2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КЎНИКМАЛАР – АМАЛИЁТДА МУСТАҲКАМЛАНАДИ

Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисм ва бўлинмаларда янги ўқув йили машғулотлари кўтаринки руҳда бошланиб, юқори суръатларда давом этяпти. Айниқса, сафларга яқинда қўшилган муддатли ҳарбий хизматчилар учун бу давр ўта масъулиятли ҳисобланади.
Бугунги кунда Ватан олдидаги йигитлик бурчини ўташ фуқароларимизнинг конституциявий бурчигина эмас, шараф ишига айланди. Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат қилаётган ёшларнинг жисмонан бақувват, маънан етук, ватанпарвар, келажакда жамиятда ўз ўрнини топа оладиган, ҳар томонлама баркамол инсон бўлиб вояга етишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш борасида эса улкан ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда.
Маълумки, 2013–2014 ўқув йили «Доимий жанговар шайлик, огоҳлик, жанговар ва ахборот тизимларининг моҳирона қўлланилиши, ҳарбий иш назарияси ва амалиёти узвий боғланиши, бошқарув уддабурон ва тезкор кечиши, ҳамкорлик масалалари пухта йўлга қўйилиши – Ватанимиз хавфсизлигини таъминлайдиган асосий мезонлардир!» шиори остида ўтмоқда. Ушбу шиор ҳар бир юрт ҳимоячиси қалбида мардлик, шижоат, жасорат ва она Ватанга муҳаббат каби туйғуларнинг янада жўш уришида муҳим омил бўлиши шуб¬ҳасиз, албатта.
– Янги ўқув йили арафасида муҳим тайёргарлик ишлари олиб борилди, – дейди майор Равшан Нурматов. – Сафга яқинда қўшилган муддатли ҳарбий хизматчилар билан техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари бўйича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари билан ҳамкорликда Умум¬ҳарбий низомлар, низомга зид муносабатларнинг олдини олиш, аскарнинг ҳуқуқ ва бурч¬лари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди ҳамда назарий-амалий машғулотлар ўтказилди. Шу боис ҳарбий жамоа янги ўқув йили машғулотларини юқори савия¬да бошлади.


ИЛК МАШҒУЛОТЛАР БОШЛАНДИ


…Ўқув йилининг илк машғулотлари ҳам бошланди. Ҳарбий хизматчиларнинг «тревога» буйруғи янграганда қандай ҳаракат қилиши кераклиги командирлар томонидан белгиланиб, бир неча бор синов машғулотлари ўтказилди.
Оддий аскар Бобур Абдураҳимов буйруқни эшитгани заҳоти, ҳарбий либосларини кийди ва ўрнини тезкорлик билан йиғиштирди. Шундан сўнг ўзига бириктирилган қуролни олиш учун қурол-аслаҳа сақлаш хонасига етиб келди ҳамда навбатчига унвони ва фамилиясини айтиб, қайд қилиш дафтарига имзо чекди. Елкасига қуроли, сафар қопини ва оммавий қирғин қуролларидан ҳимоя воситасини илиб, қисм қурол-аслаҳа сақлаш омбори томон югуриб кетди. Постда турган соқчига қўшимча ёрдам кучи сифатида етиб келгач, диққат-эътиборини постни ҳимоя қилишга қаратди ва ўз вақтида командирига белгиланган ҳудудни ҳимоя қилишга киришганлиги ҳақида алоқа воситаси орқали ахборот берди. Унинг тревога вақтида қилган тез ва аниқ ҳаракати командирлари томонидан юқори баҳоланди. Шунингдек, оддий аскарлар – Рустам Эгамбердиев, Бобур Алиев, Турсунбой Холдоров, Шоҳрух Умаровлар ҳам қўйилган вазифани аниқ бажаришиб, сафдошларига ибрат бўлишди.
– Йиғин давомида аскарларга ҳарбий билимларни турли кўргазмали қуроллар ва адабиётлар асосида етказдик, – дейди взвод командири катта лейтенант Антон Сон. – Шунинг¬дек, эътиборни яқинда сафларга қўшилган юрт посбонларини ҳарбий ҳаётга кўниктириш, соҳа билимларини пухта ва чуқур ўзлаштиришларига ёрдам бериш, улар қалбида Ватанга муҳаббат, ватанпарварлик каби туйғуларни шакллантиришга қаратяпмиз.
Хавфсизлик қоидалари бўйича ўтказилаётган машғулотлар ҳам аскарларнинг билимларини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Амалий машғулотлардан ҳарбий хизматчилар хавфсизлик қоидалари бў¬йича зарур кўникмаларга эга бўлишди.
Ёнғин хавфсизлиги бўйича ўтказилаётган машғулотларда ҳам муддатли ҳарбий хизматчилар катта қизиқиш билан иштирок этяпти. Машғулот давомида уларга йўриқчилар томонидан ёнғиннинг олдини олиш бўйича биринчи навбатда нима ишлар қилиш лозимлиги ҳақида маълумотлар берилмоқда.
– Ёнғин хавфсизлиги бўйича амалий машғулотларни юксак савияда олиб боряпмиз, – дейди сержант Ориф Бўрибоев. – Бу майдонча айнан мазкур маш¬ғулотни ўтказиш учун мўлжалланган бўлиб, унда ёнғин хавфсизлиги бўйича барча зарур восита ва анжомлар шай қилинган. Ҳозирги маш¬ғулот давомида аскарларга ёнғин хавф¬сизлиги восита ҳамда анжомларидан тўғри ва аниқ фойдаланиш ҳақида назарий ва амалий сабоқлар беряпмиз.
Маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотида аскарларимиз куннинг энг муҳим янгиликлари ва жаҳонда рўй бераётган воқеалар билан таништирилмоқда. Шунингдек, турли мавзуларда конспект қилишиб, мавзу бў¬й¬ича ўзлаштирган билимлари баҳоланиб борилмоқда.
– Юрт посбонларида юртимизда ва жаҳонда юз бераётган ўзгаришлар, янгиликларга бўлган қизиқиш кучли, – дейди майор Ҳожиакбар Бобобеков. – Шу боис машғулотни куннинг муҳим янгиликлари билан бошлаймиз. Маш¬ғулотларни зарур адабиётлар, теле-видео воситалари ва кўргазмали қуроллардан унумли фойдаланган ҳолда ўтказяпмиз.

 

ҚЎРҒОНМИЗ, ҚАЛҚОНМИЗ ОНА ВАТАНГА


Дарҳақиқат, армия ёшларимиз ҳаётида муҳим ўрин тутмоқда. Бунга уларнинг ўзлари билан суҳбатлашганимизда яна бир бор амин бўлдик.
Оддий аскар Азиз ИШМУРОДОВ:
– Эгнимга ҳарбий либос кийиб, Ватанимиз тинчлигига ҳисса қўшаётганимдан мамнунман. Ҳарбий ҳаётга анча кўникиб қолдим. Яқинда ўтказилган қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника намойиши менда катта таассурот қолдирди. Билдирилган ишончни оқлашга, Ватанимга муносиб ҳимоячи бўлишга ҳаракат қиламан.
Оддий аскар Ҳамид ЎКТАМОВ:
– Хизматимни намунали якунлаб, олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кирмоқчиман. Айни дамда бу ерда олаётган билимларим курсантлик давримда асқотиши турган гап. Шунинг учун ҳар бир машғулотга улкан қизиқиш билан ёндашиб, ҳарбий соҳа билимларини мукаммал ўзлаштиришга бел боғлаганман.
Оддий аскар Зоҳид КАМОЛОВ:
– Муддатли ҳарбий хизмат менга кўп нарсани ўргатяпти. Янги ўқув йили машғулотларини кўтаринки руҳда бошладик. Ҳозир маҳоратимиз, билим ва кўникмаларимизни ошириб, тобланадиган вақт. Шунинг учун бутун диққат-эътиборимизни жанговар шайликни оширишга қаратганмиз. Ўтказилаётган машғулотларда фаол қатнашиб, йиғинда эгаллаган назарий билимларимизни амалиётда синаб, муайян тажрибага эга бўляпмиз.
Дарҳақиқат, аскарлардаги ғайрат ва шижоат, интилувчанлик машғулотлар мобайнида ўз исботини топмоқда. Улар билан суҳбатлашиш жараёнида аксариятининг келажакда ҳаётини мардлар касби билан боғлашни мақсад қилганликларини билдик. Уларнинг хизматларини намунали ўтаб, эзгу мақсадларига етишишларига ва жамиятда ўз муносиб ўринларини топишларига ишонч билдириб қоламиз.


Аҳрор ОЧИЛОВ

Информеры