2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

СОҒЛОМ БОЛА – СОҒЛОМ ЖАМИЯТ, ПОРЛОҚ ИСТИҚБОЛДИР

 

Мамлакат қудратини белгилайдиган омиллар кўп. Уларнинг энг асосийларидан бири, бу – шу юртда вояга етаётган юксак маънавиятли, жисмонан соғлом, ҳар томонлама баркамол авлоддир. Зеро, эл-юртнинг истиқболи бугун камолга етаётган ёшлар қўлида.Бугунги кундаюртимизда спортни, айниқса, болалар спортини ривожлантириш умуммиллий ҳаракатга айланди ва бу ўз самарасини бериб, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги мавқеини йил сайин юксалтирмоқда.

Кечагидек эсимда, бундан 18 йил олдин айни қиш чилласи пайтида бирдан ҳаво очилиб, баҳорий насимлар эса бошлади. Бу барча қатори қалам аҳли бўлган биз журналист­ларга ҳам руҳий таъсир кўрсатди ва бир гуруҳ ҳамкасблар дам олиш кунларидан бирида тўпланиб, футбол ўйнамоқчи бўлдик. Қиш ҳукми боис яхшилаб жойланган спорт кийимларимни ўша куни эрталаб  сандиқдан қидиришга тушдим ва оёқ кийимим йиртиқлигига гувоҳ бўлиб, ярим лойқа майдонда футбол бошлангунга қадар уйимга яқин спорт дўконларидан янгисини харид қилишга шошилдим. Афсуски, ўша куни бир эмас, пойтахтимиздаги бир неча марказий спорт дўконларига кириб овораи сарсон бўлдим. Бутси ёки кета нари турсин, дўкон пештоқларида спорт кийим-кечаклари ва асбоб-анжомларини учратиш қийин эди. Спорт дўконларидаги сотувчилар футболдан кечикаётган харидорнинг саволларига елка қисибгина қўйишди, ортидан «Рўзғорингизга тоғора олсангиз бўлмайдими, тоғора бор», деб жавоб қилишди ва бу «Халқ сўзи» газетасида «Гантелми, тоғора?» номли фельетоннинг («Халқ сўзи», 1996 й., 25 январь) чоп этилишига сабаб бўлди.

Бугунчи?! Изоҳга ҳожат йўқ. Спорт билан шуғулланмоқчимисиз, марҳамат. Фасллар аҳамиятсиз, ҳаттоки қишнинг қор-қировли, изғирин совуғида ҳам енгилгина спорт кийимлари билан иссиққина залларда бемалол тўп суришингиз ёки спортнинг исталган тури билан шуғулланишингиз мумкин. Ҳар бир маҳаллада пайдо бўлган сунъий қопламали спорт майдонлари эса лой, турли чанг-ғуборлардан холи. Улар доим ёшлар билан гавжум, болаларнинг шўх-шодон кулгусию берилиб тўп тепишаётганини кўриб, яна болаликка қайтгинг, улар даврасида бўлгинг келади. Қандай ажойиб давр! 

Юртимиз фуқароларининг спортга бўлган муносабати ҳам бугунги кунда кескин ўзгарган. Бундан йигирма йил олдин кўпчилик ота-оналар болаларининг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишига «самарасиз машғулот, шунчаки вақт йўқотиш» сифатида қарарди. Аниқроғи, спорт таълим-тарбия билан мутаносиб эмасди, яъни спорт тўгарагига бериш қарорига келишдан олдин ота-она боласининг келгусидаги таълимидан кўз юмиши, ё спортни, ё таълимни танлаши лозим эди. Зеро, у пайтлари қишлоқларда спорт заллари, майдон ва тўгараклар деярли йўқ бўлгани боис шаҳар ёки туман марказига етаклаб келинган бола спорт секциясига мураббий ва йўриқчилар томонидан асосан жисмонан бақувватлиги, муайян спорт турига мойиллиги ва қобиллигига қараб танланарди. Агар бола машғулотларга кўникиб, мураббийлар кўрсатмаларини ўзлаштириб кетса ва мусобақалар давомида турли жароҳатлардан фориғ бўлса, у спортчи сифатида улғаярди, акс ҳолда… келажагига путур етган «ҳеч ким»га айланарди. Чунки у пайтлари спорт секцияларида боланинг таълим олиш жараёни бирмунча эътибордан четда қоларди, «спорт – аввало соғломлик, соғлом турмуш, баркамол авлод ёки соғлом жамият учун хизмат қилиши лозим» деган тушунчалар ҳаёт тарзимизга бирмунча ёт, «спорт – спорт учун» тушунчаси устуворроқ эди. Эндиликда одамлар орасида жисмоний    тарбия ва спортга муносабат кескин ўзгарган, «спорт боланинг нафақат саломатлигини мустаҳкамлайди, балки зарарли иллатлардан уни ҳимоялайди, характерини  тоблайди, баркамол этади» каби тушунчалар кундалик ҳаётимизнинг узвий бир қисмига айланди. Спорт – ўғил-қизларнинг баркамол бўлиб вояга етишида, уларда мустаҳкам ирода, ғалаба ва аниқ мақсад сари интилиш, қийинчиликларни енгиш руҳини тарбиялашда, қалби ва онгига ватанпарварлик, эл-юртга садоқат, фахр-ифтихор туйғуларини сингдиришда кучли восита эканлигини англаган кўпчилик ота-оналар бугунги кунда болаларини спорт мажмуаларига етаклаб боряпти ёки болалари уларни шунга ундаяпти. Чунки бугун юртимизнинг нафақат шаҳар ёки туман марказларида, балки олис қишлоқларида ҳам спорт билан мунтазам шуғулланиш учун кенг имкониятлар, шароитлар мавжуд, халқимиз жисмоний тарбия ва спортга жисмонан бақувват, маънавий баркамол авлодни тарбиялашнинг муҳим омили сифатида муносабат билдирмоқда. Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакатимизда болалар спортини таълим-тарбия билан мутаносиб равишда изчил ривожлантириш умуммиллий ҳаракатга айланди ва у бош ғоя – «Ўзбекистон – келажаги буюк давлат» ижобати сари интилишимизнинг ажралмас бир қисмидир.

ХХI аср бошида Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш, болалар спортини ривожлантиришнинг ноёб тизимига асос солинди. Унинг ташкил этилишидан кўзланган асосий мақсад ёшларимизни эзгу фазилатлар асосида тарбиялаш, ҳар томонлама соғлом, ҳеч кимдан кам бўлмаган баркамол авлодни воя­га етказишдир. Давлатимиз раҳбарининг 2002 йил 24 октябрдаги «Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жам­ғармасини тузиш тўғрисида»ги ва 2004 йил 29 августдаги «Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари ҳамда 2010 йил 5 майда қабул қилинган «Болалар спорти объектларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори болалар спортини ривожлантиришда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилганидан буён ўтган давр мобайнида мамлакатимизда улкан ишлар амалга оширилди. Жамғарма томонидан жойларда ҳудуд аҳолиси, спорт машғулотига жалб этиладиган болалар миқдори ва ёши эътиборга олинган ҳолда спорт иншоотлари ва сузиш ҳавзаларини қуриш, рекон­струкция қилиш ва капитал таъмирлаш, спорт залларини зарур анжомлар ва инвентарлар билан жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилди. Яқинда Ўзбекистон Миллий матбуот марказида ўтказилган, айнан шу масалаларга бағишланган матбуот анжуманида таъкидланишича, 2003–2013 йиллар давомида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан мамлакатимизда 1 минг 814 та иншоот фойдаланишга топширилган. Шундан 1 минг 488 таси болалар спорти иншооти, 230 таси болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда 96 таси сузиш ҳавзаларидир. Эътиборлиси, уларнинг 80 фоизга яқини қишлоқларда барпо қилинган.

Яна бир жиҳат, жаҳон олимлари «спорт турлари орасида фойдалилик коэффициенти бўйича энг мақбули – сузиш» деб эътироф этишаётган бир пайтда юртимизда ушбу спорт турини оммалаштириш ва ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор бериляпти. Хусусан, сўнгги беш йил давомида мамлакатимизда намунавий лойиҳалар асосида 14 та янги, замонавий ёпиқ сузиш ҳавзаси барпо этилиб, 13 та сузиш ҳавзаси қайтадан қурилган, 83 таси капитал таъмирланган. Айни пайтда 200 дан ортиқ сузиш ҳавзаси ёшлар ихтиёрида. Бундай кенг имкониятлар болаларнинг сув спорти турлари – сузиш, син­хрон сузиш, сувга сакраш, ватерпол билан оммавий равишда шуғулланиши учун кенг йўл очмоқда. Ҳозир 13 минг нафардан ортиқ ўғил-қиз мазкур спорт турлари билан мунтазам шуғулланаётир.

Болалар спорти объектларини зарур спорт инвентарлари ва ускуналари билан жиҳозлаш ҳам ҳавас қилса арзигулик. Фойдаланишга топширилаётган болалар спорти объектлари, авваламбор, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган замонавий спорт жиҳозлари билан таъминланмоқда. Зеро, бугунги кунда 120 турдаги спорт инвентарларининг 116 таси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмоқда.

Мамлакатимизда баркамол авлодни вояга етказишнинг муҳим воситаси сифатида спортни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ўзининг юксак самараларини бера­ётир. Спорт ёшларимиз ҳаётига тобора чуқур кириб бораётгани, минглаб йигит-қизлар спорт билан шуғулланишни кундалик вазифасига айлантиргани уларнинг жисмоний ҳолатига, саломатлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, 2005–2011 йилларда мутлақ соғлом болалар мамлакат бўйича 52,7 фоиздан 62,9 фоизгача ўсди, сурункали касалликларга чалинган болалар сони  эса кескин камайди. Ўғил ва қиз болаларнинг ўртача бўйи ва вазни ошмоқда. Ҳарбий хизматга чақирилган ёшлар орасида хизматга ло­йиқ деб топилганлар сезиларли даражада ортгани ҳам бу борадаги ишларнинг амалий натижасидир.

Бугунги кунда мамлакатимизда 1,8 миллион ўғил-қиз  спортнинг 30 дан зиёд тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, ўз иқтидор ва маҳоратини муттасил ошириб бораётган ёшлар терма жамоаларимиз сафида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги юзи, халқимизнинг фахр-ифтихори бўлмоқда. Жумладан, 2013 йилда Германия, Франция, Италия, Хитой, Польша, Болгария, Малайзия, Таиланд, Миср, Эрон, Озарбайжон каби бир қатор мамлакатларда ўтказилган дзюдо, теннис, шахмат, бокс, оғир атлетика, енгил атлетика, таэквондо, эркин ва юнон-рум кураши, байдарка ва каноэда эшкак эшиш каби спорт турлари бў­йича 39 та халқаро мусобақада 439 нафар ўқувчи-ёш иштирок этиб, 68 та олтин, 67 та кумуш, 100 та бронза медалини қўлга киритди. Улар сафида Марказий ҳарбий спорт клуби тарбияланувчилари ҳам бор. Бу муваффақиятлар замирида, албатта, Президентимизнинг ташаббуси билан ўтказиб келинаётган уч босқичли спорт ўйинлари – «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада мусобақалари ётибди. Бошқа мамлакатларда учрамайдиган уч босқичли спорт ўйинлари Ўзбекистон байроғини баланд кўтарадиган, юрт шаъни, халқ ғурури учун курашадиган маҳоратли спортчиларни тарбиялашда ўзига хос мактаб вазифасини ўтамоқда. Ҳар йили мазкур мусобақаларда кашф этилаётган юзлаб ёш спортчилар халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётир. Жумладан, 2011 йилда Мексикада бўлиб ўтган миллионлар ўйини – футбол бўйича ўсмирлар (U-17) ўртасидаги жаҳон чемпионатида ёш футболчиларимиз кўрсатган натижа таҳсинга лойиқдир. Ўсмирлар терма жамоамиз дунёнинг энг кучли 24 терма жамоаси қаторида иштирок этиб, Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилди ва кучли саккизликдан жой олди. Орадан икки йил ўтиб, Туркия мезбонлик қилган ёшлар (U-20) ўртасидаги жаҳон чемпионати майдонларида МДҲ давлатлари орасида фақат Ўзбекистон ёшлари пайдо бўлди, боз устига улар мундиалда укаларининг муваффақиятини такрорлаган ҳолда дунёнинг миллиардлаб футбол мухлисларининг ҳам эътиборини тортди – жаҳон аренасида «Ўзбекистон» деб аталувчи «спорти жадал ривожланаётган давлат» пайдо бўлаётганига яна бир карра амин бўлишди.

Ёш шахматчимиз Нодирбек Абдусатторов 2012 йили Словениянинг Марибор шаҳрида 8 ёшдан 18 ёшгача шахматчилар ўртасида ўтган жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритиб, сайёрамизнинг энг ёш жаҳон чемпиони, деб эътироф этилиши, нур устига аъло нур бўлиб қўшилди. Фазлиддин Очиловнинг кенжа ўғли Нодирбек ўзбек гроссмейстери – Рустам Қосимжонов жаҳон шахмат тожини қўлга киритган 2004 йилда туғилган. Балки ўша пайтда бу оиладагилар қисқа фурсат – орадан саккиз йил ўтиб, Нодирбекнинг ҳам ана шундай юксак мартабага эришишини хаёлига келтирмагандир.

Бундай муваффақиятларни санайверсак, унинг адоғи кўринмайди. Лекин шу нарса аёнки, яна беш, ўн йиллардан сўнг Ўзбекистон  жаҳон спорт аренасида кучли мавқега эга бўлиши аниқ. Ўғил-қизларни спортга жалб қилишдаги бундай юксалиш, энг аввало, болалар спортининг баркамол авлодни тарбиялашда бош мезонга айлангани ва яратилаётган кенг шароитлар билан боғлиқлигини бугун жаҳон жамоатчилиги эътироф этмоқда. Юртимизда соғлом ва баркамол авлод вояга етаётгани, ўз истеъдоди ва маҳорати билан жаҳон ареналарида улкан муваффақиятларни қўлга киритаётган кўплаб ёш спортчилар етишиб чиқаётгани спортни, хусусан болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасидир. Чунки бугун униб-ўсиб келаётган фарзандларининг ҳар томонлама баркамол авлод бўлиб ҳаётга кириб боришини ўзи учун энг улуғ, энг муқаддас мақсад, деб билган мамлакатгина халқаро ҳамжамиятда муносиб ўрин эгаллай олади.

Расул ЖУМАЕВ

Информеры