2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

БИРИНЧИ ЧОРАК ЯКУНЛАРИ ВА РЕЖАЛАР

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси мажлислар залида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг жорий йил биринчи чораги якунларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди. 

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг биринчи чораги мамлакатимиз ҳаётида муҳим аҳамият касб этадиган воқеа-ҳодисалар, байрамларга бой бўлди. Айниқса, 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланди. Мамлакатимиз Президенти Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 24 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида шундай таъкидлади: «…таълим муассасалари, ҳарбий ва меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда ёшларимиз қалбида Ватанга юксак муҳаббат, Қуролли Кучларимиздан ғурурланиш ва ҳарбий хизматга чуқур ҳурмат туйғуларини камол топтириш мақсадида ҳарбий ватанпарварлик йўналишидаги тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш бў­йича ишларни янада кучайтириш, ҳеч шубҳасиз, алоҳида муҳим аҳамият касб этади. Ана шундай узоқ муддатга мўлжалланган, долзарб вазифаларни амалга ошириш Мудофаа вазирлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари ва тузилмалар, маданият, санъат ва спорт соҳаларининг кўзга кўринган намояндаларининг ўрни ва таъсири беқиёс, албатта».

Дарҳақиқат, ташкил этилганига тўрт йил бўлаётган Жамоатчилик кенгаши низомида белгилаб берилган вазифаларни оғишмай амалга ошириб келмоқда. Жамоат ташкилотлари, жамғармалар, касаба уюшмалари, нодавлат, нотижорат ташкилотлари, олий ҳарбий таълим муассасалари, оммавий ахборот  воситалари вакиллари, маданият, санъат, фан намояндалари, давлат органларининг экспертларидан иборат таркиб ҳарбий касб нуфузини янада ошириш, ҳарбий хизматчилар ва ёшларни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини такомиллаштириш ишида муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, Жамоатчилик кенгашининг раиси Иқбол Мирзаалиев йиғилишни очиқ деб эълон қилар экан, биринчи чоракда амалга оширилган ишлар, айниқса, Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 24 йиллиги муносабати билан ташкиллаштирилган маънавий-маърифий тадбирларда кенгаш аъзоларининг фаол иштирок этганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида бўлиб ўтган чақирув жараёнларида, Ҳарбий қасамёд қабул қилиш тантаналарида кенгаш аъзоларининг фаоллиги кузатилгани қайд этилди.

Шу куни Жамоатчилик кенгаши комиссияларининг биринчи чорак якунлари бўйича ҳисоботлари тингланди. Унга кўра Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчиларини ҳамда ҳарбий хизматдан резервга бўшатилган фуқароларни, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш чораларини амалга ошириш комиссиясининг фаолияти юқори баҳоланди. Айрим комиссиялар ишига танқидий баҳо берилди.

Тадбирда Жамоатчилик кенгашининг кейинги чоракда амалга оширилиши кўзда тутилган режалари ҳақида ҳам сўз борди. Хусусан, 2016 йил «Соғлом она ва бола йили» давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматгача бўлган ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда маънавий руҳий тайёргарлигини оширишга қаратилган масалалар муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Соҳибқирон Амир Темур таваллуди, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни каби қутлуғ саналарга бағишланган маънавий-маърифий тадбирларни юксак савияда ташкиллаштириш, кенгаш фаолиятининг янада сермаҳсуллигини таъминлаш, шунингдек, унинг оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорлигини йўлга қўйишда, халқ ва армия якдиллигини намойиш этадиган, мудофаа ва ҳарбий қурилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг долзарб масалалари бўйича жамоатчилик фикрини шакллантиришга хизмат қиладиган замонавий ҳарбий журналистикани ривожлантириш юзасидан фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилди.

Назокат НОДИРШОҲОВА

Информеры