2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЁЙИЛДИ ДАШТ УЗРА ОЛОВЛИ ҲАЛҚА

ёхуд артиллериячи мутахассисларнинг дала-ўқув машғулотлари тафсилотлари

Мудофаа вазирлиги қўшинларининг артиллериячи мутахассислари ўқув йили режасига асосан дала-ўқув йиғини машғулотларини кўнгилдагидек якунига етказишди. Вазирлик Бош штаби артиллерия бошқармаси бошлиғи – артиллерия қўмондони ҳамда масъул офицерлар иштирокида ўтган машғулот давомида турли ҳарбий округлардан келган соҳа мутахассислари амалий кўникмаларини янада мустаҳкамлаб, тажрибаларини бойитишди.

Йиғин ўтказилаётган ҳудуд, яъни Марказий ҳарбий округи ҳудудида жойлашган дала-ўқув майдони машғулот мақсадига мос тарзда жиҳозланган. Артиллериячи мутахассислар бир-бирларидан анча олис масофаларда жойлашган бир нечта ўқув нуқталарида маш­ғулот олиб боришмоқда. Артиллерия қуролларининг отиш узоқлиги ва қамровини эътиборга олсак, бу тадбир бежизга эмас, балки айни мақсадга хизмат қилишини тушуниб етамиз. Мазкур нуқталар артиллерия техникалари ва қурол-аслаҳа турларига кўра бир-биридан фарқланади. Ҳар бир ўқув нуқтасида ўт очишни бошқариш пунктлари мавжуд ва улар машғулотга умумий раҳбарлик қилаётган қўмондонлик назорат пункти билан мустаҳкам алоқа ўрнатишган. Батареяларда ҳудудга мос тарзда ниқобланган артиллерия қурилма ва техникалари ҳамда реактив залп ўт очиш тизимлари, ҳисоб рақамлари ўз позицияларида шай туришиб, ҳар ким ўз зиммасидаги жанговар вазифани сифатли адо этиш учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Эътиборлиси, эл-юрт олдидаги юксак бурчини артиллериячилар сафида адо этаётган муддатли ҳарбий хизматчилар ҳам вазифаларини кўнгилдагидек уддалашяпти.

– Посбонларимиз бу ерда ўрганган билимларини амалиётга татбиқ этишади, – дейди майор Рустам Баратов. – Демак, улар учун машғулотлар қайсидир маънода синов ҳамдир. Шу боис улар астойдил ҳаракат қилишмоқда.

Суҳбат давомида масъул офицердан бевосита амалий машғулотни бошлашга қадар мутахассис артиллериячиларнинг ҳар бири билан чуқур савол-жавоблар ўтказилиб, уларнинг ҳарбий техника, қурол-яроғ ва уларни қўллаш борасидаги билимлари синаб кўрилгани, посбонларнинг саломатлиги ва руҳий ҳолати ҳам эътибордан четда қолмай, хавфсизлик қоидаларини билиши ва бошқа барча талаблар ўрганиб чиқилганини билиб олдик.

Ижодий гуруҳимиз билан дастлаб НОНА деб аталувчи артиллерия техникасидан отиш амалга ошириладиган нуқтага етиб бордик. Ҳудуд шароитига мос тарзда ер бағирлаб ниқоблаб қўйилган қудратли ҳарбий техникалар яқинида унга бириктирилган жанговар ҳисоблар шай туришибди. Ҳадемай,нишонга отиш машқлари бошланади.

Қўмондонлик кузатув пунктидан алоқа воситаси орқали қайси координатдаги нишонларни мўлжалга олиш, отиш усули ҳамда қанақа снаряддан ўт очиш ҳақида тегишли кўрсатма берилди. Унга жавобан ўт очишни бошқариш пунктидан буйруқ қабул қилинганлиги ҳақида билдирув берилди ва нишонлар координатлари, снаряд тури ва отиш усуллари ҳақидаги қайдлар такрорланди. Маълумотлар аниқ ва тўғри қабул қилинганлиги тасдиқлангач, улар тўп командирларига етказилди.

Тўплар ўқланиб, мўлжал керакли координатларга тўғирланди. Бунда ҳавонинг қаршилиги, шамолнинг тезлиги, хавфсизлик қоидалари ва бошқа омиллар ҳисобга олинди.

Машғулотни бошқараётган масъул офицерлар эса бу жараёнда пос­бонларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатини кузатиб, барчасини баҳолаб бордилар.

Мана, қўйилган вазифани юксак даражада адо этиб, нишонни яксон этишга тайёр бўлган ҳарбий хизматчилар ўз ўринларини эгаллаб, тўп командирлари бирин-кетин қўлларидаги байроқларни кўтара бошладилар. Бу – ўт очишга тайёрмиз, дегани эди.

Ўз навбатида батарея ўт очишга шай экани ҳақидаги маълумот қўмондонлик кузатув пунктига алоқа воситаси  орқали етказилди. Қўмондонлик кузатув пунктидан нишонга қарата илк снарядни отиш ҳақида буйруқ берилди. Маълумки, бу усул артиллериячи мутахассисларга нишонлар тўғри мўлжалга олинганми ёки йўқми эканини текшириб кўриш учун керак.

Машғулот жараёнида иштирок этаётган бир нечта артиллерия техникаларининг дастлабкиси илк отишни амалга оширди. Орадан кечган қисқа танаффус вақтида мазкур ўзиюрар артиллерия техникасини қайта ўқлашга улгуриш керак. Шундай ҳам бўлди. Қўмондонлик кузатув пунктидан мўлжал тўғри олингани ҳақидаги ахборот қабул қилинди. Шундан сўнг ҳар бир техникадан навбат билан отишлар амалга оширилди.

Якка тарздаги отишлардан сўнг, барча тўплардан бирваракайига отиш амалга оширилиши ҳақида кўрсатма берилди ва нишонлар ҳақидаги маълумотлар узатилди.

Юқори қўмондонликдан отиш ҳақида буйруқ олингач, ўт очиш машғулотига раҳбарлик қилаётган полковник Кимнинг «Диққат, батарея!» – дея берилган буйруғига биноан тўпчилар тик қотдилар.

Тўпчиларга бирваракайига отиш ҳақида буйруқ берилди. Тўп командирларининг «Ўт оч!» дея берган буйруғи янгради ҳамда отишни амалга ошираётган барча артиллерия қурилмалари бир вақтда оғзидан олов пуркади. Ҳосил бўлган ўтли ҳалқа кимсасиз дашт узра белгилаб қў­йилган нишон ҳудудини қамраб олди. Беихтиёр «оловли ўқ» иборасини ёдимга олдим. Бу иборани атоқли шоиримиз Мақсуд Шайхзода «Муҳаммад тўпчи» балладасида келтирган эди. Балладада шоир кўза олиб, сув келтириш учун чиққан оддий қишлоқ қизининг қалбидаги ёр соғинчи ифода этилган қўшиқ ва шу қўшиқнинг қаҳрамони, иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида босқинчи душманларнинг додини бераётган ўзбек ўғлони, моҳир артиллериячи Муҳаммад тўпчининг мардона ҳаракатларини шундай мадҳ этган:

...Куз, ҳавонинг қовоғи солиқ,

Ер портлайди вулқонлар янглиғ.

Қароқчилар босар пайдар-пай

Баланд демай, ёки паст демай.

Ўрмалайди душманнинг танки

Аммо тўпчи бир қаҳрамонки,

Келмиш узоқўзбек элидан,

Танкни янчар уриб белидан.

У Муҳаммад Иброҳим қўли,

Унинг тўпи оловли қўли...

Ва шоир Ватани, халқи ва севикли ёрини ҳимоя қилаётган мард жангчи ўғлон ҳамда унинг қайлиғи ўртасидаги севги-вафони улуғлаб:

Севганингдан келмиш хуш дарак,

Тарихларга кирди замбарак...

У қаҳрамон бўлиб келажак,

Тез келмаса келар бир дарак

дея фикрини гўзал тарзда якунлаган. Бугун артиллерия қўшинлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, энг катта бойликларимиздан бири бўлган тинчлик ва осойишталикни асрашдек улуғ ишга ҳисса қўшаётган ўғлонларимизни ҳам лобар ва оқила қизлар интизор кутаётганини эсга олсак, мақоламиз баллада қаҳрамонлариникига ҳамоҳанглигини, эр йигитлар ҳамиша эл-юртга таянч бўлиб, ҳурмат ва эҳтиромларга муносиб бўлишини кўрамиз.

Нишонга отиш машғулотларини аъло даражада уддалаган тўпчиларга яқинлашарканман, натижаларига кўра илғорлар ичра энг илғор, дея эътироф этилган сержант Ҳаёт Нуриддинов ва унинг қўл остидаги посбонлар билан суҳбатлашмоқчи бўлдим.

– Яхши натижа қайд этганимизнинг бош сабабини жамоавий жипслигимизда, деб биламан, – дейди профессионал армиямизнинг профессионал посбони сержант Ҳаёт Нуриддинов. – Чунки сафдошларим – механик ҳайдовчи, шартнома бўйича хизмат оддий аскари Илҳом Неъматов, ўқловчи ва мўлжалга олувчи, муддатли ҳарбий хизмат оддий аскарлари Жавоҳир Маҳмудов ва Миродилжон Солижоновларнинг ҳар бири фидойи ва мард йигитлар. Улар кимга ва нима учун хизмат қилаётганини, бурч масъулиятини, шарафли ва масъулиятли хизматлари замирида қандай улуғ мақсадлар мужассамлигини жуда яхши билишади. Ўзим эса ҳарбий хизматни мард йигитлар иши, деб танлаганман. Тақдирим она Ватан тақдири билан чамбарчас боғлиқ экан, демак, шу Ватанни асраш, унинг тинчлиги ва фаровонлиги учун хизмат қилиш менинг оддий фарзандлик бурчимдир.

– Болалигимдан ҳарбий хизматга қизиқардим, – дейди ўқловчи, муддатли ҳарбий хизмат оддий аскари Жавоҳир Маҳмудов.– Мана, орзуимга эришдим. Армияда ўзим учун керакли жуда кўп нарсаларни ўрганяпман. Бу нафақат жанговар санъатга оид билимлар, балки ижтимоий, сиёсий, маънавий ва кенг ҳаётий билимлар. Уларнинг ҳар бири катта ҳаётда асқотишига ишонаман. Бугунги муваффақиятимизнинг ҳам бош сабабини билим ва малакада, сабот ва матонатда деб биламан.

Суҳбатдошим мардлар сафига қўшилгач, соҳа билимларини ўрганишга астойдил киришганини таъкидлаб ўтди. Жумладан, унинг ўз вазифасини чуқур эгаллашида устозлари, дивизион командири майор Толиб Умаров, майор Дамир Ҳусайинов, катта лейтенант Даврон Хуррамовларнинг берган таълим-тарбияси ва кўрсатган йўл-йўриқлари муҳим бўляпти экан. Шунингдек, жамоалар ўртасида соғлом рақобатнинг йўлга қўйилиб, ўзаро мусобақадошлик муҳитининг яратилгани ҳам бу ўринда мақсадга мувофиқ келмоқда.

Кейинги ўқув нуқтасида Тошкент ҳарбий округидан келган артиллериячи мутахассислар реактив залп ўт очиш тизимидан отишни амалга оширишяпти. Қўмондонлик кузатув пунктидан олинган маълумотлар асосида дастлабки снарядлар отилгач, мўлжал тўғри олингани тасдиқланди. Шундан сўнг бир саф бўлиб турган ушбу тизимларнинг бир нечтасидан залп билан отиш амалга оширилди. Ушбу мажмуадан отишда капитан Баҳодир Ҳусайинов бошчилик қилаётган батареяда хизмат бурчини ўтаётган ўғлонлар – жанговар машина командири, сержант Муҳиддин Мадихўжаев бошлиқ жамоа – ҳайдовчи, шартнома бўйича хизмат оддий аскари Охунжон Насвалиев, мўлжалга олувчи, муддатли ҳарбий хизмат оддий аскари Жасур Бекмирзаев, ҳисоб рақам, муддатли ҳарбий хизмат оддий аскари Рамз Ғозиев, шунингдек, буларнинг сафдоши, мусобақадош иккинчи жамоа – жанговар машина командири, сержант Алижон Абилов, ҳайдовчи, шартнома бўйича хизмат оддий аскари Соҳиб Ҳожиев, мўлжалга олувчи, муддатли ҳарбий хизмат оддий аскари Бобур Назаров ва ҳисоб рақам, муддатли ҳарбий хизмат оддий аскари Нурбек Умировларнинг натижаси етакчилар томонидан бошқаларга ўрнак сифатида кўрсатилди.

Худди шундай реактив залп ўт очиш тизимидан отишни амалга оширган Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи артиллериячи мутахассисларидан эса жанговар машина командири, сержант Ҳасан Калонов бошлиқ жамоа аъзолари – ҳайдовчи, шартнома бўйича хизмат оддий аскари Ҳусан Қўшмуродов, мўлжалга олувчи, муддатли ҳарбий хизмат оддий аскари Шоҳрух Аҳадов ва ҳисоб рақам, муддатли ҳарбий хизмат оддий аскари Фарҳод Ғаниев ҳамда жанговар машина командири, кичик сержант Санжар Қобилов бошлиқ муддатли ҳарбий хизматчилар – ҳайдовчи Зиёдбек Ўрозов, мўлжалга олувчи Жалолиддин Йўлчиев ва радиоалоқачи Шоҳрух Муҳиддиновларнинг натижалари юқори баҳоланди.

Айниқса, жамоа етакчиларидан кичик сержант Санжар Қобилов ҳақида илиқ фикрлар билдирилди. Малакали кичик командирнинг «Ҳарбий спортчи», «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 10 йил» кўкрак нишонлари ҳамда аъло хизматлари туфайли Мудофаа вазирининг «Эсдалик нишони»га эга эканини билгач, мақтовлар бежизга эмаслигини англадик.

Бундан ташқари машғулот давомида «оловли қалқон» эгалари миномёт ва бошқа артиллерия қуролларидан ҳам отишди. Гарчи шивалаб ёғиб турган ёмғир гоҳида забтига олиб, баъзан қорга айланган, кучли шамол туфайли ҳарорат анча совиб кетган бўлса-да, кундузги ва тунги шароитларда амалга оширилган отиш машғулотларининг муваффақиятли адо этилишига ноқулай об-ҳаво ёхуд табиатнинг турли инжиқликлари ва бошқа омиллар ҳеч қандай тўсиқ бўла олмади. Бу албатта, посбонларимизнинг маҳоратларидан, ҳар бири бурч масъулиятини теран англаб, вазифаларига сидқидилдан ёндашаётганларидан далолатдир.

– Соҳа мутахассисларининг малака ва тажрибаларини ошириш учун бундай машғулотларни мудом ўтказиб боришни йўлга қўйганмиз, – дейди Мудофаа вазирлиги Бош штаби артиллерия бошқармаси бошлиғи – артиллерия қўмондони, полковник Шавкат Мамажонов. – Эришган ютуқларимизни эса Қуролли Кучларимизнинг шонли 22 йиллик тантаналарига ҳадя, деб биламиз.

Ёшин ҲАКИМОВ

Информеры