узоқ вақт  бақириши,  унинг овозини 1 километр масофада ҳам бемалол эшитиш мумкинлиги ва бу қичқириқнинг йўналиши эса у эртаси куни борадиган томонга йўналтирилиши  аниқланди. Қизиғи шундаки, бундай хусусият фақат кечки «қўшиқ»­ларда кузатилган. Кундузги қичқириқлар эса ҳаракат йўналиши билан боғлиқ бўлмаган. Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, кун давомида бош эркак маймун эртага қаерга бориш ҳақида ўйлайди ва кечқурун бу ҳақда атрофдагиларга маълум қилади.

Информеры