2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МАРД ЎҒЛОНЛАР – АРМИЯМИЗ ҲАРБИЙ МАҲОРАТИНИ ЮКСАЛТИРАДИГАН КУЧ

Армиямиз жанговар кучи, қудратини, ҳарбий маҳоратини юксалтирадиган куч бу – унинг сафларидаги мард ўғлонларимиздир. Замонавий жанговар техника, қурол-аслаҳани моҳирона бошқариш, хавфсизлигимизни таъминлаш учун ҳарбий хизматчиларимиз юксак тайёргарликка эга бўлмоқлари лозим.
Жорий йилда муддатли ҳарбий хизматга чақирилиб, аскарлик либосини кийган ўғлонларимиз ўқув йиғини мобайнида бошланғич ҳарбий ва умумқўшин тайёргарликлари бўйича ҳарбийликнинг илк сабоқларини олиб, тантанали равишда Ҳарбий қасамёд қабул қилишди. Улар айни дамда янги ўқув йили машғулотларига киришиш арафасида туришибди. Кўрилган катта тайёргарлик ва ўқув йиғини давомида олинган назарий билимлар бу даврда уларга асқотиши табиий. Шу билан бирга муддатли ҳарбий хизматчилар Қуролли Кучларимизда мавжуд замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар билан ҳам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди. Барча ҳарбий округларда муддатли ҳарбий хизматчилар учун миллий армиямиз жанговар қудратини акс эттирувчи қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларнинг намо¬йиши бўлиб ўтди.
Жумладан, Тошкент ҳарбий округида ҳам муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар учун ҳам қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника намо¬йиши ўтказилди.
Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти жанговор техникалар паркида саф тортиб турган аскарларга қараб, қалбингиз қувончга тўлса, жанговар техника ва қурол-аслаҳаларни кўриб, армиямиз қудратидан ғурурланамиз. Мамлакатимиз Президенти Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида шундай деган эди: «Армиямизни замонавий турдаги қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан қуроллантириш ўта муҳим вазифа бўлиб, айнан шунинг ҳисобидан армиямизнинг тезкор ва ҳаракатчанлиги, зарур жанговар қудратини таъминлаш мумкин».
Дарҳақиқат, бугун миллий армиямизда бу борада талайгина ишлар амалга оширилди. Йилдан-йилга ил¬ғор тажрибаларни ўзида мужассам этаётган армия¬миз Ватанимиз хавфсизлиги, халқимизнинг тинч-осуда ҳаётини таъминлашнинг ишончли кафолатига айланди. Бугун замонавий армиянинг посбонидан нафақат ҳарбий соҳа билимларини пухта эгаллаш, балки интеллектуал салоҳияти юксак бўлиши, ҳар қандай вазиятда етакчилик қобилиятини намоён эта олиши талаб этилади. Бу жараёнда эса изланиш, билим ва малакани ошириб бориш ҳамда ўқиб-ўрганиш муҳим ўрин тутади. Ҳарбий хизматчиларнинг ҳар томонлама етук, ўз касби, мутахассислигининг моҳир устаси, бурчига ва шарафли номига муносиб бўлишида тилга олинаётган кўргазмали машғулотларнинг ҳам аҳамия¬ти чексиз.
Ташкил этилган ўқув нуқталарида тажрибали мутахассис ва йўриқчилар машғулот иштирокчиларига ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар бўйича кенг маълумотлар беришмоқда.
– Мана, эгнимга ҳарбий либос кийиб, юрт ҳимоячиси деган номга мушарраф бўлдим, – дейди оддий аскар Азим Ўринбоев. – Қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар ҳақида касб-ҳунар коллежида таҳсил олган кезларимда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанидан илк сабоқларга эга бўлганман. Бугун ўтказилган машғулотлар биз аскарлар учун улкан аҳамиятга эга. Жанговар техникаларни бошқариш, қурол-аслаҳалардан фойдаланиш каби машқлардан зарур тушунча, кўникма ва билимларга эга бўлдик. Бу энди бошланган хизматимиз давомида бизга асқотиши, шубҳасиз.
Кўргазмали машғулотда иштирок этаётган муддатли ҳарбий хизматчиларни кузатиб, улар билан суҳбатлашдик.
Оддий аскар Феруз ҲОЖИЕВ:
– Касб-ҳунар коллежини тугатиб, муддатли ҳарбий хизматни ўташга келдим. Барча синовлардан муваффақиятли ўтиб, аскар бўлдим. Шу қисқа вақт ичида армия ҳаёти мени ўзига оҳанрабодек тортди. Хизматим давомида ҳарбий билимларни мукаммал эгаллаб, келажакда олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кириб, офицер бўлишни мақсад қилганман. Ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа намойиши эса менда катта таассурот қолдирди. Мен ҳам ўқиб, изланиб, офицер ва сержантлардан соҳа сир-асрорларини пухта ўзлаштириб, юртимга муносиб посбон бўламан.
Оддий аскар Фарҳод АШУРОВ:
– Миллий армиямиздаги қудратли техника ва қурол-аслаҳалар ҳақида етарли маълумотга эга эмасдим. Бугун буларни ўз кўзим билан кўриб, уларнинг техник ва тактик тавсифларини эшитдим. Биз муддатли ҳарбий хизматни ўташ мобайнида соҳамиз бўйича зарур билим ва кўникмани ўзлаштиришга, замонавий ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалардан бемалол фойдалана оладиган юрт ҳимоя¬чиси бўлиб шакл¬ланишга интиламиз.
Оддий аскар Шерзод МУСТАФОЕВ:
– Муддатли ҳарбий хизматга келган илк кунларимданоқ, офицерлардаги шижоат, интеллектуал салоҳият, командирлик қобилияти қалбимда шарафли касбга нисбатан қизиқиш уйғотди. Келажакда олий ҳарбий таълим муассасасига ҳужжат топшириб, Қуролли Кучларимиз сафида офицер сифатида фаолият юритишни ният қилиб қўйдим. Бугунги кўргазмали ўқув машғулоти жараёнида жуда кўп янгиликлардан воқиф бўлдим.
Оддий аскар Қудрат ҚОРАХОНОВ:
– Жанговар имкониятлари намойиш этилган ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалардан фойдаланиш, уларни қўллаш сир-синоатини вақти келиб биз ҳам пухта ўзлаштирамиз. Ваъда бериб айта оламизки, билдирилаётган юксак ишонч ва эътиборни албатта оқлаймиз.
Ўтган йигирма бир йил ичида Ўзбекистон бугунги кун талабларига жавоб берадиган тезкор ва ихчам, замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланган, юксак жанговар қобилият ва тайёргарликка эга бўлган ўз миллий армиясини барпо этди. Бугун унинг сафларида муддатли ҳарбий хизматни ўташни бошлаган аскарларимиз бундан ҳар он фахрланиб, миллий армиямиз жанговар қудратидан куч олиб, янада руҳланиб, тинчлик ва осойишталигимиз қалқони бўлишларига ишончимиз комил.


Аҳрор ОЧИЛОВ
 

Информеры