2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

СУРОНЛИ ЙИЛЛАР ЁДИ

Омон бобо тўқсон ёшга тўлиши муносабати билан бўлиб ўтган юбилей кечасида руҳи ҳар қачонгидан кўра тетик ва хушчақчақ эди. Кетма-кет келаётган табрикнома ва хат-хабарларни ўқиб, ўзини қўярга жой тополмасди. Айниқса, собиқ жангчи, қуролдош дўсти Бозорбой Ўроловнинг дастхатини кўриб, хурсандчиликдан терисига сиғмай кетди. Беихтиёр оловли жанг хотиралари кўз ўнгида гавдаланди.
… Бу воқеа 1942 йил ноябрь ойининг охирларида юз берган эди. Жанг тобора кучайиб, Белоруссияни босқинчилардан озод қилиш учун кураш борарди. Жангчиларнинг кетма-кет ҳужуми душманнинг тинка-мадорини қурита бошлади. Тўплар наърасидан зилзила шундайгина сезилиб турибди. Душман жойлашган манзилда ер беланчакдек тебранаётган бўлса керак.
– Уларга бу ҳам кам, – деди Бозорбой Ўролов бўш келмай.
Шу орада устма-уст бомба портлади. Бомбардимон кучайгандан-кучайиб борарди. Унга узоққа отар замбаракларнинг ҳам наъраси қўшилди. Тўплар тиним билмасди. Бу воқеа¬ларни кузатиб турган икки ўртоқ 8-гвардия армияси командири Василий Чуйковнинг кеча зенитчи артиллериячилар билан ўтказган суҳбатини эсга олдилар. Командир қуролдошларининг кундан-кунга тобланиб, руҳи кўтарилиб бораётгани, душманнинг эса кенг фронтда ҳолдан тойганини сўзлаб, қақшатқич жангга тайёр туриш лозимлигини уқтирган эди.
Кутилмаганда «Ҳужумга!» деган буйруқ эшитилди. Буйруқ бир зумда мудофаанинг у бошигача бориб етди. Икки ўртоқ биринчилар қаторида олдинга интилдилар. Танкчилар эса душман мудофаасининг олдинги қаторини бир «совуриб» чиққач, ичкарига кириб кетди. Тўпчилар ўз ўринларини олға кўчиришди. Осмонда эса самолётлар. Душман бор кучини ишга солишга тиришарди.
Ўша куни Ковал қишлоғи яқинида бўлган жангда душман самолётлари қаттиқ зарбага учради. Ана шу жангдаги катта жасорати учун сержант Омон Шойзақов бир гуруҳ жангчилар қатори орден билан тақдирланди.
Шойзақов бундан кейинги жангларда ҳам жасорат намуналарини кўрсатди. Айниқса, 1943 йилнинг қаҳратон қиши сира ёдидан чиқмайди. Неман дарёсидаги таянч кўприкни қўриқлаш керак эди. Тахминан қирқ чақиримча нарида жанг борарди. Полк командирининг топшириғига мувофиқ зенитчилар кўприкни қирқ тўққиз сутка қўриқлаб туришди. Ана шу мудофаа жангида кўрсатган жасорати учун сержант О.Шойзақов биринчи даражали орден билан тақдирланди.
Омон бобо бундан кейинги жангларда ҳам қуролдошларига ибрат кўрсатди. Натижада мазкур жасоратлари учун медаль ҳамда полк командирининг қатор раҳматномаларини олишга муваффақ бўлди.
О.Шойзақов урушдан кейинги тинч қурилиш йилларида узоқ йиллар Зомин туманида қишлоқ фуқаролар йиғини раиси сифатида қишлоқларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва турар жойлар билан таъминлашда ўз ҳиссасини қўшиб келди. Натижада Пешоғор, Қангли ва Тутли қишлоқларининг ҳуснига ҳусн қўшилди. Кейинчалик вилоятнинг Ғаллаорол туман Д.Йўлдошев номли давлат хўжалигида бош ҳисобчи вазифасида меҳнат қилди.
Уруш ва меҳнат фахрийси Омон бобо Шойзақов ва унинг турмуш ўртоғи Хосият момонинг 11 нафар фарзанди бор. Улар халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат қилишади. Айни кунда мўътабар отахон ва онахон 65 нафар невара ҳамда чевараларни суюб, бугунги озод ва тинч ҳаётга шукроналар айтиб, кексалик гаштини суришмоқда.


А. САИДОВ,
Жиззах вилояти.

Информеры