2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

СУВ МУАММОСИ ГЛОБАЛ ХАВФ(МИ?)

 

ЭКОЛОГИК ҲАЛОКАТ

Тошкентда VI Умумжаҳон сув форумига тайёргарлик доирасида минтақавий конференция ўтказилганида Президентимиз иштирокчиларга табрик йўллаб, жумладан, шундай деган эди: «XXI аср бўсағасида Ўрта Осиё халқлари учун, сайёрамизнинг бошқа кўплаб минтақаларида бўлгани каби, сув ресурсларидан оқилона ва адолатли фойдаланиш масаласи муҳим ҳаётий аҳамият касб эта бошлади. Чунки ўтган асрнинг иккинчи ярмида йирик трансчегаравий дарёлардан узоқни ўйламай фойдаланиш оқибатида минтақамиз экологик ҳалокат ёқасига келиб қолди».

Барчага маълум бир ҳақиқат бор. Бу ичимлик сувидан фойдаланиш имкони инсоннинг энг асосий ҳуқуқи эканидир. Шу маънода сув тақчиллиги энергетик ва молиявий инқироздан ҳам хавфлироқ. Глобал экологик таҳдидлар қаторида бекорга ичимлик суви билан боғлиқ муаммо кўтарилмаяпти. Демак, эндиги мавзу дунёда сув билан боғлиқ долзарб масалага қаратилади.

Дунё тарихи – урушлар тарихи, дейди бир танишим. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, инсоният бойлик, хазина, ерга эгалик қилиш учун бир-бири билан қирпичоқ бўлганини билиш мумкин. Яқин юз йилликда буларнинг ёнига сув масаласи қўшилса, ажабланмаган бўлардим.

БИР КИЛОГРАММ  КАРТОШКА БАҲОСИ

Маълумотларга юзлансак. Статистиканинг кўрсатишича, Ер сайёрасидаги  сув захирасининг 97 фоизи шўр. Демак, 3 фоизгина чучук сув бор, шундайми? Йўқ. Негаки,чучук сувимизнинг 2 фоизи Гренландия музликларида ва ернинг чуқур қатламларида. Ана энди чўтда қолган рақамга ажабланиб қараяпсизми? Дунё­даги чучук сувларнинг бир фоизигина дарё­лар, кўллар, ирмоқлар ва бошқа манбалар улушига тўғри келаркан.

Ана ўша атиги бир фоизгина ҳам тобора камайиб бормоқда. Хўш, бунинг сабаблари нимада? Аввало, қишлоқ хўжалигида сувга бўлган эҳтиёж ортяпти. Аслида,оби ҳаётнинг энг кўп истеъмоли ҳам мазкур соҳага тўғри келади. Унутмаслик керакки, Одам ато авлодлари кўпайиб бориши ўз навбатида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари истеъмолини, уни ишлаб чиқариш заруратини оширади. Қисқаси,чучук сувнинг 70 фоизга яқини сизу бизни боқаётган ерга, яъни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга сарфланяпти. Айрим мисолларга юзланайлик.

Бир килограмм картошкани етиштириш учун 1000 литр сув зарур бўларкан. Энг зарур озуқалардан бири буғдойнинг бир килограммини ўстириш учун 1450 литр сув сарфланишига нима дейсиз? Товуқ гўштининг бир килограммига 4600 литр оби ҳаёт сарфланишини эса тасаввур ҳам қилмасак керак. «World Water Development» ташкилоти маълумотига таянадиган бўлсак, бир тонна мол гўштини етиштиришга 15 мингдан 70 минг тоннагача сув керак бўлади.

Мана энди масала моҳиятини тушунгандирсиз. Демак, сув истеъмоли деганда фақат кундалик чанқоғимизни қондириш ёки гигиеник эҳтиёж тушунилмайди. Дейлик, бир ойда 10 килограмм картошка истеъмол қилсангиз, 10 тонна сувни ҳисобдан ўчираверсак бўлади. Буни йилга кўпайтирсак, сизу бизнинг биргина картошка истеъмол қилишимиз учун 120 тонна сув сарфланган бўлиб чиқяпти-да. Фақат картошка билан ошқозонни алдаб бўлмайди-да. Демак, истеъмол қиладиган бошқа озиқ-овқат маҳсулотларимизга сарфланадиган сув миқдорини миядаги «ҳисоблагич»да  айлантирсак, пешонадан совуқ тер чиқиб кетади. 

Сувнинг саноат мақсадларидаги сарфи ҳам чакки эмас. Жаҳондаги умумий сув истеъмолининг 22 фоизи саноат улушига тўғри келаётган экан. Маълумотларнинг кўрсатишича, 2025 йилга бориб,саноат истеъмолининг ўртача даражаси 24 фоизга чиқиб оларкан. Тўғри, саноат эҳтиёжига ишлатиладиган сувдан такрор фойдаланиш мумкин. Ҳатто,кўпгина ривожланган мамлакатларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунлар шуни тақозо қилади. Аммо ривожланаётган мамлакатларда-чи? Афсуски, уларнинг аксариятида такрор фойдаланиш оқилона йўлга қўйилмаган.

Озиқ-овқат саноатида маҳсулотларни қайта ишлаш учун ҳам сув сарфланишини яхши биласиз. Қизиғи шундаки, тайёрланиш технологияси, маҳсулот тури ва бошқа омилларга қараб оби ҳаёт кўп ёки кам ишлатиларкан. Масалан, АҚШда 1 тонна нонни тайёрлашга 2 тоннадан 4 тоннагача сув ишлатилса, Европада 1 тонна етарлидир. Айрим мамлакатларда эса 600 литр­гача сув сарфланади. Канадада мева ва сабзавотларнинг 1 тоннасини консервалашга  10 минг литрдан 50 минг литргача сув ишлатилади. Сув танқис бўлган Исроилда эса бу кўрсаткич 1,5 мингдан 4 минг литр­гача бориши мумкин экан. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деб тўғри айтишган-да. 1 тонна қанд лавлагини қайта ишлашга Исроилда 1800 литргача, Францияда 11 минг, Буюк Британияда эса 15 минг литргача сув сарфланаркан.

Қоғоз ишлаб чиқариш саноати ҳам сув «истеъмоли» бўйича қолишмайди. Францияда 1 тонна қоғоз ишлаб чиқаришга 150 тонна, АҚШда 236 тонна сув керак бўларкан. Швецияда эса 1 тонна юқори сифатли қоғоз ишлаб чиқариш учун 1 миллион литр сув сарфланаётганига нима дейсиз?

Ёнилғи саноатини оладиган бўлсак, 1000 литр юқори сифатли авиация бензини ишлаб чиқаришга 25 тонна, автомобиль бензинига эса 10 тонна сув зарур экан.

Тўқимачилик саноатини оладиган бўлсак, 1 тонна пахта газлама ишлаб чиқаришга 10–25 тоннагача сув сарфланади. Жун газлама эса 40 тоннагача сувни сарфлашга сабаб бўлади. Синтетик газлама учун эса янада кўпроқ сув ишлатилади. Яъни 1 тонна маҳсулотга 2 миллион литр. Металлургия саноати, электр қуввати ишлаб чиқариш, хуллас, оби ҳаёт ва унинг сарфи билан боғлиқ соҳа йўқ деса ҳам бўлади.

ОБИ ҲАЁТ УЧУН УРУШЛАР

 Дунёни энергетик ресурслар учун эмас, чучук сув учун кураш билан боғлиқ геосиёсий ларза кутмоқда. Япониянинг Беппу шаҳрида сув муаммоларига бағишлаб илк бор ўтказилган Осиё–Тинч океани саммитида БМТ бош котиби Пан Ги Мун сўзга чиқиб, дунё сув учун бўладиган урушлар ёқасида эканини баён қилди. «Сув тақчиллиги иқтисодий ва ижтимоий тараққиётга таҳдид солиб, уруш ва тўқнашувларнинг потенциал манбаидир», деган жумладан бош котиб.

БМТ маълумотларига кўра,ер юзи аҳолисининг учдан бир қисми оби ҳаёт етишмайдиган ҳудудда яшаркан. 1,1 миллиард киши эса саломатлиги учун яроқли сувга эга эмас. Ҳатто,Европа ҳудудида 100 миллионга яқин киши тоза ичимлик сувидан баҳраманд эмас.

Мутахассисларнинг фикрича, сув билан боғлиқ инқирознинг зарбаси Осиё–Африка мамлакатлари  «гардани»га тушиши мумкин. Ҳатто,ҳозирданоқ бунинг аломатлари сезиляпти. Масалан, Африкада саҳролашув  тўқнашувларни келтириб чиқаряпти.

Атроф-муҳит барқарорлиги ва сув ресурслари бўйича махсус лойиҳалар билан шуғулланадиган Тинч океани институти президенти ва ҳаммуассиси Питер Глик раҳбарлигида тадқиқотлар ўтказилган. Унга мувофиқ,2010-2013 йиллар оралиғида сув туфайли дунёда 41 та қарама-қаршилик келиб чиққан. Океания минтақасида 1 та, Осиёда 6 та, Лотин Америкасида 8 та, Африкада 11 ва Яқин Шарқда 15 та ҳолат қайд этилган. Гарчи бу тўқнашувлар замирида диний, сиёсий ва иқтисодий омиллар бўлса-да, алалоқибат сув ресурсларига эгалик қилиш учун курашга айланиб кетди.

ТРАНС ЧЕГАРАВИЙ ҲАВЗАЛАР

Дунёда сув манбалари бир нечта суверен давлат ҳудудидан ўтган минтақалар бор. Айнан ана шундай ҳудудларда тўқнашувлар келиб чиқиш хавфи юқори. Маълумотларга кўра, дунёда трансчегаравий характерга эга 261 та дарё ҳавзаси бўлиб, улардан 145 та мамлакат фойдаланишади. Уларнинг учдан бир қисмидан икки ва ундан ортиқ мамлакатлар, 19 тасидан эса беш ёки ундан ортиқ мамлакатлар биргаликда фойдаланишяпти. Сув ресурсларидан умумжаҳон фойдаланиши тўғрисидаги маърузада сўнгги 50 йиллик давр таҳлил қилинган. Маълум бўлишича, бу муддат оралиғида 307 та ҳодиса қайд қилиниб, уларнинг 37 тасида куч ишлатилган. Аниқроқ қилиб айтганда, уларнинг 21 тасида ҳарбий ҳаракатлар ишга солинган. Шу ўринда мисолларга ҳам мурожаат этсак. Масалан, Исроил, Иордания, Сурия ва Фаластин ўртасида сувдан биргаликда фойдаланиш сабабли келиб чиққан можароларни келтириб ўтиш мумкин. Сўнгги 50 йил  мобайнида ўзаро қўшни бўлган бу мамлакатлар ўртасида 18 та ҳарбий тўқнашув айнан сув муаммосидан келиб чиққан.

Меконг дарёси узунлиги бўйича дунёда ўнинчи ўринда туриб, Хитой, Таиланд, Лаос, Камбоджа, Вьетнам, Мьянма мамлакатлари ҳудудидан ўтади.  Ўтган асрнинг 60-йилларида дарёнинг қуйи ўзани жойлашган мамлакатлар ўртасида низо келиб чиқди. Яъни Таиланд ва Лаос дарё орқали электр энергиясини ишлаб чиқариш, Камбоджа ва Вьетнам эса қишлоқ хўжалигини ривожлантириш тарафдори. 1995 йилда имзоланган битим ёрдамида бу низо бартараф этилди.

Марказий Осиё мамлакатлари собиқ тузумдан табиий ресурсларни беқарор бошқариш, шунингдек коммунал, саноат манбалари ва ерларни суғоришда фойдаланилган сувлар ҳисобига зарарланиш каби мураккаб экологик муаммоларни мерос қилиб олганини таъкидлар экан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари, юридик фанлар доктори А.Турсунов шундай дейди: «Аёнки, трансчегаравий дарёларнинг юқори оқимларида жойлашган давлатларнинг янги гигант гидроиншоотлар қуриш ҳаракатлари сув ҳавзаларининг қуйи қисмидаги давлатларга жиддий зиён етказиб, минтақадаги мураккаб экологик аҳвол янада ёмонлашишига олиб келади. Марказий Осиё фаол сейсмик зона эканини ҳисобга олсак, тўғонларнинг хавфсизлигини таъминлаш муаммоси ҳам юзага чиқади.

Шундай экан, трансчегаравий дарёлар бўйида гидротехника иншооти қуриш учун барча қўшни давлатлар билан бамаслаҳат иш тутиш, халқаро экспертларнинг холис экспертизасини ташкил қилиш, уларнинг тўғонлар хавфсизлиги кафолатлангани ва экологияга путур етмаслиги тўғрисидаги хулосасини олиш зарур».

Дарҳақиқат, айрим қўшни давлатларимизнинг минтақадаги ҳозирги мураккаб экологик вазиятга лоқайд муносабатда бўлаётгани, сейс­мик жиҳатдан фаол ҳисобланган ҳудудларда улкан ҳажмдаги ГЭСлар қуришга уринаётгани минтақа хавфсизлиги ва тараққиётига таҳдид солиши мумкин. Шу сабабли, мазкур муаммонинг ечими трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш бўйича ҳар томонлама пухта ўйланган ёндашув ва қарорларга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Шу маънода Президентимиз таъкидлаганларидек, минтақамиз халқлари учун трансчегаравий дарёлардан умумэътироф этилган халқаро меъёрлар ва қоидалар асосида фойдаланишни кафолатлайдиган, ҳар бир томон учун тенглик, ўзаро манфаат ва адолатни таъминлайдиган самарали минтақавий ҳамкорлик механизмларини яратиш ҳаётий муҳим аҳамият касб этяпти.

Хуллас, истеъмол исрофга айланиб бораверса, оқилона қарорлар қабул қилинмаса,2025 йилга бориб,дунёда 5 миллиардга яқин киши сув танқислигидан азият чекиши мумкин экан. Муаммо юзасидан хулосани ўзингизга қолдирамиз, замондош.

                                                                                                     И.ҚУРБОНОВ тайёрлади.

Информеры