2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

САРКАРДА ТАВАЛЛУДИГАҲАЙКАЛТАРОШ ТУҲФАСИ

Юртимизнинг барча гўшаларида бўлгани каби подполковник Дилшод Олимов хизмат қилаётган ҳарбий қисмда ҳам буюк давлат арбоби, енгилмас саркарда Амир Темур таваллуди кенг нишонланди. Туман ҳокими Рўзимурод Авазов, туман «Камолот» ЁИҲ раиси Ўрал Ёдгоров, педагогика ва иқтисодиёт коллежи ўқитувчиси Ойбек Раҳматовлар иштирок этган маънавий-маърифий тадбир ҳарбий қисмда тенгсиз саркарда бюстининг очилиши билан бошланди.
– Тарихий шахс сиймосини яратиш қанчалик масъулиятли иш бўлмасин, меҳнатимиз маҳсулидан кўнглимиз тўқ, – дейди ҳайкалтарош Ўткир Асроров. – Отам ва устозим Ўзбекистон халқ устаси Қудрат Асроров раҳбарлигида яратилган асар Ватанимиз ҳимоячилари ва ҳарбий қисмга ташриф буюрадиган меҳмонларни руҳлантириши, улуғ аждодларимиздан, улар қолдирган бой маънавий ва маданий меросдан фахрланиш, шунингдек, уларга муносиб авлод бўлиш ҳиссини янада шакллантиришга хизмат қилишига ишонаман.
– Амир Темур армиясининг жанговар тартиби ва жанг тактикаси ҳақидаги маълумотларни ўрганиб бораман, – дейди капитан Дилмурод Шералиев. – Тўғрисини айтганда, Соҳибқирон бобомизнинг тарихий урушларда қўллаган тактика ва умуман, ғолибона юришлари, тузилган мунтазам армияда ўрнатилган қатъий тартиб-интизом ҳанузгача ҳайратимни оширади. Қолаверса, унинг нафақат саркарда, балки давлат арбоби ва дипломат, илм-фан, маърифат ва маънавият ҳомийси сифатидаги фаолиятлари ҳам жаҳон тарихида камдан-кам учрайдиган ҳодисалардан, дея эътироф этилган. Бугунги тадбир улуғ аждодимиз бюстининг очилиши билан айниқса аҳамиятлидир.
Тадбир давомида Шодмон бахши Хўжамбердиев томонидан Амир Темур ҳақида айтилган достон, ҳарбий хизматчиларнинг мавзуга оид шеърлари маънавий-маърифий тадбирни янада безади.


Подполковник Исроил СОБИРОВ,
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ

Информеры