2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ГУЛЛАРИ ҲАМ ШИФО

 

Ҳозирги даврга келиб,йил давомида дас­турхонимиздан аримайдиган, кўплаб кишилар севиб истеъмол қиладиган сабзавотлардан бири бодрингдир. Ушбу бир йиллик палакли ўсимлик сабзавот тури сифатида истеъмол қилина бошлаганига олти минг йилдан ошганлиги мутахассислар томонидан аниқланган. Бодрингнинг ватани – шимоли-шарқий Ҳиндистондир. Одатда тарвуз ва қовуннинг пишгани, бодрингнинг эса пишмагани қадрли ва мазалидир. Аммо пишиб етилган бодринг ҳам шифобахш бўлиб, жигар хасталиклари, айниқса, сариқ касаллигида катта наф келтиради.

Бодринг таркибининг 95-98 фоизи сувдан иборат. У тоза, мусаффо сув сифатида эътироф этилади. Агар инсон қаттиқ, яъни водопровод кранидан оқадиган сувни истеъмол қилса, қон томирларининг деворида ноорганик моддалар тўпланиб қолади. Бодринг эса уларни ювиб тушириш хусусиятига эга. У табиий пешоб ҳайдовчи воситадир. Айни вақтда бўғин ва бод касалликларини даволашда ҳам қўл келади.

Бодрингнинг сабзи ва лавлаги ширалари билан аралашмаси ўт пуфаги, жигар, буйрак ва бошқа аъзоларни тозаловчи омил бўлади. Унинг таркибидаги пектинлар ошқозон-ичак фаолиятини яхшилайди ва холестеринни танадан ҳайдаб чиқаради. Шунингдек, унда калий, кремний каби  моддаларнинг борлиги тери, соч, тишларни соғлом ҳолатда сақлаш ва турли касалликларнинг олдини олишда беқиёсдир. Енгил ҳазм бўладиган йод ҳам мавжудлиги боис, уни кўп истеъмол қилинса, қалқонсимон без касалликларининг ҳам  олди олинади.

Энг қизиқарлиси, бодрингнинг ҳатто гуллари ҳам шифобахшдир. Гулларининг қайнатмаси безгак хасталигини даволашда қўлланилади. Бодрингнинг таом ҳазм қилишда, айниқса, оқсилли озиқларни парчалашда нафи кўп. Гўштли таомларнинг бодрингли салатлар билан дастурхонга тортилиши сабаби ҳам шунда.

Бодринг таркибида карбон сувлари, оқсил, темир, фосфор, каротин, В1, С (аскорбин кислотаси) каби моддалар ва витаминлар бор. У иштаҳани очади, ёғлар ва оқсиллар сўрилишида ёрдам беради. Бодринг сурги дори сифатида ҳам ишлатилади.

Халқ табобатида янги шираси асабни тинчлантирувчи, ошқозон-ичак хуружида оғриқ қолдирувчи восита сифатида қадр­ланади. Ширасини асалга аралаштириб истеъмол қилинса, юқори нафас йўллари ва йўталда даво бўлади.

Майдаланган бодринг терининг куйган жойига қўйилса, малҳам бўлади. Бодринг шираси ва сувдаги дамламаси (кўкиш қобиғи билан) юздаги баъзи пигмент­симон доғларни кетказишда қўлланилади. Яна шуни ҳам таъкидлаш мумкинки, бодринг косметикада оқартирувчи ва тозаловчи восита сифатида фойдаланилади.

С. ПЎЛАТОВ тайёрлаган.

Информеры