2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ОТАЖОН БОБО ҲАРБИЙ УЧУВЧИ ЭДИ

1941 йили бошланган Иккинчи жаҳон урушида юзлаб самарқандликлар қаторида 23 ёшли Отажон Ибрагимов ҳам фидойилик намуналарини кўрсатди. Яқинда 98 ёшни қаршилаган Отажон бобо ҳарбий учувчи эди. Отахон тўрт йил давом этган қирғинбарот фожиаларни эсларкан, бугунги тинч замонга шукроналар айтади. Ўзига ҳурмат-эҳтиром кўрсатаётган меҳмонларни, фарзандларини, набира-ю эвараларини дуо қилади.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси, кино ва телевидение режиссёри Шавкат Маҳбубов, Самарқанд вилояти мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи подполковник Нодир Муқимов, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Отажон Ибрагимов ҳузурида бўлиб, у кишига Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов номидан «Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медали ҳамда  пул мукофотини топширишди. Урушдан кейинги йилларда фуқаро авиациясида хизмат қилган Отажон бобо мукофотни қабул қилар экан, юксак эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига, халқимизнинг осо­йишта ҳаёти ҳимоясида турган ҳарбий хизматчиларга миннатдорчилик билдирди.

– Улуғ ёшдаги уруш ва меҳнат фахрийларининг ҳаёт йўли, уларнинг ўгитлари ўсиб келаётган ёш авлод учун ибрат мактабидир, – дейди Шавкат Маҳбубов. – Менинг болалигим урушдан кейинги йилларга тўғри келди. Бугунги ҳаёт билан у кунларни қиёслаш, урушда ва фронт ортида, ундан кейинги уруш келтириб чиқарган оқибатларни бартараф этишда хизмат қилган ота-оналаримиз, опаларимиз ва акаларимизнинг машаққатли меҳнатини тасаввур қилиш  мушкул. Ана шундай оғир кунларни бошидан ўтказган инсонларни эъзозлаш, уларнинг қадрига етиш, марҳумларни хотирлаш мақсадида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бундан 15 йил олдин мамлакатимизда уруш тугаган кунга 9 май – Хотира ва қадрлаш куни деб ном берилгани мазкур сананинг асл инсоний моҳиятини яққол очиб берди.

Шу куни отахон ҳузурида бўлган ҳарбий хизматчилар Иккинчи жаҳон уруши ҳамда унда иштирок этган юртдошларимизнинг ҳикояларидан баҳраманд бўлдилар.

Ўз мухбиримиз

Информеры