2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ВАТАН – УЛУҒ, БУРЧИМ МУҚАДДАС!

Бахт ҳақида ҳар кимнинг ўз тушунчаси бор, албатта. Дунёнинг қаеридадир бир бурда нон бахт тимсоли бўлса, қайдадир жонини қутқариш, эсон-омон тонг оттириб олиш саодат кўринади. Иблис қутқу солиб, силкитиб турган оламда, дарҳақиқат, тинчлик-осойишталик умуминсоният учун энг катта бахт бўлиб қолди. Афсуски, ҳавонинг қадрини нафас бўғилгандагина сезган каби осойишталикнинг нақадар улуғ неъмат эканлигини идрок қилолмайдиганлар ҳам йўқ эмас...

Ижодкорнинг бахти юртига, элига беминнат хизмат қилишда, гўзал ва бетакрор кунларнинг нашидасини куйлай олишда, ўз туйғуларини бошқаларга ҳам юқтира билишда бўлса керак. Яна бир олий саодат борки, бу – она Ватанга кераклигингни ҳис қилиб яшаш...

Ватан ҳимоячилари кунини муҳтарам Юртбошимиз чин айёмга – ҳақиқий мард эркаклар, фидойи ўғлонлар байрамига айлантирди. Ахир ҳамма байраму тўй-тантаналаримиз ана шу кунга, юрт посбонларининг хизматига боғлиқ эмасми? Мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёйган байрам шукуҳини биз ҳамма жойда, барча учрашувларда, каттаю кичик давраларда, Пахтаободдан тортиб Кийиксойгача кўриб, гувоҳ бўлиб турибмиз.

Куни кеча Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари Мажид ака Умаров ҳамда Иброҳимжон Ҳалимбековлар билан Сирдарё, Жиззах, Самарқанд вилоятларида бўлиб, давлатимиз чегараларининг дахлсизлигини таъминлаётган, турли ҳарбий қисмларда йигитлик бурчини ўтаётган азамат ўғлонларни, уларнинг ёнида садоқат билан суянч бўлиб турган оила аъзоларини қутлаб қайтдик.

Дастлабки учрашувимиз Гулистонда вилоят мусиқали драма театрида ташкил этилди. Театр биносининг атрофи халқ сайлини эслатадиган даражада гавжум: «Ватан – улуғ, бурчим муқаддас!» шиори узоқдан кўзга ташланади, одамларнинг чеҳрасида байрамона тараддуд, ҳарбийларнинг турмуш ўртоқлари, фарзандлари, айниқса, ўзгача кўтаринки кайфиятда. Ташқаридаги бу қувонч манзаралари театр ичидаги шўх-шодон куй-қўшиқларга, жўшқин табрикларга уланиб кетди. Ёш ижодкор синглимиз – коллеж ўқувчиси Феруза Бекмуродова аскарларни қутлаб, «Ўзбекистон қаҳрамонлари» шеърини ўқиганда залдагилар олқиш билан кутиб олишди. Завқи ичига сиғмаган нуроний отахон Холмўмин бобо сўз сўраб: «Аслида, Ўзбекистоннинг биринчи Қаҳрамони ҳурматли Президентимиздир! У кишининг юрт учун, Ватан учун амалга оширган тарихий ишларининг залворини тарозига солиб кўрсангиз, ҳеч қайси замонда бу қадар буюк ўзгаришлар ҳеч қайси мамлакатда содир бўлмаганини англайсиз. Биринчидан, битта шахс ўз жонини гаровга қўйиб, бутун бошли халққа озодликни қатъият билан олиб берганини тарих кўрганмикин? Қолаверса, ана шу мустақилликни ўз қўли билан мустаҳкамлаб, унинг ҳимоясини таъминлаган оқил йўлбошчи, жасур саркардадан ортиқ қаҳрамон бўладими? Бугунги қаҳрамонларнинг бари Ислом Абдуғаниевич яратган муҳит туфайли юзага чиқяпти. Халқ ўз халоскорига эргашади, ибрат олади! Юртбошимизнинг яна бир ибрати биз, кексаларга бўлган эҳтиромида ҳам кўриняпти. 2015 йилни Кексаларни эъзозлаш йили деб атаганлари умримизга умр қўшганлиги аниқ». Тўқсонни қоралаган, турмушнинг чучугидан кўра аччиғини кўпроқ тотган – уруш даҳшатларини бошидан ўтказган, хуллас, ҳаётнинг баланд-пастини кўрган, бугунги дориломон кунларнинг қадрини яхшироқ идрок этадиган донишманд отахоннинг дадил фикрларини биз ҳам ўрнимиздан туриб, қарсак уриб олқишладик. Халқимиз орасида ана шундай теран тафаккурли, ҳаёт иқлимини тез илғайдиган, ўз қатъий хулосаларига эга бўлган улуғларимиз кўп. Бу ҳам бизнинг бахтимиз.

Ўтган йили муддатли ҳарбий хизматдан резервга бўшатилган йигитларни кутиб олиш учун Қарши вокзалига чиқдик. Тантанада иштирок этган бир оқсоқолнинг сўзлари ҳеч эсимдан чиқмайди: «Шўро пайтида армияга болаларимизни йиғи-сиғи билан кузатардик. Чунки фарзандларимизнинг тақдири қандай кечиши бизга қоронғу эди. Қаттол тузум пахтазордан бошқа ерни кўрмаган қоракўзларимизни Сибирнинг изиллаган музликларига ташлайдими ё қозондай қайнаган саҳрогами, билмасдик. Энг ёмони, болаларимиз соғ-саломат қайтишадими-йўқми, қайтиб кўрармикинмиз, деган ҳадик ич-этимизни емирарди. Икки йил кун санаб кутардик. Энди эса байрам қилиб кузатиб, байрам қилиб кутиб оляпмиз. Сабаб – Ватан ўзимизники, болаларимиз ўз оталари, ўз оналари учун хизмат қилишяпти. Бу кунларни байрам қилиб берганига шукур!»

Ширин шаҳрида жойлашган ҳарбий шаҳарчадаги учрашув ҳам унутилмас таассуротлар билан ўтди. Бу ердаги тадбир Хотира майдони зиёрати билан бошланди. Майдонга Ватанимиз чегараларини ҳимоя қилиш чоғида буз­ғунчи тажовузкор тўдаларга қарши курашда Сариосиё ва Узун тоғларида ҳалок бўлган мард йигитларнинг ҳайкалларини ўрнатишибди. Ҳар кунлик хизмат ана шу фидойиларни ёд этиб, майдон ёнидан саф тортиб ўтиш билан бошланар экан. Хотира улуғ, хотира муқаддас. Айниқса, Ватан учун жон нисор этган асл фарзандлар ҳеч қачон унутилмайди! Ҳарбийлар билан суҳбатлашган чоғимизда барчасининг юз-кўзидан, сўзларидан танлаган касбидан ғурурланиши, ҳаётидан мамнунлиги, келажакка ишончи, Ватанга, Юртбошига садоқати яққол кўриниб туради. «Мен, – дейди оддий аскар Сирожиддин Олимназаров, – хизмат жараёнида қайтадан туғилгандек бўлдим. Тартиб-интизомга, ҳар бир дақиқани қадрлашга ўргандим. Дунёқарашим ўзгарди. Келажакда Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртига ўқишга кириб, офицер бўлмоқчиман. Чунки бизнинг командирларимиз барчамизга ибрат бўладиган, ҳавасимизни келтирадиган инсонлар. Офицерлик хизмати истеъфогача эмас, балки бир умр давом этадиган фидойиликдан иборат бўлиб, унинг шаъни, номуси ва ғурури ҳамма нарсадан баланд туришини англадим. Отам-онам, икки синглим учун, яъни Ватаним тинчлиги учун ҳар лаҳза курашга тайёрман».

Аскарларимиз савияси, дунёқараши муттасил ўсиб бораётганлигига Фориш дала-ўқув майдонидаги давра суҳбатида ҳам амин бўлдик. Ҳарбийларимизнинг юртимиздаги сайлов жараёнидан то Қамчиқ довонидаги туннелнинг неча километрлигигача, Форишнинг этимологик маъносидан тортиб, Ироқ ва Суриядаги мутаассиб қора кучларнинг асл башарасигача аниқ-аён тасаввурга эгалиги бизни қувонтирди. Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари полковник Баҳодир Абдуваҳобов эски даврда ҳарбий олий ўқув юртларидаги адолатсизлик, миллатчилик, зўравонликлар ҳақида сўзлаб, буюк Соҳибқирон бобомизнинг соясига ҳам арзимайдиган кимсаларни кўкларга кўтариб, тарихни сохталаштиришгани кейинчалик аён бўлганини – халқимизга улуғ боболар қатори Амир Темурни ҳам муҳтарам Юртбошимиз қайтариб, кўпчиликнинг кўзини очганлигини таъкидлади.

Катта қозоннинг таоми тотли бўлади. Аскарлар билан тушлик чоғида девзирага қилинган паловдан татиб кўриб, юқоридаги фикр хаёлимдан ўтди. Дастурхонда икки хил овқат, мева-чева, салат, шарбат. Мен шўро армиясида шарбат тугул мева-чеванинг юзиниям кўрмаганимни, бўлка нон анқога шафе бўлганини ёдга олдим...

Бу ёруғ оламда онанинг қувончидек самимий шодлик топилмаса керак. Айниқса, бу қувонч фарзанд камолию дийдори билан боғлиқ бўлса! Жиззах шаҳрида «Аскар оналарини шарафлаймиз!» шиори остида катта тантана ўтказилди. Тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, ҳаяжонли дақиқаларга гувоҳ бўлишди. Ўғиллари хизмат бурчини ўтаётган оналарга алоҳида иззат-икром кўрсатилиб, давранинг тўридан жой берилди. Вилоят ҳокими мунис оналарнинг шаънига илиқ сўзлар айтиб, ҳар бирига қимматбаҳо эсдалик совғалари топширди. Менимча, энг кутилмаган тортиқ – намунали хизмати учун байрам муносабати билан қисқа таътил олган аскар ўғлонларнинг даврага кириб келиши, азиз онажонлари билан дийдорлашуви бўлди.

Ғаллаоролнинг Кетмончи қишлоғидан келган Бувиражаб Жуманова бахшилардек сўзга чечан экан. Ўғлининг пешонасидан қайта-қайта ўпиб, «Мана, армиянинг шарофати – жиккаккина боламни забардаст паҳлавонга айлантирибди, сўзларини қаранг, аввал «ая» деярди, ҳозир «аяжон» деб турибди. Биз беролмаган тарбияни беряпти, армия. Қадр-қиммат, оқибатниям, ўзбекчиликниям ўргатяпти». Ҳа, ислоҳотлар туфайли армиямиз ўзбекча бўлди, миллий бўлди. Ўзбек­она фикрлайдиган, юрагида она Ўзбекистон тумор бўлган садоқатли авлод камолга етди. Она шукронасидан улуғ шукрона, она тилагидай қутлуғ тилак йўқ, она дуосининг ижобати муқаррар. Фариштадек нур таратиб, елкаларига оқ рўмол ташлаб ўтирган табаррук момолар юртимизга тинчлик тилаб, Юртбошимизни дуо қилишди.

Самарқанд вилояти ҳудудида жойлашган ҳарбий қисм­лардан биридаги давра суҳбатида Мажид ака Умаров атрофимиздаги давлатлар ҳам деярли биз билан бир вақтда мустақилликка эришган бўлса-да, лекин ҳамон эскича тутумда яшаётгани, жумладан, ҳарбий соҳа ҳам шўравий андазада эканлигини эслатиб ўтди. Ҳатто ўзини мустақил деб билган давлатларнинг чегараларини бошқалар ҳимоя қилиб бераётганини таъкидлади. Бундай «ҳимоя» қанчалар қалтис ва ишончсиз эканлиги ҳаммага аён. Демак, уларнинг мустақиллиги ҳам шартли даражада...

Ургут спорт ва педагогика коллежидаги учрашув жуда қизғин ўтди. Давранинг азиз меҳмони бўлган чегарачилар билан ўқувчиларнинг жонли мулоқоти ҳар икки тарафда ўчмас таассурот қолдиргани аниқ. Ёшлар ўз акаларига турли-туман саволлар билан мурожаат қилишди. Навқирон авлоднинг беғубор кўзларида ҳарбий либосдаги бургутдек ўғлонларга эҳтиром, ҳавас порлаб турарди. Йигитлар ҳам ўзларига бу қадар катта эътибор ва эъзоз кўрсатилаётганидан беҳад мамнун эдилар. Ишончимиз комилки, шу суҳбатда қатнашган юзлаб ўғил-қизлар юрагида Ватан ҳимоячилари изидан бориб, юрт корига камарбаста бўлиш истаги оловланди... Биз бу кайфиятни мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг Самарқанд бирлашган техника мактабидаги тадбирда, «Келажак лочинлари» ихтисослашган ҳарбий спорт мактаби ўқувчилари билан суҳбат чоғида, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти курсант­лари даврасида такрор ва такрор ҳис қилдик.

Бахмал туманидаги ҳарбий қисмда Ватан ҳимоячилари байрам совғаси сифатида тақдим этилган китобларни мамнуният билан қабул қилишди. Айниқса, устоз Муҳаммад Юсуфнинг «Сайланма»си бирпасда қўлма-қўл бўлиб кетди. Аскарлар орасида ҳам ижодкорлар кўп. Бронежилет тагида ҳам юрак бор, деган гап топиб айтилган. Халқимиз Муҳаммад акани ардоқлайди, ҳамиша барҳаёт деб билади. Сержант Хайрулло Бекназаров устознинг «Ўзбекистон» шеърини гулдирос овозда ёд ўқир экан, «Баҳорда Бахмалда туғилган қўзинг Араб оҳусидан азизроқ менга» сатрига алоҳида урғу бериб, якунда «Шоир ўз ижоди билан доимо бизнинг жанговар сафда», деб хитоб қилди. Энди тарих борасида, Бахмалнинг олис ўтмиши, Қонтомди дараси ва Искандар Зулқарнайннинг шохини синдирган юрт ҳимоячилари ҳақида гап кетди.

Оила тинч – кўнгил тинч, дейишади. Ҳарбийларнинг турмуш ўртоқларига қойил қолиш керак. Чунки эрлари қаерда хизматда бўлса, улар ҳам ўша жойда қўним топадилар. Термизлик Муножот Баратованинг турмуш ўртоғи шартнома бўйича хизмат қиларкан. Сафар давомида суҳбатдошларга тез-тез савол ташлаб турадиган Иброҳимжон: «Синглим, сизга маза экан-да, Бахмалдай жаннат жойда шифобахш ҳаволардан симириб роҳат қилиб юриш ҳаммага ҳам насиб этмайди», деди ҳазил аралаш. Ҳарбийларимизнинг аёллари ҳам синовларда тобланган, қатъиятли, фикри соғлом бўлади. Муножотхон самимият билан «Биз учун Ўзбекистонимизнинг ҳамма ери жаннатга тенг. Қаерда бўлсак ҳам, шу чиройли юртимизни ҳимоя қилаётган умр йўлдошларимизнинг ёнида турганимиздан хурсандмиз», деди. «Ҳаётингиздан розимисиз, бахтлимиз?» деган саволга «Мана менинг бахтим», дея тетапоя ўғлини даст кўтариб, юзини юзига босди. Мен ёнимиздаги сувратчидан ушбу ҳолатни тезроқ тасвирга туширишни илтимос қилдим. Ахир кўз ўнгимизда фарзанди келажагидан кўнгли тўқ, тинчлигимиз барқарорлигига ишонган, ўз тақдиридан рози бахтиёр она тимсоли турарди. Бизнингча, бу суврат энг катта бахтнинг гўзал ифодаси эди.

Иқбол МИРЗО,

Ўзбекистон халқ шоири,

Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги

Жамоатчилик кенгаши раиси.

Информеры