2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲУРМАТ ВА ЭҲТИРОМ НАМУНАСИ

Ҳар йили Ватан ҳимоячилари куни юртимизда ўзгача бир шукуҳ билан нишонланади. Бу йил ҳам байрам тантаналари таровати шаҳару қишлоқларимиз бўйлаб таралди. Қуролли Кучларимизнинг шонли 21 йиллик санаси мамлакатимизнинг ҳар гўшасида ўзгача бир хурсандчилик билан нишонланди.
Шубҳасиз, бундай байрамлар, анъана тусига кирган урф-одатлар мустақиллигимиз, эркинлигу ҳурлигимиз ҳамда тинчлигимиз шарофати билан. Албатта, тинчлигу осойишталигимизни таъминлашдек масъулиятли ва шарафли касбни қалб амри деб билган, ўз ҳаётини ана шу олижаноб вазифага бағишлаган Ватанимизнинг ҳақиқий ватанпарвар ва мард инсонлари байрами – озод ва обод юртимизнинг қутлуғ шодиёнаси.
14 январь куни эрта тонгдан кўркам пойтахтимиз марказида жойлашган мамлакатимиз бош майдони яна бир тантанага мезбон бўлди. «Мустақиллик ва эзгулик» монументига, Бахтиёр она ҳайкали пойига Мудофаа вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Давлат божхона қўмитаси вакиллари ҳарбий оркестр садолари остида гулчамбарлар қўйишди.
Шундан кейин ҳар бир юртдошимиз қалбида ғурур ва ифтихор туйғулари уйғотувчи давлатимиз мадҳияси янгради. Фахрий қоровул взводи монумент ёнидан тантанали марш садолари остида шахдам қадамлар билан ўтди. Ватан ҳимоячилари бахтиёр она сиймосига ҳарбийча таъзим бажо келтиришди.

Ўз мухбиримиз.

Информеры