2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

СОҲИБҚИРОНГА ЭҲТИРОМ

Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 677 йиллиги юртимизнинг барча гўшаларида, жумладан, Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий муассасаларда ҳам кенг миқёсда нишонланди. Мактаб, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасаларида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб, буюк аждодимиз қолдирган улкан мерос ҳақида маърузалар қилинди, турли саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Пойтахтимизда қад ростлаган Амир Темур ҳайкали ва обод хиёбон бугун барчамизнинг фахримизга айланиб улгурган. Қутлуғ сана муносабати билан бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар мазкур хиёбонда бўлиб, улуғ зотга ҳурмат бажо келтиришди. Темурийлар тарихий давлат музейидаги экспонатлар билан яқиндан танишиб, бой маълумотларга эга бўлишди.
Амир Темур таваллудининг 675 йиллиги арафасида «Темур тузуклари» асари мукаммал ҳолда, янгидан нашр этилди. Ушбу китобнинг сўзбошисида мамлакатимиз Президенти жумладан шундай деган эди: «…Амир Темур шахсини идрок этиш – тарихни идрок этиш демакдир. Амир Темурни англаш – ўзлигимизни анг¬лаш демакдир. Амир Темурни улуғлаш – тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга, қудратимизга асосланиб, буюк келажагимизни, ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир».
Дарҳақиқат, истиқлолга эришганимиздан сўнг, маданиятимиз, тарихимиз қайта тикланди. Буюк боболаримиз улуғланди, уларнинг бизга қолдирган мерослари тикланди. Соҳибқирон Амир Темур тарихимизнинг энг ёрқин юлдузи сифатида ўз эътирофини топди.
– Буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг меросини асраб-авайлаш, ўқиш ва ўрганиш биз учун ҳам фарз, ҳам қарздир, – дейди курсант Ғиёсбек Ҳасанов. – Ёшлигимда Шаҳрисабзда бобомиз томонидан бунёд этилган Оқсаройда бўлганман. Ҳали-ҳануз бу обида менинг ҳайратимни оширади. Шунингдек, Темурийлар тарихий давлат музейидаги экспонатлар бизда катта таассурот қолдирди. Бу ерда кўрганларимиз машғулотлар жараёнида олган назарий билимларимизни янада бойитди.
Соҳибқироннинг «Билаги зўр бирни, билими зўр мингни йиқар», деган пурмаъно ҳикмати инсонни доимо ақл-идрок, илму маърифат асосида яшашга даъват этиши билан аҳамиятлидир. Бу ҳикмат Амир Темур хиёбонида сайр қилаётган ҳарбий хизматчилар, келажагимиз давомчилари бўлмиш ёшларни Ватанимизнинг буюк келажаги, унинг тинчлиги ва осо¬йишталиги, янада обод ва фаровон бўлиши йўлида ҳамжиҳат бўлиб, ҳамиша олға интилишга ундайди, албатта.


Аҳрор НОЗИМОВ

Информеры