2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МАЪНАВИЙ ТАҲДИД, АХБОРОТ ХУРУЖИ ВА ЁШЛАР

Хабар ёки ахборот ҳамма замонларда ҳам инсон ҳаётида муҳим ўрин тутган. Одам ҳаёти ёки жамиятда ёки биз чекини билмайдиган коинотда бўладиган ҳодисалар, инсон шахси хусусиятидаги ўзгаришлар, жонли ва жонсиз табиатдаги ҳолатлар ҳақидаги маълумотлар ҳар қандай одамни фикрлашга, ўз ҳаёти ёки яшаётган муҳити билан қиёслашга ундаши аён ҳақиқат. Онгли мавжудот ҳамиша (яхши бир) хабарга, сўзга муҳтож. Иккинчи жаҳон уруши йилларида бир шеър машҳур эди. У «Сенга мендан хабар берсалар...» деб бошланарди. Бу ибора ҳозир ҳам ўз қийматини йўқотмаган бизнингча.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети ҳарбий кафедрасида «Олий таълим муассасалари ҳарбий кафедраларида ва ҳарбий академик лицейларида ахборот хуружига қарши қўшимча чора-тадбирлар» мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Ҳарбий кафедралар ва ҳарбий академик лицейлар бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари иштирок этган анжуманни сенатор, Ўзбекистон миллий университети ректори Ғофиржон Муҳамедов кириш сўзи билан очди.
Биз яшаётган уйимизнинг деразасини вақти-вақти билан очиб, уни шамоллатиб турамиз. Хонага тоза ҳаво билан бирга чанг-тўзон ҳам кириб келади гоҳида. Бу ҳолатда нима қилиш кераклигини яхши биламиз. Худди шунингдек, жамият ривожи учун дунё илм-фани ва янгиликларини қабул қилаётганимизда ҳар хил кўринишдаги ахборот ва маълумотларга дуч келамиз. Шунда унинг рост ёки ёлғонлигини ажрата билиш, информацияни кўр-кўрона қабул қилмаслик талаб этилади. Агар шундай бўлмаса, интернет жамиятга жуда катта зарар келтиради. Сенатор Ғ.Муҳамедов шундай фикрлар билан сўзини тугатганидан кейин Мудофаа вазирининг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосари полковник Н. Мулабаев сўзга чиқиб, ҳар қандай чегарани бузиб ўта оладиган ахборот хуружларининг хавфи, у аҳолининг барча қатламини, ҳатто ҳарбий хизматчиларни ҳам четлаб ўтмаслиги, бунинг учун зарурий чораларни кўриш лозимлиги ҳақида гапирди. Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раисининг ўринбосари Мажид Умаров ҳам анжуман мавзуси ҳақида ўз мулоҳазаларини баён қилиб, бу борада Жамоатчилик кенгаши олиб бораётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берди.
Шундан кейин анжуманнинг асосий маърузачиларига навбат берилди. Уларнинг фикр-мулоҳазалари билан қисқача танишинг.

Подполковник Аброр АРТИКОВ,
Ўзбекистон Миллий университети ҳарбий кафедраси бошлиғи:
ОГОҲЛИК – ДАВР ТАЛАБИ
Бугунги дунёнинг геосиёсий манзараси ва унда кечаётган жараёнлар бизни сергакликка чорлайди. Яшаётган давримиз дунёда ғоявий қарама-қаршиликлар мураккаб тус олган, мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам кучлироқ бўлиб бораётган даврдир.
Тарихда мавжуд чегараларни ўзгартириш, муайян ҳудудларни босиб олиш учун 15 мингдан зиёд урушлар бўлиб ўтган. Биргина ХХ асрнинг ўзида инсониёт 1200 га яқин урушларни бошидан кечирган. Урушлар доимо катта муаммоларни туғдирган. Таассуфки, урушлар ва қарама-қаршиликлар бугун ҳам тинчигани йўқ. Бу масала доимо кишини огоҳликка ундайди. Айниқса, бугунги кунда халқаро майдонда турли сиёсий кучлар ўзининг миллий ва стратегик режаларига эришиш учун «эркинлик ва демократияни олға силжитиш» ниқоби остида амалга ошираётган, узоқни кўзлаган сиёсатнинг асл моҳияти ва мақсадларини ўз вақтида сезиш, англаш муҳим аҳамият касб этади. Ана шундай вазиятда халқимизни, ёшларимизни турли ахборот таҳдидларидан асраш, ҳозирги мураккаб замонда халқаро майдонда содир бўлаётган жараёнларнинг туб моҳиятига етиб бориш, улар ҳақида холис фикрга эга бўлиш бугуннинг долзарб масалаларидандир.
Мутахассисларнинг эътирофича, инсоният бугунги кунда янги ахборот инқилобини бошдан кечирмоқда. Бу жараён ахборот узатиш усулларининг кўпгина томонларини ўзида синтез қилган замонавий компьютер технологияларига асосланган.
Оммавий ахборот воситалари – одамлар онги ва ҳиссиётларига, тафаккур тарзига, хулқ-атворига таъсир кўрсатишида катта имкониятларга эга. ОАВ орқали амалга ошириладиган ва катта маблағ талаб қилмайдиган ғоявий таъсир ва тазйиқнинг ўзига хослиги шундаки, у ўқувчи, тингловчи ёки томошабинга сездирилмасдан амалга оширилади ва бевосита қурбонларни келтириб чиқармайди. Ахборот душманни йўқ қилмаган, катта харажатни талаб этмаган ҳолда юқори самара беради.
Интернет бугунги ахборот маконининг муҳим бўғинига айланди. Интернет кишилар ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Шу билан бирга, интернет бир қатор салбий жиҳатларни ҳам келтириб чиқарди. Унда ёшларимиз онгига таъсир этувчи ўз-ўзини ўлдиришнинг осон йўлларини тар¬ғиб қилувчи 9 мингта, эротик мазмунга эга 4 мингдан зиёд сайтларнинг мавжудлиги ҳам исботлаб турибди. Мавжуд сайтларнинг 12 фоизи порнографик характерга эга. Шунинг¬дек, мутахассислар маълумотларига кўра, интернет орқали тарқатиладиган компьютер ўйинларининг 49 фоизи сезиларли даражада зўравонлик ва ёвузлик кўринишига эга.
Интернетдан манфаатдор ижтимоий-сиёсий кучлар ғараз мақсадларда ҳам усталик билан фойдаланаётганини таъкидлаш зарур. Интернет ғоявий кураш ва тарғиботнинг асосий майдонига айланмоқда. Диний-экстремистик қарашларни тарғиб қилиш ва кенг ёйишда интернет сайтлари фаол роль ўйнамоқда. Бундай сайтлардан жамиятда тегишли ижтимоий фикрни шакллантириш ва қарама-қарши томонга психологик таъсир кўрсатиш, қўрқитув, ваҳима тарқатиш орқали ички иккиланишни келтириб чиқаришдек мақсадлар кўзланади.


Улуғбек ИДИРОВ,
сиёсий фанлари доктори:
ХАЛҚАРО ХАВФСИЗЛИК ВА ДЕМОКРАТИЯ
Бугунги дунёнинг сиёсий, ижтимоий манзараси кўп жиҳатдан мураккаб бўлиб турган бир пайтда мамлакатларнинг демократик тараққиёти олдида ҳам жиддий тўсиқлар пайдо бўлмоқда. Зеро, демократия ғояси ва демократия принципларига зид бўлган тенденциялар сайёрамизнинг турли нуқталарида тобора кучлироқ намоён бўлмоқда.
Ўзининг ғаразли миллий манфаатларини қондириш мақсадида қулай геосиёсий жойлашувдан фойдаланиш имкониятларига эга бўлиш, геостратегик ва бошқа бойликларни қўлга киритишга бўлган интилиш, бугунги кунда «ранг¬ли» ёки «юмшоқ» инқилобларни амалга оширишга ёрдам берувчи ҳомийларнинг асосий мақсадига айланганлиги ҳеч кимга сир эмас. Аслида, демократия ниқоби остида иш кўрувчи «ранг¬ли инқилобчи»ларнинг у ёки бу мамлакатнинг демократлашуви ва шу асосда барқарор тараққий қилиши билан ҳеч қандай иши йўқ. Бу ўринда улар томонидан ҳужум объектига айлантирилган мамлакат ёки минтақада беқарор вазият келтириб чиқарилса бас.
Маълумки, Сербияда 2000 йилда бўлиб ўтган «гуллар инқилоби», 2003 йил Грузияда, 2004-2005 йиллларда эса Украинада юз берган «сариқ инқилоб»лар аслида «рангли инқилобчиларнинг» ягона сценарийлари асосида амалга оширилган эди.
Демак, «рангли инқилоб» технологлари аслида айрим давлатларнинг ер куррасини турли минтақаларидаги моддий ресурсларини эгаллашга бўлган интилишларини ғоявий ифодаловчилари бўлиб хизмат қилмоқдалар.
«Рангли инқилоблар»ни амалга ошириш муаллифларининг «демократияни ағдариш» назариясининг туб моҳиятини очиб беришга ҳаракат қилган олимлардан бири Х. Линц фикрига кўра, «юмшоқ инқилобчи»ларнинг «демократияни қулатиш борасидаги энг охирги қалтис нуқтаси шундан иборатки, унда демократик тартиботдаги оппозиция ўзининг ҳақиқий маънодаги конструктив оппозиция функциясини бажаришдан бегоналашиб, революцион, радикал элементлар билан қўшилиб кетади. У ёки бу сиёсий тартибот кучли хавф остида қолади». «Ранг¬ли инқилоб» технологларининг демократик механизмлардан фойдаланиб, мамлакатнинг сиёсий тизимини ағдаришга қаратилган «қора ниятлари»нинг ифодаси айнан мана шу вазиятда намоён бўлади.
Мустақил демократик тараққиёт асосларига нисбатан дунё¬да мана шундай мураккаб тусдаги жиддий хавф-хатар омиллари мавжуд бўлиб турган ҳозирги даврда, демократия ғояси ва қадриятларини кафолатли ҳимоя қилишнинг янги халқаро механизмларини шакллантиришдек вазифаларни ҳал қилиш, ер куррасидаги мамлакатлар ва халқлар олдида тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.


Капитан Алимардон ЎТАПУЛАТОВ,
Мудофаа вазирлиги масъул офицери:
ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ОРҚАЛИ ИНСОН ОНГИНИ САЛБИЙ БОШҚАРИШ УСУЛЛАРИ
Ахборот-психологик кураш – душман устидан психологик устунликка эришиш мақсадида унинг ахборот тизими, жараёнлари, компьютер тармоғи, инсон онгига таъсир қилиш орқали амалга ошириладиган ва шунинг билан бир вақтда ўзини ахборотдан ҳимоя қиладиган тадбирлар мажмуидир.
Ахборот-психологик операция – жой, куч ва воситаларнинг тадбирлар вақтида ягона мақсад учун душманнинг ҳарбий хизматчилари ва аҳолисига ўз сиёсий ҳамда ҳарбий мақсадларга эришиш йўлидаги огоҳлантирув ва келишувга доир тадбирлар мажмуидир.
 Ахборот-психологик таъсир бу – операциялар ўтказишга (жанговар ҳаракатлар) мос келадиган одамлар онгига таъсир этиш мақсадида психологик йўналтирилган ахборотлардир.

Ахборот-психологик кураш муаммоларининг долзарблиги

АҚШнинг информацион-психологик кураш воситаларини эгаллашга қаратган сарф-харажатлари охирги 15 йил мобайнидаги тўрт баробар ошиб кетди ва бу қуролланиш дастурида биринчи ўринни эгаллади.
Хитой Халқ Республикаси ҳарбий-сиёсий раҳбарияти АҚШнинг ҳарбий конфликтлардаги тажрибасини ўрганиб, шундай хулосага келганки, бугунги кунда ахборот-психологик операциялар замонавий урушларнинг ажралмас бир қисмига айланган.
НАТО мутахассисларининг тахминича, жанговар ҳаракатларнинг асосини ахборот-психологик операция ташкил қилади. Уларнинг фикрича, яқин келажакда ахборот-психологик операциялар жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудда душман техник қобилиятига мослашган керакли ахборотни етказиш воситасига айланади.


Шавкат ТОҒАЕВ,
ЎзМУ ҳуқуқшунослик факультети, «Миллий ғоя ва ҳуқуқ таълими» кафедраси доценти:
ЁШЛАРДА МАФКУРАВИЙ ИММУНИТЕТНИ ШАКЛЛАНТИРИШНИНГ РУҲИЙ-МАЪНАВИЙ АСОСЛАРИ
Бугунги кунда ёшлар онги ва қалбига миллий ғояни чуқур сингдириб, уларда мустаҳкам мафкуравий иммунитетни шакллантириш таълим-тарбия соҳасидаги долзарб вазифалардандир. Шунга кўра, фанларимизда бу борадаги назарий ва амалий масалаларни илмий ўрганиш, хусусан, мафкуравий иммунитетнинг мазмун-моҳияти ва шаклланиб, ривожланишида муҳим ўрин тутувчи ўзига хос омилларни чуқур тадқиқ қилиш муҳим аҳамиятга эга.
«Мафкуравий иммунитет» тушунчаси лотинча Immunitatis сўзидан олинган бўлиб, бирор нарсадан озод этиш маъносини англатади. Мавжуд адабиётларда бу тушунча шахс, ижтимоий гуруҳ, миллат, жамиятни турли зарарли ғоявий таъсирлардан ҳимоя қилишга хизмат қиладиган ғоявий-назарий қарашлар ва қадриятлар тизими сифатида таърифланади. Мазкур тушунчани биринчи бор Президентимиз Ислом Каримов «Миллий истиқлол мафкураси – халқ эътиқоди ва буюк келажакка ишонч¬дир» (2000 йил 8 июнда «Фидокор» газетаси мухбири саволларига жавоблар) асарида ишлатган. «Маълумки, ҳар қандай касалликнинг олдини олиш учун, аввало, киши организмида унга қарши иммунитет ҳосил қилинади. Биз ҳам фарзандларимиз юрагида она Ватанга, бой тарихимизга, ота-боболаримизнинг муқаддас динига соғлом муносабатни қарор топтиришимиз, таъбир жоиз бўлса, уларнинг мафкуравий иммунитетини кучайтиришимиз зарур», деган эди Президентимиз мазкур интервьюсида.
Дарҳақиқат, ғоявий-мафкуравий курашлар кучайиб бораётган ҳозирги замонда ҳар бир инсон, миллат, жамият ёки мамлакат ҳаётини турли шакл-кўринишларда намоён бўлаётган ғоявий таҳдидлардан ҳимоя қилиш ва барқарор тараққиётини таъминлаш учун кишилар онги ва қалбида мафкуравий иммунитетни шакллантириш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу масала биздаги бутун таълим-тарбия тизимида, шу жумладан, олий таълим муассасалари ҳарбий кафедраларида ва ҳарбий академик лицейларда ҳам ахборот хуружига қарши кураш бўйича ҳал қилиниши зарур бўлган долзарб вазифалардандир.
Анжуманда шунингдек, ЎзМУ фалсафа факультети декани, сиёсий фанлари доктори Алишер Мўминов, ЎзМУ фалсафа факультети психология кафедраси доценти А. Расулов, Мудофаа вазирлиги масъул офицери Б. Эшмуродов сўзга чиқиб, мавзу юзасидан маъруза қилдилар. Қизғин фикр алмашувлар билан кечган анжуман сўнгида бу каби тадбирларни ҳарбий кафедралар талабалари ва лицей ўқувчилари ўртасида ҳам ўтказиш, анжуман материалларини рисола шаклида чоп этишга келишиб олинди.


Фурқат ЭРГАШЕВ

Информеры