2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МУСАФФО ОСМОНИМИЗ ҚЎРҒОНЛАРИ

Шарафли ва масъулиятли бурчини садоқат ва матонат ила адо этаётган ҳарбий хизматчиларимиз машғулотларда маҳоратларини ошириб, вазифалари бўйича билим ва кўникмаларини янада бойитиб боришяпти.
Айни дамда ҳарбий учувчиларимиз ҳам ўқув машғулотларини юксак савияда ўтказиб, мусаффо осмонимизнинг тинчлигини сақлашга интилишяпти. Маълумки, мамлакатимиз Президентининг ташаббуси билан ташкил этилган, мустақиллик меваси ҳисобланмиш Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти бугун кўплаб ҳарбий учувчи ва техник-муҳандисларни етказиб бермоқда. Мазкур олий ҳарбий таълим муассасасини битказган ўғлонларимиз она Ватанимиз ва мусаффо осмонимиз сарҳадлари осойишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда.
– Ҳарбий учувчиларимиз амалий машқларда билим ва маҳоратларини оширишяпти, – дейди подполковник Аваз Ҳотамқулов. – Бугунги машқлардан кўзланган асосий мақсад олинган билимларни амалиётда қўллаб, юқори натижаларни қайд этиш, жанговар шайликни таъминлаш ҳамда қў¬йилган вазифаларни қуруқликдаги қўшинлар билан ҳамкорликда сифатли ва юксак савияда бажаришдан иборатдир.
Учиш майдони. Бу ерда ҳарбий учувчилар, авиация муҳандислари ва гуруҳ техниклари парвозга ҳамда ўқув машғулотига катта тайёргарлик кўришмоқда. Бир гуруҳ мутахассислар вертолётнинг техник созлигини текширишаётган бўлишса, яна бир гуруҳи уни ёнилғи ва электр билан таъминлаш ишларини амалга оширишмоқда. Маълумки, парвозга қадар бўлган тайёргарликда гуруҳ техникларининг ҳам масъулияти катта. Уларнинг ўз ишини пухта бажариши парвоз хавфсизлиги ва сифатини, жанговар вазифанинг муваффақиятли бажарилишини таъминлайди.
– Парвозгача бўлган техник тайёргарлик ишларини сифатли ўтказишга интиламиз, – дейди техник гуруҳи бошлиғи капитан Анвар Маматқулов. – Бунда жанговар самолётнинг техник созлиги, радиоэлектр ва электр жиҳозларининг нуқсонсиз ишлаши, қурол-аслаҳаларининг шайлигига асосий эътиборни қаратамиз. Ҳар бир ишимизни диққат билан босқичма-босқич амалга оширамиз. Бунинг учун гуруҳ техниклари билан доимий равишда машғулотлар ўтказилади.
Ҳарбий учувчилар тиббий кўрикдан ўтиб, парвоз майдончасига етиб келганидан сўнг, саф кўриги бошланди. Бунда уларнинг тиббий варақаси, кийими, ҳужжат ва жетони, иш режаси, йўналиш харитаси текширувдан ўтказилди. Саф кўригидан сўнг учувчилар махсус тайёрланган майдончада учиш олди машқларини бажаришади ва уларнинг билимлари синалади. Машғулотдан кейин учувчилар муҳандис ва гуруҳ техниклари билан биргаликда самолётни яна бир бор техник кўрикдан ўтказишди. Буйруқдан кейин ўз жойларини эгаллаган ҳарбий учувчилар самолёт кабинасидаги жиҳозларнинг созлигини кўздан кечириб, бошқарув пункти билан алоқа боғлашди. Маълумки, бошқарув пункти ходимлари ҳаводаги ҳаракатни, учиш ва қўниш жараёнини назорат қилишади ва бошқаришади. Шунингдек, ҳарорат, шамол йўналиши, учиш майдончасининг тозалиги каби маълумотларни ўз вақтида аниқлаб, учувчиларга етказиб туришади. Бу ерда учишларни бошқариш гуруҳи раҳбари майор Нодирбек Ҳайдаров етакчилигидаги мутахассислар ўз вазифаларини сифатли ва аниқ бажариб, парвоз хавф¬сизлигини таъминлаш ва жанговар шайликка муносиб ҳисса қўшиб кел¬япти. Шунингдек, қисмда фаолият юритаётган метеорология хизмати ходимларининг ҳам учиш ва қўниш хавфсизлигини таъминлашдаги хизматларини алоҳида айтиб ўтиш лозим. Метеорология хизмати бошлиғи майор Абдураим Қулметов, катта лейтенант Жамшид Холмуродов, лейтенант Рихситилло Сагдуллаев кабилар зиммаларига юклатилган вазифани юксак савияда бажаришга интилишяпти.
Маълумки, 2013-2014 ўқув йили шиорида доимий жанговар шайлик билан бирга жанговар ва ахборот технологияларини моҳирона қўлланилиши ҳақида ҳам тўхталинган. Мамлакатимиз Президентининг Ватан ҳимоячиларига йўллаган табригида эса замонавий телекоммуникация технологияларини амалиётга татбиқ этиш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича ҳам вазифалар қўйилган. Шундан келиб чиқиб, қисмда авиация тренажёри мажмуаси фаолияти йўлга қўйилган. Бу ерда учувчилар худди ҳаводаги каби парвозларни амалга ошириб, билим ва кўникмаларини бо¬йитишади.
– Замонавий компьютер технологияси билан жиҳозланган мазкур мажмуа ҳар томонлама қулайлиги билан ажралиб туради, – дейди авиация тренажёри бошлиғи капитан Абдулазиз Акбаров. – Мажмуада учувчилар бошланғич билимларни, малака ошириш, таътил ёки узоқ хизмат сафарларидан кейинги машғулотларни, жуфтликда учиш машқларини, ҳар хил об-ҳаво шароитларида учиш, самолётни учишга тайёрлаш, бошқариш, учиш ва қўниш машқларини бажариб, маҳоратларини оширишади. Шунингдек, мазкур мажмуада ҳавода юзага келган носозликларни бартараф қилиш, жанговар вазифаларни бажариш бў¬йича ҳам машқлар олиб борилади ва ёш учувчиларнинг тажрибаси бойитилади.
…Парвоз олди тайёргарлик ишлари тугаганидан сўнг, самолётлар бирин-кетин қўзғалди. Осмон узра гуриллаган овозлар янграмоқда. Ҳарбий учувчилар белгиланган режа бўйича парвоз машқларини бажаришмоқда. Самода турли машқларни бажараётган ҳарбий учувчиларнинг маҳоратига тан бермасдан илож йўқ. Берилган вақт мобайнида ҳарбий учувчилар самолётда белгиланган масофага учиб, қўйилган вазифани юксак даражада бажаришди. Кун давомида улар бир неча бор парвоз қилиб, маҳорат ва кўникмаларини оширишди. Шунингдек, мазкур машқлар яқинда барча қўшин турлари билан ҳамкорликда ўтказиладиган кенг қамровли дала-ўқув машғулотлари олдидан синов ва тайёргарлик вазифасини ҳам ўтади.
Майор Шерзод Дадабоев 2002 йилда Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртини тугатган. У шу кунга қадар кўплаб парвозларни амалга ошириб, билим, тажриба ва кўникмасини ҳар томонлама оширишга улгурган.
– Ҳарбий учувчиликка қизиқишим ёшлигимдан бошланган, – дейди у биз билан суҳбатда. – Сабаби, отам Шерали Дадабоев учувчи бўлиш орзуси билан улғайган, аммо соғлиги туфайли бу орзуси амалга ошмаган, у менинг айнан учувчи бўлишимни истаганлиги учун ёшлигимдан шу касбга қалбимда ҳавас уйғота олган. Олий ҳарбий таълим муассасасида ўқиб юрган кезларимда илк парвозни амалга оширганман. Шу куни қалбим ҳаяжон ҳамда қувонч билан тўла эди. Дарҳол уйга хабар бериб, қувончимни яқинларим билан баҳам кўрганман.
Машғулотларнинг кейинги кунлари ҳам ҳарбий учувчилар қўйилган жанговар вазифаларни муваффақиятли бажариб, билдирилган юксак ишончни шараф билан оқлашди.
Ҳа, ҳарбий учувчиларимиз айни кунларда ўтказилаётган ўқув машғулотларида янада фаол иштирок этиб, янги тажрибаларни ўзлаштиришдан, маҳорат ва кўникмаларини ошириб боришдан асло чарчашмаяпти. Зеро, улар она Ватанимизнинг муносиб қалқонлари бўлиб, юртимиз тинчлиги, мусаффо осмонимиз осойишталиги ва халқимиз фаровон ҳаётини таъминлашга масъул эканликларини юракдан англаб, бурчларини шараф ила ўташга интилишяпти.


Аҳрор ОЧИЛОВ

Информеры