Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

ФАРЗАНДИНИ ҲИМОЯЧИМ, ҚЎРҒОНИМ ДЕБ ЭРКАЛАР

 

(Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Қуролли Кучларнинг 22 йиллигига)

ЭНГ АЖИБ ГЎДАК

Нозим Ҳикматнинг «Энг ажиб гўдак ҳали улғаймаган гўдакдир», деган мисраларини ўқиб, таъсирландим. Оппоқ қоғоздек тоза юрагига кўп нарсаларни ёзиш мумкинлигига нисбат бериб шундай дейилганмикин? Масалан, алла орқали Ватан ҳақидаги боқий қўшиқни. Асотирлардаги паҳлавонлар, ўтмишимиздаги қаҳрамонларни. Ёки тарихимиз фидойиси Абдусаттор Жуманазар айтган қадимги жангчи бурғусидан янграган оҳангни. Ҳимоячим, қўрғоним деб, тикланган ғурурни, орни, номусни ажиб гўдакнинг қалбига ёзиш мумкин. Шунда ҳали биз яшамаган кунларни яшайди, биз қилмаган орзуларни қилади. Кўкси баланд, ғурури ундан-да баланд бўлиб улғаяди. Очиғи, мен бу гўдак – соғлом бола тимсолида Ватан ҳимоячисини кўрдим. Ахир, халқимизда ҳам улғаяётган фарзандни «ҳимоячим», «қўрғоним» деб бежиз эркалатмайди-да. Халқ ҳикматларида гап кўп.

ҚАЛБИМИЗДАН ЖОЙ ОЛГАН САНА

Президентимизнинг 2013 йил 12 декабрдаги «Ватан ҳимоя­чилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги фармойиши ва ундаги устувор вазифалар, «Ўзбекистон ягона Ватаним» умумий шиори остида республикамиз бўйича ўтказиладиган тадбирлар тўғрисида ўқиб, юрагимда байрам руҳи янада жўш урди. Байрам шукуҳи халқимиз, кенг жамоатчилигимиз қалбидан янада чуқурроқ ўрин олиши учун амалга ошириладиган тадбирлардан руҳландим.

Мазкур муҳим ҳужжат асосида жойларда турли-туман тадбирлар амалга оширилмоқда. Таҳририятга телефон қўн­ғироқлари, электрон почта орқали келаётган, умумхалқ байрамига тайёргарлик билан боғлиқ хабарлар оқимининг «шашти» баланд. Ватан ҳимоячиси, Ватан ҳимояси ҳақида сўз айтишга чоғланган миллатдошларимни бир-бир бағримга босгим келади. Марғилонда 75 ёшли Муҳаммаджон ҳожи Маҳмудов деган жамоатчи мухбиримиз бор. Ватан ҳимоячилари, улар билан боғлиқ тадбирлар ҳақида доим хабар йўллаб туради. «Шундай кунларни кўрганимизга шукроналик учун ёзаман. Ўз армиямизга эга бўлганимиз учун ёзаман. Тинчлигимиз, осойишталигимиз ҳимоясида ҳеч кимдан кам бўлмаган марду майдонларимиз тургани учун ёзаман», дейди отахон. Мен ҳожи бобони ўзимча «халқнинг овози» дейман.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Президентимиз фармо­йишига биноан Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши фаоллари маҳаллалар, мактаб, муассасалар, йирик корхона ва ташкилотларда аҳоли билан маданий-маърифий тадбирлар, мулоқотлар ўтказиб, Ватанни ҳимоя қилиш, уни севиш, ҳарбийликнинг қанчалар шарафли иш экани борасида янада кенгроқ тушунтиришмоқда. Хўш, бундай учрашувлар нима беради? Албатта кенг жамоатчиликда мудофаа қудратимиздан ғурурланиш, фахрланиш туйғуларини шакллантиради, эртанги кунга умид, ишончни мустаҳкамлайди.

Умумтаълим мактаблари, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган махсус соатлар ташкил қилинмоқда. Жасорат ва мардлик мавзуларида очиқ дарслар ўтказиляпти. Хўш, бундай маънавий-маърифий ишлар замирида қандай мақсад бор? Таъкидлаш лозимки, жасорат сабоқлари йигитларда мардлик, матонат фазилатларини тарбиялайди. Жасорат кўрсатишга, Ватани, оиласи, яқинларини, севган қизини ҳар қандай хавф-хатардан ҳимоя қилишга юрагида иштиёқ, ғурур алангаланади. Лобар қизларнинг йигитларни Ватаннинг, халқнинг ҳимоячиси сифатида табриклаётганини ҳам ўзига хос анъана сифатида қутлаш керак. Бу билан эр йигит юрагида уйғонадиган мардликни қутлаш керак.

 «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, «Нуроний», «Маҳалла» жамғармалари, хотин-қизлар қўмиталари вакилларининг байрам тадбирларида фаол иштирок этаётганини барчамиз яхши биламиз. Ҳарбий қисм ва муассасаларга жамоат ташкилотлари ходимларининг бориши, тадбирларда фаол қатнашиши халқ ва армия бир тану бир жон деган ғоянинг амалий намоёнидир.

Нуроний отахон, онахонларнинг Ватан ҳимоячилари бўлган фарзандлари ҳузурига боришида улкан маъно бор. Давлатимиз юрт посбонларига яратган шароитлар билан танишишади, ҳаётий тажрибалари, панд-насиҳатлари, дуолари билан ҳарбий хизматчилар онгига ватанпарварлик туйғуларини сингдиришади. Бу айнан менталитетимизга хос хусусият.

Ўзбегимда тўйга тўёна деган гап бор. Ватан ҳимоя­чилари куни байрами муносабати билан ҳарбий хизматчиларга янги турар жой бинолари топширилади. Ҳарбийлар яшаётган маҳаллаларда тантанали тадбирлар ўтказилади. Бу шарафли касб эгалари доимо давлатимиз, халқимиз эътиборида эканини ифодалайди.

Истиқлолимизни, она юртимизни ғанимлардан ҳимоя қилиш йўлида мардларча ҳалок бўлганлар оилаларига бориш, уларга моддий, маънавий кўмак бериш замирида қанчалар улкан маъно бор. Бундай тадбирлар орқали ўсиб келаётган ёш авлод қалбида Ватаннинг қанчалар азиз, муқаддас эканлиги, эр йигит жасорати ўлмаслиги ҳақида тушунчалар шаклланади.

Ҳарбий қисмлардаги кутубхоналарни ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги адабиётлар билан янада бо­йитиш борасида амалга оширилаётган ишларни янада жонлантириш тўғрисида эшитиб, қувондим. Кўз олдимда бугуннинг посбони – интеллектуал салоҳияти, маънавияти юксак ҳарбий хизматчилар тимсоли жонланди.

Бинолар, кўчалар ёнидан ўтганингизда Ватан ҳимоячисини мадҳ этувчи турли шиорлар, баннерлардан кўз қувнайди. Қалбимизда мустақил Ўзбекис­тонимиз армиясидан фахрланиш, ғурурланиш туй­ғулари алангаланади.  

Хуллас, тадбирларнинг қайси бирини санашни билмайсиз. Ватан ҳимоячилари куни том маънода халқ­нинг, миллатнинг байрами, юрагимиздан чуқур жой эгаллаган муқаддас кун эканлиги тўғрисидаги тасаввурлар кенгаяди. Буюк халққа, танлаган йўлидан дадил одимлаётган, юксак марраларни эгаллаётган халқ­қа муносиб байрам дегим келади, бу кунни.

ТИНЧЛИКНИНГ ҚИЙМАТИ

Тинчликнинг баҳоси, қиймати борми? Бу саволни зарур бўлса ҳар куни ўз-ўзимизга беришимиз лозим. Бунга жавобан «бебаҳо неъмат» дейишга оғиз жуфтлаганингизни сезяпман. Миллатимизга хос характердан келиб чиқиб, албатта шундай жавоб берамиз-да. Аммо бу неъматнинг антоними – уруш олови сўнгани йўқлигини ҳам эсдан чиқармаслигимиз керак. Биргина 2012 йилнинг ўзида дунё бўйича 307 миллиард АҚШ доллари миқдорида қурол сотилган, деган маълумотни ўқидим. Ўз ҳаловатини бузишга инсоният ана шундай беҳисоб маблағни сарфлаяпти. Шу сабабли баъзи мамлакатларда тинчлик, ҳаловат «мўрт» бўлиб қолган. Қанчадан-қанча тўкилган қонлар, фидо бўлаётган жонлар ҳам биз учун энг тансиқ бўлган неъматни баъзан тиклай олмаяпти. Ҳа, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, тинчлик учун курашмоқ керак. Демак тинч­ликнинг, ҳаловатнинг қиймати баланд. Шунинг учун ҳам унинг қўриқчилари ҳар қандай жамиятда қадр­ланади. Тинчликпарвар миллатимизда эса юрт ҳимоя­чисига ҳурмат, эҳтиром кўрсатиш қадрият даражасига айланган, десак муболаға бўлмайди.

Бобом болалигимда «ҳа, полвон», деса тушунмаганман. «Кураш тушмасам, қандай полвон бўлдим?», деб ўйлаганман. Йиллар ўтиб англадим. Ҳимоя­чим бўлсин, юртни бало-қазолардан асрасин, деган маънода айтиларкан, бу калом. Халқ даҳосини қаранг. Халқ буюклигини қаранг. Нафақат ўзи, сўзи ҳам қудратли бўлиб келган бу миллатнинг.

Узилган ришта мустақиллик туфайли боғланди. Аждодларимизнинг Ватан ҳимоясига муқаддас иш сифатида қараб келганини назарда тутяпман. Халқ ва армия бир тану бир жон, деган ғоя бугун жамиятда янгича ранг олаётгани ҳам бизни аждодлар анъ­анаси билан боғлаяпти. Шу боис, 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни барчамизнинг байрамимиз, барчамизнинг тантанамизга айланди. Бу куннинг йилдан-йилга ўзгача мазмун касб этиб бораётгани, энг улуғ, энг азиз айёмимиз бўлган Мустақиллик байрами даражасида юксак нишонланаётгани бунинг ёрқин далилидир.

«ВАТАН ҚЎЛИ ОЧИҚБОБОМНИНГ КАФТИ»

«Ватан қўли очиқ бобомнинг кафти, сафарчоғ момомнинг тутган тугуни», деб ёзибди кичик сержант Жума Маматов миллий армиямизнинг 22 йиллигига бағишлаб «Ватанпарвар» газетасида ўтказилаётган «Посбониман муқаддас юртнинг» танловига юборган шеърида. Академик лицей ўқувчиси  Муқаддас  Оқмаматова эса электрон почтамизга йўллаган мактубида «Сенинг номинг ёзилган  юрагимга, баркамоллик –  мен  интилган  йўл, Ватан», деб ёзган. Бундай таъриф-тавсифларни кўп-кўп келтиришимиз мумкин.

Байрам арафасида, байрам кунларида эл-юртимизга фидойи, садоқатли, ҳақиқий ватанпарвар, чуқур билим ва катта ҳаёт тажрибасига эга инсонлар – сиёсатшунослар, олимлар, ижодкорлар, хуллас, халқ­нинг зиё­ли қатлами ёрдамида ўтказилаётган тадбирлар самараси бу. Ёшлар онгида Ватан, унинг ҳимоячиси ҳақида теран тушунчалар шаклланмоқда. Ватанни ҳимоя қилиш ғояси онгида қуролга айланаётган авлодни, истиқлол фарзандларини қутлаш керак.

Алижон САФАРОВ

Информеры