2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ЁШЛАР ДАВРАСИДА МЕН ҲАМ ЯШАРАМАН»

дейди 98 ёшли Иккинчи жаҳон уруши фахрийси, ветеринария фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби Ҳаким бобо Ибрагимов.

Ҳаким бобо умрининг энг гуллаган, айни навқирон йилларини фашизм балосига қарши курашга бағишлади. Кейин эса илм-фан билан шуғулланиб, ёш авлод таълим-тарбияси ва мамлакат тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилди. Бугун ҳақли равишда кексалик гаштини сураётган пиру бадавлат отахоннинг уч нафар фарзанди, бир этак набираси ва кўплаб шогирдлари бор. Яқинда Ҳаким бобони зиёрат қилиш ва дуо­сини олиш учун у истиқомат қиладиган Самарқанд шаҳридаги Гулханий кўчаси, 15-уйга Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Ш. Маҳбубов бошчилигида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар ва ўқувчи-ёшлар ташриф буюришди.

– Тошкент шаҳрида таваллуд топганман, – дейди бобо биз билан суҳбатда. – Қирғинбарот урушнинг нима машаққати бўлса, барини тотиб кўрдик. Ўқ ёмғирлари, бомбардимонлар, изғирин совуқларда сарсон-саргардонлик... Ниҳоят, бизнинг қисмимиз Берлинга етиб боришига 12 чақирим қолганда Ғалаба тантанаси эълон қилинди. Ўша пайтдаги аҳволимизни бир кўрсангиз. Ҳамма бир-бирини қучоқлаб йиғлаган, табриклаган. Наҳотки уруш тамом бўлди, деймиз қайта-қайта... Тирик қолганимизга шукур қилардик. Буям Яратганнинг бир инояти-да. Урушдан ке­йин Самарқанд шаҳридаги Қишлоқ хўжалиги институтида талабаларга ўз мутахассислигим бўлмиш ветеринариядан сабоқ бердим. Илмий ишимни муваффақиятли якунладим. Ўғлим ҳам изимдан келяпти, ҳозир у ветеринария фанлари номзоди, доцент. Иккала қизим эса шифокор. Шогирдларим, ўқувчи ва талаба-ёшлар тез-тез келиб туришади. Институтда ўтказиладиган учрашув ва тадбирларга таклиф қилишади. Бундай кезларда ёшлар жуда кўп савол беради. Улар билан суҳбатлашиб мароқланаман, ўзим ҳам ёшлик йилларимга қайтгандек бўламан. Ҳа, бизнинг ёшларимиз жуда бахтиёр ёшлар. Улар учун бугун кенг имкониятлар эшиги очиб қўйилган. Энг асосийси, юртимиз тинч, ҳаётимиз осуда. Биз каби қариялар эъзоз-ҳурматда. Саломатлигимизни мустаҳкамлаш, моддий ва маънавий жиҳатдан эътибор кўрсатиш борасида доим ғамхўрлик қилинмоқда. Илоҳим кўз тегмасин.

Фурсатдан фойдаланиб, заҳматкаш фахрийга Президентимиз номидан «Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медали ва бир марталик пул мукофоти тантанали равишда топширилди.

Шаҳриёр КОМИЛОВ

Информеры