2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ОЗОД ВА ОБОД ЮРТ ПОСБОНЛАРИ

Президентимизнинг 2015 йил 9 декабрдаги «Ватан ҳимоячилари куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги фармойишига асосан Самарқанд вилоятидаги ҳарбий қисмлар, таълим муассасалари, маҳаллаларда «Таянчим ва суянчим, фахру ифтихоримсан, муқаддас Ватан!» шиори остида учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртида ўтказилган шундай тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, таниқли ижодкорлар, ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси, Ўзбекистон халқ шоири И.Мирзаалиев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади. Ўзбекис­тон Республикасининг «Мудофаа тўғрисида»ги, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунлари, умумҳарбий низомлар асосида миллий армиямизнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилди. Қўшин турларининг ўзаро ҳаракатланишини такомиллаштириш, уларни замонавий техника ва қурол-яроғ билан таъминлаш, жанговар ва ўқув-тайёргарликнинг маъно-мазмуни, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими тубдан янгиланди.

Миллий армиямиз учун юқори малакали, профессионал кадрлар тайёрлашга қаратилган эътибор туфайли айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларида Қуролли Кучларимиз учун замонавий мутахассисликлар бўйича офицер кадрлар тайёрланмоқда. Сержант­лар тайёрлаш мактабларида эса армиямиз учун кичик командирлар етишиб чиқмоқда.

– Ватан ҳимоячилари куни олдидан ташкил этилаётган бундай тадбирларда мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиликлардан хабардор бўлиш билан бирга, зиммамиздаги улкан масъулиятни ҳам янада теран ҳис қилмоқдамиз, – дейди Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсанти Шахрам Исҳоқов. – Чунки, давлатимиз томонидан ҳарбийларга жуда катта имконият ва имтиёзлар берилган. Бу биздан ўз соҳамизнинг етук мутахассиси бўлиб, юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги учун фидойилик кўрсатиб хизмат қилишни тақозо этади.

Тадбирда озод ва обод юртимиз, унинг ишончли посбонлари мадҳ этилган шеърлар айтилди, қўшиқлар ижро этилди.

ЎзА.

Информеры