Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

«ТАРБИЯ – МАЪНАВИЯТ БЕШИГИ»

 

Луқмони Ҳакимдан сўрашибди:

– Насиҳатларингизнинг кўпи ёшларга оид бўлади, аммо ёши катталарга камроқ бўлади, бунинг сабаби нима?

Луқмони Ҳаким шундай жавоб берди:

– Боғбон ерни юмшатиб, кўчатини ўтқазса, унинг атрофини хас-ҳашакдан, зарарли ёввойи ўтлардан тозалаб, керак бўлган вақтда сув бериб турса, умуман, ниҳол яхши парвариш қилинса, тез вақтда у улкан  дарахтга айланиб ҳосилга киради. Болани ҳам ёшлигидан бошлаб яхшилаб тарбия қилинса, гўзал ахлоқли, одобли этиб ўстирилса, у  келажакда ўзига, ота-онасига бахт-саодат келтиради, жамиятнинг энг фойдали аъзоси бўлиб етишади. Шунинг учун мен ёшлар тарбиясига кўпроқ аҳамият бераман, баъзи насиҳатларимнинг кўп қисми ёшларга оид бўлади.

Ҳа, фарзанд тарбияси қанча эрта бошланса, ҳосили шунча эрта кўзга ташланади. Халқимиз азалдан болажон халқ. Албатта, ҳар бир ота-она фарзандлари тарбиясига алоҳида эътибор бериб, уларнинг билим олишларини, ҳунар эгаллашларини ва келажакда комил инсон бўлиб етишишини орзу қилади. Қувонарли томони шундаки, бугун мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбияси давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, бу борада изчиллик билан олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ёшларнинг келажакда юксак маънавиятли инсонлар бўлиб улғайишига қаратилган. Аслида маънавий тарбия барча даврларда ҳам энг устувор вазифалардан бири саналган. Чунки маънавиятли, маърифатли инсонда  Ватан учун дахлдорлик, ватанпарварлик ҳисси юқори бўлади. Улар юрт равнақини ҳар нарсадан устун қўяди. Бу йўлда мислсиз жасорат намуналарини кўрсатади. Шу боисдан  бугун умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг маънавий-ахлоқий сифатларини шакллантириш, уларни миллий қадриятларимиз, урф-одатларимизга ҳурмат руҳида  тарбиялаш борасида моҳияти ва кўлами жиҳатидан улкан ишлар амалга оширилмоқда, бу йўналишда кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Жумладан, пойтахтимиздаги 161-сонли умумтаълим мактабида Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб ўтказилган маънавий тадбир ҳам айнан ана шу мақсадга йўналтирилганлиги билан қимматлидир.  «Тарбия – маънавият бешиги» деб номланган  ушбу тадбирда  ота-боболаримиздан қолган миллий меросимиз, қадриятларимиз, либосларимиз, урф-одатларимиз яна бир бор ёдга олинди, улар ҳақида қимматли фикр-мулоҳазалар билдирилди. Эътирофга сазовор жиҳати, ушбу маълумотларни ўқувчилар томошабинларга уч тилда – ўзбек, рус ва инглиз тилида етказишди.  Ҳа, чет тилида эркин ва ровон сўзлашаётган бу ўғил-қизларга қараб ҳавасимиз келди. Бу албатта, юртимизда ёшларга хорижий тилларни ўргатишга катта эътибор берилаётганидан, бунинг учун етарлича шарт-шароитлар яратилганидан далолат беради. Шунингдек, тадбир давомида ўқувчилар томонидан оила, маҳалла ва мактаб ҳамкорлиги, миллатлар ҳамдўстлиги, мусиқа санъатининг ва ижтимоий тармоқларнинг ёшлар тарбиясига таъсири, ота-онага ҳурмат ва эҳтиром каби мавзуларда енгил юморга йўғрилган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Ватанга садоқат, Ватан туйғусини тараннум қилувчи куй-қўшиқлар янгради.

– Қадрият ва анъаналарда халқнинг, миллатнинг турмуш-тарзи, маданияти, маънавияти акс этади. Улар замирида  ватанпарварлик, эзгулик, меҳр, вафо ва садоқат каби муқаддас туйғуларни инсонлар онгига сингдиришдек эзгу мақсад мужассам, – дейди тадбир ташкилотчиларидан бири, «Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари» фани ўқитувчиси Дилфуза Холиқулова. –  Демак, миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз барчамиз учун муқаддас. Уни муқаддаслигича авлоддан-авлодга етказиш эса биз – ўқитувчиларнинг ҳам бурчимиз. Чунки фарзанд илк марта ёзишни, илк таълимни мактабдан олади. Ушбу таълим даргоҳида ҳаётнинг моҳиятини англайди, дунёқараши шаклланади. Шу боисдан ҳам умумтаълим мактабларида ўқувчилар маънавиятини ошириш, уларда энг яхши сифатларни шакллантиришга алоҳида эътибор берилади. Мазкур тадбир  ўқувчиларимизга оз бўлса-да маънавий озуқа берса, биз ўз мақсадимизга етган  бўламиз.

– Тадбирга тайёргарлик  давомида миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз ҳақида янаям кўпроқ маълумотларга эга бўлдик, турли миллат рақсларини ўргандик. Бу жуда қизиқарли экан, – дейди 8-синф ўқувчиси Софияноза Эшниёзова. – Шу боисдан ҳам тадбирдан олган таассуротларим бир олам.

– Тадбир  ғоят сермазмун ва эсда қоларли бўлди, – дейди Насиба Асадова. –  Фарзандларимиз ижросидаги рақслар, саҳна кўринишларини томоша қилишнинг ўзи қувончли. Бунинг учун тадбир ташкилотчиларига раҳмат деймиз. Ўқувчиларнинг чиқишларини кузатиб, улар орасида иқтидорли, истеъдодли ёшлар кўп эканлигига амин бўлдик. Ўйлаймизки, бу каби тадбирлар фарзандларимизнинг тарбиясида муҳим аҳамият касб этади.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

Информеры