2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АРМИЯ ВА ХАЛҚ ЎРТАСИДАГИ МУСТАҲКАМ РИШТА

Мудофаа вазирлигида Президентимизнинг  вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг янги таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорига биноан кенгаш аъзоларини таништириш ҳамда кенгашнинг келгуси фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб олишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишни Мудофаа вазири генерал-полковник Қ. Бердиев кириш сўзи билан очди ва ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда мудофаа ва ҳарбий қурилиш соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш, соҳада кечаётган ислоҳотларни жадаллаштириш, мамлакат тинчлиги ва осойишталигини янада мустаҳкамлаш, энг асосийси, армия ва халқ ўртасида мустаҳкам кўприк вазифасини ўташда Жамоатчилик кенгаши алоҳида ўрин тутаётганини таъкидлади ҳамда унинг янги таркибини таништириб ўтди.

– Бундай жамоатчилик назоратини амалга ошириш аввало, Қуролли Кучларда кечаётган ислоҳотлар, ўзгаришларга ҳарбий хизматчиларнинг, халқимизнинг муносабатини аниқлашнинг муҳим воситаларидан бирига айланди. Бунинг натижасида халқимиз ўртасида ўз армиясига нисбатан фахр, ифтихор туйғулари янада ошди.

Фуқаролик жамиятини ривожлантириш институтларининг миллий армиямизга фаол кириб келаётгани Қуролли Кучларнинг мамлакатимиз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш, тинч ва осуда ҳаётимизни ҳимоя қилишнинг мустаҳкам таянчи бўлишида, ҳарбий хизматнинг ёшларимиз учун мардлик, чиниқиш ва тобланиш мактабига айланишида муҳим аҳамият касб этмоқда, – деди Мудофаа вазири.

Дарҳақиқат, фуқаролик назорати механизмларининг ривожланиши, Мудофаа вазирлиги фаолиятининг ошкора, очиқ-ойдинлигини таъминлаш, ёшларимиз ўртасида ҳарбий касб нуфузини ошириш, ҳарбий хизматчилар ва чақирувга тайёрланаётган ўспиринларимизни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Тадбир давомида сўзга чиққанлар юртимизда ушбу устувор вазифаларни самарали ҳал этишга улкан эътибор қаратилаётгани, халқимиз ўз ҳимоячиларига юксак ишонч билдираётганини таъкидлашди.

Сенатор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси И. Мирза­алиев ўз нутқида кенгаш низомида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда чақирувга тайёрланаётган ёшлар ва ҳарбий хизматчилар билан тарбиявий ва маънавий-руҳий тайёргарлик йўналишларида кенг қамровли ишларни изчил давом эттириш, уларнинг теварак-атрофда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик ҳиссини, юксак маънавий-ахлоқий сифатларини, фаол ҳаётий позициясини, ватанпарварлик, юрт тақдири, унинг мустақиллиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун масъулият билан яшаш туйғусини кучайтириш асосий вазифалардан эканлигини таъкидлаб, ўтган йиллар давомида амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги режалар борасида фикр-мулоҳазалар билдирди.

Мудофаа вазирининг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосари полковник М. Салиев ўз чиқишида Жамоатчилик кенгашининг ҳарбий округ қўмондонлари, ҳарбий қисм ва муассасалар билан ҳамкорликда режа асосидаги вазифаларнинг ижро этилишини таъминлаш, шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва чақириққача бўлган ёшлар онгига ватанпарварлик туйғуларни чуқур сингдириш, ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси бўйича давлат томонидан амалга оширилаётган муҳим ишлар мазмун-моҳиятини халқимизга янада кенгроқ тушунтириш ҳамда фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик самарасини юксалтириш бўйича қатор тадбирларни режага киритиш хусусида таклифлар берди.

Тадбир давомида ҳарбий округлардан ташриф буюрган офицерлар томонидан Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши билан алоқаларни янада такомиллаштириш ва кенгаш аъзолари олдига қўйилаётган устувор вазифаларни самарали ҳал этишга доир таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Шавкат НАРЗИЕВ

Информеры