2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАЗРАТ ФИРДАВСМАКОН ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР ПОДШОҲИ ҒОЗИЙ

Ҳазрат Заҳириддин Муҳаммад Бобур,

Ҳасрат, Заҳириддин Муҳаммад Бобур.

Сиз буюк хилқатсиз, ҳикматсиз буюк,

Ҳайрат, Заҳириддин Муҳаммад Бобур.

Сирожиддин Саййид

Унинг табиатига хос ажойиботлар шу хонадонга мансуб бўлган бошқа кўплаб кишиларникига ўхшамас, ундан мудом ҳайратомуз ҳамда зиддиятли ишлар содир бўлиб турарди. У доим масжидларга назр-ниёзлар қилар, гоҳида эса ундан бандаларга озору ситамлар етарди. Баъзида эски пўстинни кийишдан ор этмай, тариқ унидан бўлган бир коса ёрмага қаноат қилган бу инсоннинг баъзан бутун бир иқлимни забт этиш билан ҳам иштиёқ косаси тўлмас эди.

…Харсанг тошлар унинг отлари тақаси остида ипакдек уваланиб кетарди. Синд дарёсининг шиддатли ва даҳшатли тўлқинлари билан ўйнашар, Ҳиндикуш тоғининг қорбўронларида йўлга отланишдан ҳам қўрқмас, дарғазаб булутлар билан курашга тушадигандай наъра тортарди.

Душманлари билан шердек олишар, қоплондек ҳамла қиларди. Салтанати Ҳиндистоннинг у юзидан Жайҳуннинг бу бетигача чўзилган  бу жаҳонгир саркардалик ташвишлари билан бирга кечалари шамчироқ ёруғида мутолаа қилиб, тунни тонгга уларди. У ўз замонасининг барча илмларидан бохабар бўлиб, ашъор битмоқ, тарихлар тузмоқда маҳоратга эришган, шунингдек, турли китоблар таълиф этган ва янги алифбо яратганди. Бу улуғ инсон бобурийлар сулоласининг асосчиси, Шарқнинг буюк саркардаси, ҳазрат фирдавсмакон Заҳириддин Муҳаммад Бобур подшоҳи ғозийдир!

МУБОРАК МАНЗИЛ

Кобул… Бу вилоят Заҳириддин Муҳаммад Бобур учун ғоят қадрли эди. «Сабзаву гуллар била жаннат бўлур Кобул баҳор, Хосса бу мавсумда Борон ёзисию Гулбаҳор» – бу сатрлар унинг таърифида битилган эди.

Подшоҳ Бобурнинг қизи, муаррих Гулбаданбегимнинг «Ҳумоюннома» асарида шундай маълумотни ўқиймиз: «Оллоҳ таолонинг инояти билан Кобулни Мирзохон қамалидан халос қилдилар. Ўша пайтда йигирма уч ёшда эдилар ва бирон фарзандлари йўқ эди. Фарзанд кўришни ўта орзу қилардилар.

Ўн етти ёшларида Султон Аҳмад мирзонинг қизи Ойша Султонбегимдан бир қиз туғилган эди. Бир ойга тўлмасданоқ вафот қилди. Ва Худойи таоло Кобулнинг олинишини муборак қилиб, ўн саккиз фарзанд дунёга келди.

Аввал онам Моҳимбегимдур – ҳазрати Ҳумоюн подшоҳ, Борбўл мирзо, Меҳржонбегим, Эшон Давлатбегим ва Форуқ мирзо;

яна Султон Аҳмад мирзонинг қизи Маъсума Султонбегимдан – у туғаётган пайтида вафот қилди – қизига унинг номини қўйишди;

ва Дилдор бегимдан – Гулрангбегим, Гулчеҳрабегим, Ҳиндол мирзо, Гулбаданбегим ва Олур мирзо.

Хулоса шуки, Кобулнинг олинишини яхши фолга йўйишганди: ҳамма фарзандлар Кобулда туғилдилар…»

Жаҳон адабиёти ва манбашунослигининг ноёб намунаси  «Бобурнома»нинг 1528-1529 йил воқеалари битилган бобида подшоҳ Бобурнинг севимли фарзанди Ҳумоюн мирзога битган мактубида ҳам Кобул яна бир бор тилга олинади: «Агар ҳозирча арзирли бирор иш қилмаётган бўлсанг, ўғрилик ва қароқчиликни ман этгин. Токи улар юзага келган тинчликни бузмасинлар. Яна шуки, Кобул вилоятини холиса қилдим, ўғилларимдан ҳеч бирингиз унга тама қилмагайсиз».

Худди шу мазмундаги мактуб Хожа Калон номига ҳам битилган: «…Бу ердаги ишлар йўлга тушиб кетса, Тангри насиб қилса, тўхтаб турмай Кобул сари йўлга тушаман. У ерларнинг латофатини киши қандай унутади? …Кобул вилоят ва қишлоқларини холиса қилдим. Ҳумоюн ва Комронга ҳам ушбу мазмунни шарҳлаб батафсил ёздим. Бир муносиб киши бу хатларни мирзоларга олиб борсин. Илгари ҳам мирзоларга бу ҳақда ёзиб юборгандим. Эҳтимол, сизга ҳам маълум бўлгандир. Энди буёғига у вилоятни бошқариш ва ободонлаштириш масаласида ҳеч бир баҳона, эътироз бўлиши мумкин эмас».

Булардан маълум бўладики, Бобур подшоҳ Кобулнинг холиса қилингани ҳақида кўп бора таъкидлаган. Бу билан ўзидан кейин  фарзандларининг ўзаро тож-у тахт талашишларини олдиндан кўра билгандек, гўё.

Бобур мирзонинг васиятига кўра унинг сўнгги манзили ҳам Кобулда бўлиши керак эди. Унинг бу васиятини манбаларда унчалик ҳам кўп тилга олинмайдиган кенжа малика, афғон уруғи сардори Маликшоҳ Мансурнинг қизи Афғоний оғоча (Биби Муборакбегим) амалга оширади. Унинг исми айрим манбаларда Бека Бегим деб юритилган. Бегим Бобур мирзонинг Ҳиндистон сари юришларида доим унга ҳамроҳлик қилган. Афғоний оғоча Бобуршоҳдан фарзанд кўрмаган. Унинг садоқати ва вафодорлиги шунчалар эдики, саройдагилар Шершоҳ Сур тазйиқи остида Агра ва Деҳлини ташлаб чиқиб кетаётган оғир бир вазиятда марҳум эрининг васиятини амалга ошириш мақсадида Шершоҳнинг рухсати билан Бобурнинг қабрини Кобулга кўчириб олиб келиб дафн этган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур номларини эҳтиромла тилга олганимизда унинг кучли ва жасур кенжа маликасини ҳам меҳр-муҳаббат билан ёд этишимиз учун қисқа маълумотларнинг ўзи ҳам етарлидир.

Улуғ инсоннинг муҳаббатига ноил бўлган Кобул қандай маскан эди? Бугунги Кобулга қараб буюк саркарданинг муҳаббатини англаш мушкул. Буни яна ўша нодир ва бебаҳо асар «Бобурнома»дан излаймиз: «Кобул вилояти тўртинчи иқлимдадир. Шаҳар обод ерларнинг ўртасида жойлашган. Кичкина вилоятдир. Узунасига чўзилган. Шарқдан ғарб­га томон ястанган. Атроф-тевараги батамом тоғдир. Қалъаси тоққа туташган. Қалъанинг ғарби-жануб тарафида кичикроқ тоғ бор. У тоғнинг чўққисида Кобул шоҳи иморат қилгани боис бу тоғни Шоҳи Кобул дейдилар.

Шоҳи Кобул тоғидан бир қоя-тумшуқ айрилиб турипти, уни Уқобайн (икки бургут) дейдилар. Уқобайн қоясидан бошқа яна бир парчагина тоғ тушган бўлиб, Кобул қалъасининг арки бу тоғнинг устидадир. Улуғ қўрғон аркнинг шимолий тарафидадир. Бу арк ғаро­йиб тарзда юксак ва яхши ҳаволи ерда жойлашган. У ердан бутун теварак-атроф худди оёқ остида тургандек кўринади. Ёз чоғлари Кобулда шимолий ел эсиб туради. Уни Паравон ели дейдилар. Аркдаги шимолга қараган дарчали уйлар жуда хушҳаводир.

Мулло Муҳаммад Толиб Муаммойи Кобул аркининг таърифида бир байтни Бадиуззамон мирзо номига атаб ўқир эди:

Бихўр дар арки Кобул май, бигардон коса пайдарпай,

Ки ҳам кўҳ асту ҳам дарёву ҳам шаҳ расту ҳам саҳро.

Мазмуни:

Симир Кобул аркида май, қадаҳ айлантир-ей тинмай,

Бу манзил тоғу ҳам дарё ва ҳам шаҳру ва ҳам саҳро.

Ҳиндистон билан Хуросонни боғловчи восита Кобул вилоятидир. Кўп яхши савдо масканидир. Савдогарлар Хитойга ёки Румга борсалар ҳам шунчалик савдо қила оладилар. Ҳар йили етти-саккиз – ўн минг от Кобулга келади. Қуйи Ҳиндистондан ўн-ўн беш – йигирма минг қорамоллик карвон Кобулга келади.

Хуросон, Ироқ, Рум, Чин матолари Кобулдан топилади. Кобул ҳиндистонлик савдогарларнинг ҳам қўнимгоҳидир.

Гармсер (иссиқ иқлим) ва сардсер (совуқ иқлим) жойлар Кобулга яқиндир. Кобулдан бир кунда сира қор ёғмайдиган жойга борса бўлади. Яна нужумий (астрономик) икки соатда шундай ерга борса бўладики, у ерда ҳеч қачон қор камаймайди.

Жуда латиф ҳавоси бор. Кобул ҳавосидек ҳаволи ер оламда борлиги маълум эмас. Ёзларда кечалари пўстинсиз ётиб бўлмайди. Қишда, гарчи қор аксар катта тушса-да лекин совуғи йўқдир. Самарқанд ва Табриз ҳам хушҳаволикда машҳурдир, лекин у шаҳарларда қаттиқ совуқ бўлади.

Кобул вилоятида ўн бир-ўн икки тилда сўзлашадилар: арабий, форсий, туркий, мўғулий, ҳиндий, афғоний, пашойи, габрий, баракий, ламғоний. Бирор вилоятда бунчалик хилма-хил қавм ва ҳар турли тилларда сўзлашувчилар борлиги маълум эмас».

Кобулнинг таърифи шулар билан тугаб қолмайди. Биз асардан айрим парчаларнигина келтирдик. Унинг табиати, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, хилма-хил қушлар, деҳқончилик, боғдорчилик, аҳолиси ва яна бошқа кўплаб маълумотлар борки, «Бобурнома»нинг ўндан ортиқ саҳифаларида уларга таъриф берилади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Кобулнинг шунчаки мафтуни бўлибгина қолмасдан унинг ободончилиги ва тинчлиги учун қатор хайрли ишларни амалга оширган. Биргина мисолни «Бобурнома»дан келтирамиз: «Нингнаҳор билан Кобул ораси энг ёмон йўлдир. Уч-тўрт ерда кичикроқ-кичикроқ довонлари, икки-уч ерда тор даралари бор. Хирилжи ва барча йўлтўсар қароқчилар афғонлардир. Бу ерларда эл яшамас, йўлтўсарлар кўп, ободончилик йўқ эди. Қўруқсойнинг этаги – Қорату мавзесини мен бунёд қилдирдим. Шундан сўнг йўл хавф-хатарсиз бўлди».

«БОБУРНОМА»ДА НАВОИЙ ҲАҚИДА

Подшоҳ Бобур асос солган улкан салтанат, унинг тарихи, авлодлари ҳақида салмоқли илмий асарлар талайгина. Буюк аждодимиз шахсига бўлган қизиқиш бир зум ҳам тўхтаб қолгани йўқ. Менинг назаримда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида энг тўлақонли маълумот унинг «Бобурнома» асарида мужассамдир. Ушбу ноёб асарнинг яна бир қиммати шундаки, унда буюк мутафаккир ҳазрат Алишер Навоийдек инсон билан бир қаторда яна кўплаб кишилар ҳақида сўз боради.

Ҳазратнинг таваллуд айёмлари нишонланаётган айни кунларда «Бобурнома»дан иқтибос келтириш ўринлидир: «Фазл аҳли ва ҳунар аҳлига Алишербекчалик мураббий ва ҳомийлик қилган одам дунёда бошқа топилмаса керак. Устоз Беҳзод ва Шоҳ Музаффар тасвирда бекнинг саъй-ҳаракати билан маълум ва машҳур бўлдилар. Шунчалик кўп хайрий бинолар бунёд қилдики, оз киши бундай ишга муваффақ бўла олади.

Алишербек кўп ва яхши нарсалар ихтиро қилган эди. Мабодо бирор киши қайсидир ишда бир янгилик яратса, у нарсанинг ривожи ва равнақи учун уни «Алишерий» деб атардилар. Баъзилар ҳазил билан Алишербекка нисбат берар эди. Чунончи, Алишербек қулоқ оғриғида рўмол боғлагани учун хотинлар кўк рўмолни қийшайтириб «нози Алишерий» деб атадилар».

«Бобурнома»да Навоий ва Биноий ўртасидаги ўткир сўз ўйинлари, қалтис ҳазиллар ҳақида ҳам маълумотлар берилган.

«...ШЕЪР ЎҚИЙСИЗМИ Ё ОДАМ ҚЎРҚИТАСИЗМИ?»

«Бобурнома»да Ҳусайн Бойқаронинг амирларидан Шайхимбек ҳақида шундай қизиқ маълумотлар бор: «Суҳайлий» тахаллуси учун уни Шайхим Суҳайлий дер эдилар. Шеърни ғалати қилиб айтарди. Қўрқинчли сўз ва маъноларни ифодаларди:

Шаби ғам гирдбоди оҳам аз жо бурд гардунро,

Фурў бурд аждаҳои сели ашкам рубъи маскунро.

Мазмуни:

Ғам кечаси оҳимнинг қуюни осмонни ўрнидан қўз­ғатди.

Кўз ёшим селининг аждаҳоси ер юзини ютиб юборди.

Бир гал бу байтни Мавлоно Абдураҳмон Жомий хизматида ўқиган, деган гап юради. Мавлоно:

– Мирзо, сиз шеър ўқийсизми ё одам қўрқитасизми? – деган эканлар».

ЯРАМАС СОЗ ЖАЗОСИ

Бобур мирзонинг эътиборидан ўша даврнинг маш­ҳур мусиқачилари ҳам четда қолмаган. «Бобурнома»да Ҳусайн Удий исмли мусиқачи ҳақида қизиқ  маълумот бор: «Удни ёқимли чалиб, маънили қўшиқлар айтарди. Уднинг торларини якка қилиб чалган – шу. Айби бу эдики, кўп ноз билан чаларди. Шайбонийхон бир навбат соз чалишни буюради. Такаллуф қилиб ҳам ёмон чалади, ҳам ўз созини олиб келмай, ярамас соз келтиради. Шайбонийхон буни фаҳмлайди. Зиёфат пайтидаёқ, бўйнига боплаб мушт туширишларини буюради. Шайбонийхоннинг оламда қилган бир яхши иши бўлса – шудир. Зотан жуда тўғри иш қилган».

Ҳа, «Бобурнома»нинг айтган билан таърифи тугамайди. Уни фақат мутолаа қилиш керак. Бир бор бу бебаҳо ёдгорликдан баҳраманд бўлган киши қайтиб ундан кўнгил узолмай қолади. Ушбу ноёб асарнинг қиммати Бобур мирзо асос солган улкан салтанатнинг баҳосидан кам бўлмаса керак.

Инобат ИБРОҲИМОВА тайёрлади.

Информеры