Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

ИСТИҚЛОЛИМИЗ, ИСТИҚБОЛИМИЗ ҚОМУСИ

 

 

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган илк кунларданоқсиёсий, маънавий, иқтисодий, ижтимоий жабҳаларда демократик ўзгаришлар юз берди.

Юртимизда демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қурилиши бошланди. Бу туб ўзгаришлар 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституциямиз орқали ўзининг ҳуқуқий ифодасини топди. Бугун Асосий Қомусимиз йигирма бир ёшга тўлди. Ҳар йили юртимизда бу кун ўзгача шукуҳда нишонланади.

Конституциямиз ташкил топганлигининг йигирма бир йиллигига бағишлаб алоқачилар ҳарбий қисмида «Конституция – барқарор тараққиётимиз кафолати» мавзуида бўлиб ўтган тадбирда ҳам иштирокчилар мана шу жиҳатлар ҳақида тўхталиб ўтишди. Унда Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти марказий кенгаши раисининг ўринбосари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосари Мажид Умаров, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси раиси, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзоси Шерзод Ғуломов, Халқ таълими вазирининг ўринбосари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзоси Абдуғани Холбоев иштирок этишди.

СЕРМАЗМУН СУҲБАТ

Ҳарбий қисм ҳудудига кириб келган меҳмонларни бир гуруҳ муддатли ҳарбий хизматчилар кутиб олишди. Тадбир бошлангунга қадар аскарлар ва меҳмонлар ўртасида суҳбат бўлиб ўтди. Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти марказий кенгаши раисининг ўринбосари М.Умаров аскарлар билан мулоқоти давомида бундан қирқ йил аввал айнан ушбу ҳарбий қисмда хизмат қилганлигини айтиб, ўша пайтдаги ва ҳозирги шароитлар ўртасида катта фарқ борлигини ҳамда буларнинг қадрига етишни таъкидлади. Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Ш. Ғуломов ҳарбий хизматчилар билан суҳбатлашар экан, уларнинг келажакдаги режалари билан қизиқди ва Бош Қомусимизда юртимиз ёшларига катта эътибор қаратилганлигини, айнан уларнинг Ватанимиз тинчлиги йўлида ўтаётган муддатли ҳарбий хизмат ҳам Конституциямизда белгилаб берилгани ва бу ҳар бир ўзбек йигити учун шараф эканлигини айтди.

– Бугунги тадбирга нафақат ҳарбий хизматчиларни, балки ҳарбий шаҳарчада истиқомат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини ҳам таклиф қилдик, – дейди подполковник Аваз Қорабоев. – Мақсадимиз уларнинг ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, Конституциянинг қабул қилиниши ўзбек халқининг озодлик, эркинлик ва демократик, ҳуқуқий жамият қуриш йўлидаги тантанаси эканлигини уларнинг онгига чуқурроқ сингдиришдир.

«МУСТАҚИЛЛИК ПОСБОНЛАРИГА ҲАВАС ҚИЛАМАН»

«Ҳуқуқий давлатнинг асосий  белгиси – барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, Конституция ва қонунларнинг устунлиги таъминланишидир»,дея таъкидлаган эди мамлакатимиз Президенти ўз нутқида.

Дарҳақиқат, давлатимиз Конституцияси – инсонларнинг озод ва обод яшаш, меҳнат қилиш, илм олиш, сайлаш ва сайланиш каби ҳуқуқ ҳамда эркинликлари кафолатидир.

– Мана йигирма бир йилдирки Конституция юртимизда ижтимоий-сиёсий тотувликни, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоя қилинишини таъминлаб келмоқда. Бир сўз билан айтганда, Бош Қомусимиз осуда ҳаётимизнинг ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда, – дейди Ўзбекис­тон Журналистлар ижодий уюшмаси раиси, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзоси Шерзод Ғуломов. – Конституциямизнинг ғояси, асосий принцип ва қоидалари умумэътироф этилган халқаро талаблар билан бирга, халқимизнинг минг йиллар давомида шаклланиб келган миллий қадриятларини ҳам ўзида мужассам этганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Тадбир давомида ҳарбий хизматчиларга бу ҳақида янада кенгроқ маълумотлар бердик. Шунингдек, тадбир иштирокчиларига давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 24 октябрдаги Қарори билан Мудофаа вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Жамоатчилик кенгашининг вазифалари, мақсади ва бугунги фаолияти ҳақида ҳам сўзлаб бердик. Ҳарбийликдек шарафли касбда фаолият юритиб, юрт корига елка тутаётган Ватан ҳимоя­чиларига, мустақиллик посбонларига ҳавас қиламан. Албатта, бундай имконият ва шароитлардан унумли фойдаланиб, ҳар бир инсон ўз ҳаёт йўлини муносиб белгилаб олиши лозимлигини учрашув мобайнида ҳарбий хизматчиларимизга алоҳида таъкидлаб ўтдим.

–  Конституциямизда биз ёшларнинг ҳам ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолатланган, – дейди оддий аскар Аҳрор Мирзақулов. – Бугунги тадбир орқали бу борада янада кўпроқ билимга эга бўлдик. Ўзим ҳам маърузачиларга бир қатор саволлар билан мурожаат қилиб, керакли жавоб ва шарҳларни олдим. Бу хизматим мобайнида менга асқотиши табиий.

Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли санъаткорлари, таниқли эстрада хонандаларининг дилтортар куй ва қўшиқлари, мафтункор рақслари тадбирга янада файз ва байрамона кайфият бағишлади.

Аҳрор ОЧИЛОВ

Информеры