2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ТИНЧЛИК ВА МУСТАҚИЛЛИК – ЭНГ КАТТА ВА БЕБАҲО БОЙЛИК

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг маънавий-маърифий тарғибот гуруҳлари мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида жойлашган ҳарбий қисм ва муассасаларда  бўлиб, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари билан юртимиз мустақиллиги, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолати бўлган Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш ва миллий армиямизнинг салоҳиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган, кўлами ва миқёсига кўра улкан ўзгаришлар бўйича учрашувлар, давра суҳбатлари, адабий-бадиий кечалар ўтказишмоқда.

Ўзбек давлатчилигининг шаклланиши ва Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиши тарихий асосларга эга. Туркий халқлар давлатчилиги тарихи саҳифаларида илм-у фан, сиёсат ва ҳарбий соҳага доир битилган воқеаларнинг барчаси Ватанимиз тарихи билан чамбарчас боғланган. Шу боис Истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб, мамлакатимизда улуғ аждодларга муносиб тарз­да иш олиб борилди, ўтган йигирма беш йил мобайнида демократик жамият қурилишининг ўзига хос модели яратилди. Кенг кўламли ислоҳотлар ҳарбий қурилиш соҳасида ҳам ўз аксини топди. Ҳарбий ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистонда замонавий талаб ва стандартларга жавоб берадиган, юртимиз мустақиллиги, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолати бўлган Қуролли Кучларни барпо этиш ва миллий армиямизни шакллантириш борасида моҳияти ва кўламига кўра том маънода улкан ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, «Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишларида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳам фаол иштирок этмоқдалар.

Ўтган ҳафтада Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси Танзила Нарбаева, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси, Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жам­ғармаси Марказий кенгаши раиси Шуҳрат Усмонов, Ўзбекис­тон Республикаси Сенати аъзоси, Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев ва бошқа давлат, жамоат ташкилотлари вакиллари, санъаткорлардан иборат тарғибот гуруҳи Қашқадарё вилоятида жойлашган ҳарбий қисмларда бўлдилар.

Самимий мулоқот тарзида кечган учрашувларда демократик жамият қурилишининг оғир ва мураккаб жараёнларида давлатимиз раҳбариятининг кимнингдир таҳдиди ёки қўрқитиши билан охирини ўйламай, шошма-шошарлик билан қарор қабул қилмагани, аксинча, бошқалардан кўр-кўрона ўрнак олмасдан бўлаётган воқеа-ҳодисаларга вазминлик билан муносабатда бўлгани ва булар бугунги кунда ўз самарасини бераётгани хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ҳақиқатан ҳам, биз қўлга киритган ютуқлар – миллий давлатчилик қурилиши, кенг кўламли ислоҳотлар натижасида иқтисодиётимиз эришган барқарор ўсиш суръатлари, аҳолимизнинг турмуш даражаси ва сифати юксалиб, юртимиз қиёфаси тобора ўзгариб, чирой очиб бораётгани – буларнинг барчаси халқаро майдонда муносиб тан олинаётгани, обрў-эътиборимиз ошаётгани ҳаммамизга катта ифтихор бағишлайди.

Учрашувлар вақтида меҳмонлар ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун яратилган шарт-ша­роитлар билан яқиндан танишдилар. Улар ҳарбий хизматни ўташ ва яшаш жойларини кўздан кечирар эканлар, Ватанимиз ҳимоя­чиларининг айни пайтдаги ўй-фикрлари, атрофда кечаётган воқеа-ҳодисаларга муносабатлари билан ҳам қизиқдилар. Ўзбекистон мустақиллиги ва халқимизнинг тинч-осо­йишта ҳаётини ҳимоя қилиш, хизмат бурчини ўташ чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар учун барпо этилган монументни зиёрат қилдилар. Ватан тақдирини ўзининг тақдири деб билган марҳум йигитларнинг сафдошлари билан суҳбат чоғида уларнинг номи, қаҳрамонлигини, она юртга бўлган чексиз садоқати ва муҳаббатини ёш авлодга етказиш, яқинлари, фарзандлари ҳолидан мунтазам хабар олиб туриш, керак бўлганда ёрдам бериш, уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш алоҳида таъкидланди.

– Халқимизда «Ватан остонадан бошланади», дея бежиз айтилмайди. Ватанни ҳимоя қилиш – инсоннинг ўз остонасини, яъни уйини, оиласини, севимли ёр ва болаларини, яқинларини, ота-боболарининг табаррук хоки ётган муқаддас тупроқни ҳимоя қилишдир, – дейди Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Мафтуна Азаматова. – Бу ёруғ оламда бетакрор, ягона ва тенгсиз бўлган она юртимиз, Ўзбекистонимизни кўз қорачиғидек асраб, унинг шаън-у шарафини ҳимоя қилаётган мард акаларимиз билан бўлган суҳбатлар менда катта таассурот қолдирди. Уларнинг шарафли, шу билан бирга, машаққатли хизмати туфайли биз озод ва обод юртда осуда ҳаёт кечиряпмиз. Барчаларига букилмас ирода, куч-қувват тилайман.

– Президентимизнинг «Мустақиллик – бу аввало ҳуқуқдир», деган пурмаъно фикрлари бор, – дейди Республика Маънавият тарғибот маркази Қашқадарё вилояти бўлими мутахассиси Фаррух Назаров. – Бу халқимизнинг ўз кучи, билими ва салоҳиятига таяниб, ўзининг тараққиёт йўлини белгилаб олиш ҳуқуқи дегани. Истиқлол йўлида шаҳид кетган, бу дориломон кунларни орзу-армон қилиб ўтган аждодларнинг орзу-ниятларини, истакларини рўёбга чиқариш ҳуқуқи дегани. Ҳеч қачон ҳеч кимга қарам бўлмаслик, ҳеч қачон ҳеч кимдан кам бўлмаслик ҳуқуқи дегани. Шукр­ки, истиқлол сабаб эришилган бундай ҳуқуқларимизни ҳимоя қилишга қодир миллий армиямиз бор. Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари билан бўлган учрашувларда Ўзбекис­тонимизни маънавияти, интеллектуал салоҳияти юксак ўғлонлар ҳимоя қилаётганлигига, уларнинг ҳақиқий қўрғонларимиз эканлигига яна бир бор амин бўлдик. Бу бизни ғурурлантирди. Эртага бу ерда кўрганларимизни қишлоқ ва маҳаллаларда, таълим муассасаларида кенг жамоатчилик, ўқувчилар ва талабаларга етказамиз, албатта.

Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг тарғибот гуруҳи вакиллари ҳарбий хизматчиларнинг хонадонларида ҳам бўлдилар.

– Мен бир неча йиллардан буён Қуролли Кучлар сафида шартнома бўйича ҳарбий хизматдаман, – дейди катта сержант Фурқат Исаков. – Армиямизнинг йилдан-йилга қудрати юксалиб боришига менинг ҳам ҳиссам қўшилаётганидан хурсандман.

– Хизмат тақозоси туфайли катта шаҳарлардан узоқда бўлсак ҳам барча шароитлар яратилган ҳарбий шаҳарчада яшаймиз. Уч фарзандимиз бор, – дейди катта сержант Ф. Исаковнинг рафиқаси Саодат Исакова. – Уч хонали уй билан таъминланганмиз. Турмуш ўртоғим билан таътилга чиққанимизда ота-оналаримиз ҳузурига борамиз. Ўшанда бизни нафақат яқинларимиз, балки бутун маҳалламиз чуқур ҳурмат билан кутиб олади. Буни уларнинг қарашларидан сезаман. Хонадонимизнинг бугунги улуғ меҳмонлари уйимизга файз олиб киришди. Ватан ҳимоячисининг турмуш ўртоғи бўлганимдан жудаям фахрландим.

Бу сўзлар мамлакатимизда кучли армия барпо этилганидан, халқимизнинг ўз ҳимоячиларига бўлган чексиз эҳтиромидан далолат беради, албатта. Учрашувлар вақтида бу ҳолат янада яққол кўзга ташланди. Ҳарбий қисм ва муассасаларда ўтказилган тадбирларнинг ҳар бирида истеъдодли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар дилларга қувонч ва шукроналик туйғусини олиб кирди.

Эркин ОТАМУРОДОВ

Информеры