2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ

Меҳр-мурувватли халқмиз. Бу мамлакатда яшаётган ҳар бир инсон самимийлик, бағрикенглик каби эзгу фазилат соҳиби. Бировдан ёрдамини аямайди, барчани, айниқса, ёши улуғларни қадрлайди. Бу қон-қонимизга сингиб кетган. Зотан, ҳаётимиз шу нуронийлар билан файзга тўла. Уларнинг панд-насиҳатлари, ўгитлари, эзгулик ила нурафшон бўлган ҳаёт йўли барчамиз учун ибратдир. Ҳурматли кексаларимиз билан ўтказиладиган турли учрашувлар, давра суҳбатлари ана шу жиҳати билан қадрли ва қимматли. Қувонарлиси, юртимизда бундай эзгу тадбирлар тез-тез ўтказиб турилади. Мудофаа вазирлиги фахрийлар ишлари бўйича Марказий кенгаши томонидан Наманган вилоятида ўтказилган «Уч авлод учрашуви» ана шундай тадбирлар сирасидан.
Учрашувда меҳнат фахрийлари, келажагимиз эгалари бўлган ёшлар ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Тадбир давомида фахрийлар сўзга чиқиб, босиб ўтган ҳаёт йўли, меҳнат фаолияти ҳақида йиғилганларга сўзлаб беришди. Ёшларни мард ва жасур бўлиб, шу юрт учун жон куйдирадиган, Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшадиган инсонлар бўлишга чорлади.
– Ўтганларни ёдга олиш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш, шу билан бирга биз билан ёнма-ён яшаётган умри давомида ҳалоллик, поклик билан бошқаларга ўрнак бўлиб келаётган нуроний отахону онахонларни қадрлашимизда катта маъно мужассам, – дейди Мудофаа вазирлиги фахрийлар ишлари бўйича Марказий кенгаш раиси ўринбосари Н. Раҳимов. – Улкан ҳаёт тажрибасига эга, турмушнинг не-не синовларини сабр-бардош билан енга олган кексалар ҳаммамиз учун қадрдон. Уларнинг ибратли умри ёш авлодга маънавий комилликка етиш йўлини кўрсатади. Шундай экан, бу азиз инсонларни қанча эъзозласак, эҳтиром кўрсатсак оз.


Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

Информеры