2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КИБЕРМАКОНДАГИ ХУРУЖ ВА КИБЕРҚУРОЛЛАР

Кейинги пайтларда террорчилик тузилмалари ўз ғаразли мақсадлари йўлида ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишга уринаётгани бугун кўпчиликка сир эмас. Ваҳима кўтариш ниятимиз йўқ. Бироқ террорчиларнинг замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда инсониятга таҳдид солишининг истиқболи қандай? Бу таҳдиднинг кўламини олдиндан кўра олиш мумкинми? Ёки орадан бир неча йил ўтиб, интернетда террорчиликка асосланган виртуал ҳамжамиятлар пайдо бўлмаслигига биров кафолат бера оладими? Бу саволларга олий ҳакам вақтдан жавоб кутамиз. Навбатдаги мақоламизда эса кибертерроризм ва киберқўпорувчилик борасида фикр юритамиз.


КИБЕРҚЎПОРУВЧИЛИК ОҚИБАТИДА


Дунёда илк бор кенг кўламли киберқўпорувчилик мамлакат саноатини издан чиқаришга қаратилди. «Stuxnet» деб номланган қудратли компьютер вируси орқали Эрон инфратузилмалари объектларига, шу жумладан, атом электр станцияси ва сув тозаловчи қурилмаларига 2010 йилда ҳужум қилинди. Маълумотларга кўра, 30 минг компьютер тизими тилга олинаётган вирус билан заҳарланди. Вирус мамлакат саноат корхоналарининг ишлаб чиқариш линияларидан муҳим маълумотларни ўғирлади. Бу хусусда Эрон Саноат вазирлигидаги ахборот технологиялари кенгаши директори маълумот берди.


«STUXNET» – ҚУДРАТЛИ ВИРУС


Келинг, шу ўринда улкан саноат иншоотларига таҳдид солишгача борган қудратли «Stuxnet» ҳақида тўхталиб ўтайлик. Касперский лабораторияси мазкур вирус 2010 йилнинг март-апрель ойларида тарқала бошлаганини маълум қилган. Бошқа вируслар сингари «Stuxnet» ҳам узоқ вақт эътиборни тортмай турган. 2010 йилнинг июнида Белорусиянинг ахборот хавфсизлиги бўйича экспертлари томонидан интернетда «Stuxnet» ҳақида даставвал маълум қилинган. Ўша йилнинг июль ойидан вирус турли мамлакатларнинг саноат дастурий таъминотига фаол ҳужум бошлаган. Август ойида эса ахборот хавфсизлиги борасида машҳур «Симантек» компанияси «Stuxnet» хусусида маърузасини тақдим этади. Унга кўра, дунёда бу вирусдан зарарланган компьютерларнинг 60 фоизи Эронга тўғри келган. Қизиғи шундаки, вирус ҳужуми асосан «Сименс» компанияси ишлаб чиқарган ахборот технологияларига қаратилди. Эронда айнан мазкур компания технологияларидан ядро дастурини амалга оширувчи объектларда фойдаланилаётганди. Экспертлар бу воқеликни таҳлил қилиб, «Stuxnet» Эрон ядровий дас¬турини издан чиқариш учун махсус тайёрланган, деган хулосага ҳам келишди. «Ассошиэйтед Пресс» тарқатган хабарда эса Эроннинг юксак мартабали вакиллари расмий баёнот бериб, ушбу вирус ортида АҚШ ва Исроил тургани айтилган. Интернетда эса «Stuxnet»ни ахборот технологиялари юксак даражада ривожланган мамлакат яратгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди.
Хуллас, мазкур вирус киберурушнинг янги қиёфасини кўрсатди. «Stuxnet»ни ривожланган давлатлардан бирининг махфий хизмати тайёрлаган, ҳам дейлик. Хўш, эртага бундай дастурлар, вируслар террорчилик ташкилотлари қўлига тушса-чи? Оқибати ҳақида ўйлашга, фикр¬лашга ҳам қўрқасан, киши. Вирус эмас, киберқурол ишлаб чиқармоқда, инсон, дегинг келади. Совуқ уруш давридагидек бундай киберқуроллар ишлаб чиқариш пойгаси бошланмасайди.


ХАКЕРЛАР


Хакерлар хусусида олдинги мақолада ҳам тўхталганмиз. Улар хавфли вирусларни тарқатиш, мисли кўрилмаган даражада молия ва ахборот соҳасида мамлакатларга зарар етказишади. Шу ўринда дунёга машҳур хакерлардан айримлари борасида тўхталсак.
Жонатан Жеймс 1999 йилда Miami-Dade мактаб тармоғига бузиб кириб, ҳатто НАСА ва АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотлар базасигача қўл чўзди. У ердан 1,7 миллион долларлик дастурий таъминотни юклаб олди.
Гэри МакКиннон Буюк Британияда яшаб туриб, 2001–2002 йилларда НАСА ва АҚШ Мудофаа вазирлигининг 97 компьютерини бузиб, тизимда катта шов-шувга сабаб бўлди. 700 минг АҚШ доллари миқдорида зарар етказишдан ташқари, 24 соат давомида Вашингтондаги барча тармоқни (2 мингдан зиёд компьютер) ёпиб қўйди.
Жорж Хотц iPhone ва PS3 ларни бузиш ва мослама кодини очиш бўйича устаси фаранг хакерлардан.
Group-IB компанияси вакилининг маълумотига кўра, 2011 йилда рус хакерлари 4,5 миллиард АҚШ доллари ишлаб олишган. Хуллас, кибержиноятда хакерларнинг ўрни бениҳоя катта.


КИБЕРЖИНОЯТЧИЛИК КЕЛТИРГАН ЗАРАР


«Norton» компанияси 2012 йилнинг сентябрида кибержиноятчилик бўйича йиллик ҳисоботни тақдим этди. Унга кўра дунёда кўрилган зарар 110 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган. Россияда бу кўрсаткич 2 миллиард долларни ташкил этиб, 31,4 миллион киши кибержиноятчилардан жабрланган. Мамлакатда кибержиноятчиликнинг ярмидан кўпини интернет фирибгарлиги ва спам (ёлғон маълумотлар, ахборотлар, вируслар йўллаш) ташкил этган.
2011 йилда Америкадаги 760 та ташкилот хакерлик ҳужуми бўлгани ҳақида маълум қилишган. Глобал тармоқ фаолият кўрсата бошлаганидан бери хакерлар туфайли АҚШ 400 миллиард доллар йўқотган. Президент Барак Обама маъмурияти бу муаммога, хусусан зарарланган компьютер тармоқлари нейтрализацияси масаласига жиддий эътибор қаратган. АҚШ миллий хавфсизлик департаменти котиби Жанет Наполитано кибержиноятчиликнинг «Ал-Қоида»дан кам бўлмаган улкан таҳдидидан сўз очиб, унинг дунёдаги йиллик айланмаси 388 миллиард долларга тенглигини айтган. Бу героин, кокаин ва марихуанани қўшиб ҳисоблаганда жиноят олами оладиган фойдадан ҳам катта кўрсаткич. Демак, кибержиноятчилик таҳдидини англаш учун шу рақамнинг ўзи ҳам кифоя қилади.


ДАВЛАТЛАРНИНГ КИБЕРТАҲДИДИ


Кибероперацияларнинг бир беозор томони бор. Жанговар ҳаракатлар, портлашлар, қон тўкилишлар бўлмайди, унда. Қолаверса, аксарият ҳолларда уни исботлашнинг ўзи ҳам мураккаб. Шунинг учун ҳам бу «қора» ишга давлатларнинг ўзи ҳам баъзан бош қўшмоқда. Гарчи инкор қилишса-да, интернетда бошқа давлатларга нисбатан кибертаҳдидларни қўллаган мамлакатлар ҳақида маълумотлар келтириб ўтилган.
2013 йилнинг бошида «Mandiant» деб номланган фирма ҳисоботини чоп этиб, кейинги йилларда АҚШ га нисбатан юзлаб киберҳужумларда Хитойда жойлашган ташкилотларнинг қўли борлигини айтиб ўтган. Ҳужумлар давомида 141 ташкилотдан юзлаб терабайт маълумотлар ўғирланган. Қизиғи жиноятчилар асосан интеллектуал мулкка дахлдор ахборотни ўғирлашга ҳаракат қилишган. Фирма бундай киберҳужумлар уюштирган 20 та ташкилот кибержиноятчилари Хитой ҳукуматига ишлаши борасида етарлича исботи борлигини ҳам маълум қилган.
Сўнгги икки йил давомида Шимолий Кореяни Жанубий Кореяга нисбатан киберҳужумлар, хусусан Жанубий Корея банклари ва халқаро Инчхон аэропортига қилинган виртуал ҳужумларда
айблашмоқда.
Ҳиндистон эса Покистонни кибер-жиҳод қилишда айблади. Яъни Покистон томони интернетда тарқатган миш-мишлари туфайли этник озчиликни ташкил қиладиган минглаб кишилар Бангалор шаҳрини ташлаб чиқишган.
2011 йилда АҚШ разведкаси Россияни компьютерлар ёрдамида америкалик компаниялардан технологик маълумотларни ўғирлашда айблади. Шунингдек, Россияни 2007 йилда Эстония алоқа тизимини бузишга қаратилган кучли киберҳужумда айблашгани ҳам матбуотда ёзилганди.
Хавфсизлик бўйича аксарият экспертлар «Stuxnet» ва бошқа юксак даражадаги киберқуролларни яратишда АҚШни айблашмоқда. Юқорида Эрон ядровий дастурига қаратилган киберҳужумда ҳам АҚШ қўли борлиги ҳақида фикр юритилди.


ФИРИБГАРЛИК ТУРЛАРИ


«PandaLabs» деб номланган аксилвирус лабораторияси сўнгги 5 йил ичида интернетда кенг тарқалган фирибгарлик турлари рейтингини тузиб чиқди. Огоҳ бўлишингиз учун улардан айримлари билан таништирсак.
Нигерияча фирибгарлик. Бу илк интернет фирибгарлиги бўлиб, ҳозиргача кибер-товламачилар томонидан қўлланилади. Одатда интернетдан фойдаланувчига нотанишдан электрон хат келади. Унда катта миқдордаги пул маблағини зудлик билан бир мамлакатдан иккинчисига ўтказиш (кўпинча Нигериядан, шу боис номланиши ҳам Нигерияча) ёзилади. «Ўлжа»га ҳам ёрдам берган тақдирда муайян миқдорда мукофот таклиф этилади. Одатда қармоқ кимга ташланса, ўша кимсага аввало банк харажатларини тўлаш учун муайян суммани ҳисоб рақамига кўчириш сўралади. Кўпинча бу 1000 АҚШ доллари атрофида бўлади. Пул кўчирилган ҳамоно фирибгар қорасини ўчиради.
Лотерея. Моҳиятига кўра фирибгарликнинг бу тури ҳам юқоридагига ўхшаш. Интернетдан фойдаланувчи лотереядан катта миқдорда пул ютгани ҳақида электрон мактуб олади. Ютуқни олиш учун эса шахсий маълумотлар сўралади. Қолаверса, банк харажатларини қоплаш учун айтайлик 1000 АҚШ доллари кўчириши айтилади.
Маҳбуба. Электрон манзилингизга чиройли қиз сиз билан танишмоқ истагида эканлиги борасида хабар келади. Ишқ-муҳаббатдан, сизни севиб қолганидан, юртингизга – сизнинг ёнингизга келишдан бахтиёр эканлигидан лоф уради. Бироқ, ҳа топдингиз. Кутилмаганда қандайдир муаммолари чиқиб қолади ва унга масалан, 1000 АҚШ долларича пул керак бўлиб қолади. Албатта чипта олиш, визага ва бошқа харажатларга тўлаш назарда тутилади. Кўзда тутилган пул кўчирилган ҳамоно маъшуқангиз изсиз йўқолади.
Ишга таклиф. Бу сафар «ўлжа» хорижий компаниядан ишга таклиф олади. Бу компания мамлакатингизда молиявий агент изламоқда. Иш тартиби жудаям содда. Ҳатто уйдан чиқмай, топшириқларни бажаришингиз мумкин. Маош эса тахминан 3 минг АҚШ долларигача бўлиши мумкин. Агар таклифни қабул қилсангиз, банк реквизитларингизни йўллашингиз сўралади. Шу тарзда кибер-товламачилар учун банкдаги пулларингизни ўмаришга имкон яратилади.
Компенсация. Бу тузоқ Нигерияча фирибгарлик туфайли яқинда пайдо бўлган. Электрон хатда Нигерияча фирибгарликдан жабрланганлар учун махсус жамғарма ташкил этилгани ва сизнинг манзилингиз ҳам бу рўйхатда борлиги билдирилади. Компенсация миқдори 1 миллион АҚШ долларигача бўлиши кўрсатилади. Бироқ уни олиш учун айрим харажатларга 1000 долларга яқин пул тўлаш зарурлиги билдирилади.
Ҳа, ахборот майдонидаги инқилобий янгилик сифатида эътироф этилаётган кибермакон аста-секин жамоатчилик учун хавф туғдириб бормоқда. Халқаро хавфсизликка нисбатан илгари кўрилмаган таҳдидлар ортаётгани, кибержиноятчилик, киберҳужум, кибертаҳдид каби тушунчалар ҳаётимизга кириб келаётгани кишини хавотирга солади. Ҳозирча бу хуружга қарши турадиган қурол йўқ. Ахборотга бўлган эҳтиёж бор экан, кибержиноятчилик турли шакл ва усулларда бўй кўрсатаверади.


Шерзод ТОЛМАСОВ

Информеры