2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЧЕТ ТИЛЛАРНИ МУКАММАЛ ЎРГАНАМИЗ

Маълумки, ўтган йилнинг сўнгги ойида замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг илғор услубларини жорий этиш йўли билан, ўсиб келаётган ёш авлодни чет тилларга ўқитиш, шу тилларда эркин сўзлаша оладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда бунинг негизида, уларнинг жаҳон цивилизацияси ютуқлари ҳамда дунё ахборот ресурсларидан кенг кўламда фойдаланишлари, халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантиришлари учун шарт-шароит ва имкониятлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Мазкур қарорда таълим тизимининг барча босқичларида чет тилларни узлуксиз ўрганишни ташкил қилиш, ўқитувчилар малакасини ошириш, замонавий ўқув-услубий материаллар билан таъминлашни янада такомиллаштириш ҳам кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети ҳузурида олий ҳарбий таълим муассасалари, сержантлар тайёрлаш мактаблари чет тиллар ўқитувчилари учун инглиз, француз, немис тилларини мукаммал ўрганишга қаратилган махсус малака ошириш курслари ташкил қилинди. Ушбу курсларга Қуролли Кучлар академияси, олий ҳарбий таълим муассасалари, сержантлар тайёрлаш мактабларининг чет тили мутахассислари жалб қилинади. Бу ерда малака оширган мутахассислар ҳам ўз навбатида жойлардаги ўқув масканларида фаолият олиб бораётган ўқитувчилар учун тренинг машғулотлари ўтказадилар. Айни кунда немис ва француз тилидан малака ошириш жараёнлари давом этмоқда.
Малака ошириш жараёнларида тингловчиларга маҳаллий ва хорижлик етук мутахассислар сабоқ бердилар. Малака ошириш курсининг инглиз тили бўйича дастлабки жараёни ниҳоясига етди. Тингловчиларга сертификатлар тантанали тарзда топширилди. Тадбирда Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Шуҳрат Қаюмов, Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети ректори Абдуллажон Исмоилов, университет бош илмий маркази раҳбари Узоқбой Бегимқулов, жаҳон тиллари малака ошириш маркази директори Ҳулкар Усмонова, хорижий давлат элчихоналарининг вакиллари ва бошқа меҳмонлар иштирок этди.


Инобат ИБРОҲИМОВА

Информеры