2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ТИНЧЛИК УЧУН КУРАШИБ ЯШАШ УСТУВОР ВАЗИФАМИЗДИР

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг аъзолари маънавий-маърифий тарғибот гуруҳлари таркибида Бухоро вилоятидаги ҳарбий қисмларда учрашувлар ўтказишмоқда.

Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари – Республика «Маҳалла» хайрия жамоат фонди бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Долли Аллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, кино ва телевидение режиссёри Шавкат Маҳбубов, Қуролли Кучлар фахрийлари, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари, ёшлар, истеъдодли санъаткорлар иштирок этган тадбирларнинг дастлабкиси подполковник Дилшод Илҳомов хизмат қилаётган ҳарбий қисм­да бўлиб ўтди. Унинг аввалида Ватанимизнинг кўп асрлик шонли тарихида мутлақо янги давлат, янги жамият барпо этиш йўлини очиб берган буюк тарихий воқеа – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш ва тантанали равишда нишонлаш ҳақида сўз борди. Зеро, бу қутлуғ сана тарихан қисқа даврда босиб ўтилган ғоят оғир ва мураккаб, шу билан бирга, шарафли йўлимизни, амалга оширган кенг кўламли ислоҳотларимиз самарасини, қўлга киритган улкан марра ва ютуқларимизни танқидий кўз билан сарҳисоб қилиш, олдимизга қўйган олий мақсад – энг тараққий топган давлатлар қаторига кириш борасидаги устувор вазифаларни белгилаб олишда, ҳеч шубҳасиз, муҳим аҳамият касб этади.

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда юртимиз мустақиллиги, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолати бўлган Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш ва миллий армиямизнинг салоҳиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган, кўлами ва миқёсига кўра улкан ўзгаришлар, халқимизнинг ўз ҳимоячиларига бўлган чуқур ҳурмат-эҳтироми, давлатимиз раҳбарининг шарафли касб эгаларига кўрсатаётган ғамхўрлиги ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

– Миллий армиямиз ташкил этилган йиллар кечагидек ёдимда, – дейди Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, кино ва телевидение режиссёри Шавкат Маҳбубов. – Собиқ тузумдан қолган асоратлар ҳар қадамда сезиларди ўша пайтлар. Бироқ давлатимиз раҳбариятининг қатъий саъй-ҳаракатлари, халқимизнинг келажакка ишончи, фарзандларимизнинг ватанпарварлиги, юртга садоқати боис Қуролли Кучларимиз йилдан-йилга кучга, қувватга тўлиб борди. Ўтган йилларда қўшинлар фаолиятига, унинг таркибида хизмат қилаётган ўғлонларимизнинг фидойи хизматига доир бир неча ҳужжатли ва бадиий фильмлар яратдим. Ҳарбий қисмларда бўлганимда ана шу фильмлар таъсирида ҳарбий касбга меҳр қўйиб, бугун мард йигитлар қаторида ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларни кўриб, уларнинг миннатдорчилигини эшитиб, мамнун бўламан. Бугунги тадбирда бухоролик ёш спортчи йигит-қизларнинг иштирок этгани ҳам учрашувга ўзгача файз бағишлади. Уларни кўриб, эришган ютуқларини эшитиб, қувондим.

– Эртанги кунимизнинг таянчи ва суянчи бўлмиш ёш авлоднинг янгича, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, шу юртнинг ҳақиқий эгаси, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир инсонлар бўлиб вояга етаётганини давлатимиз раҳбари ҳар гал алоҳида таъкидлайдилар, – дейди Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси, Республика «Маҳалла» хайрия жамоат фонди бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Долли Аллаев. – Мен бугун уларни ҳарбий қисмларда ҳам кўряпман. Демак, юртимиз мустақиллиги, тинчлиги ишончли қўлларда. Бунга эришишни илгари тасаввур қилиш ҳам қийин эди. Бу натижаларнинг замирида авваламбор давлатимиз раҳбариятининг, бутун халқимизнинг тараққиёт йўлимизда тўсиқ бўлган турли қийинчилик, етишмовчилик, оғир ва машаққатли синовларни енгиб ўтишдаги матонати ва иродаси борлигини ҳеч қачон ёддан чиқармаслигимиз зарур. Биз Жамоатчилик кенгаши аъзолари нафақат ҳарбий хизматчилар, шу билан бирга коллеж ва академик лицейлар ўқувчилари, талабалар билан ҳам кўплаб учрашувлар ўтказамиз. Ана шу учрашувлар вақтида ёшларнинг ҳарбий хизмат ва касб­га бўлган қизиқишлари уларнинг саволларидан сезилиб туради. Ва бундан, албатта, мамнун бўламиз.

Тадбир давомида Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли ҳамда истеъдодли ёш санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар янгради. Жонажон Ватанимиз ва унинг жасур ҳимоячиларини мадҳ этувчи қўшиқлар барчага бирдек завқ улашди.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ «Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий тадбирлар режасига кўра, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳамда бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, иқтидорли ёшларнинг ҳарбий қисмимизга ташриф буюриши бизда катта таассурот қолдирди, – дейди подполковник Дилшод Илҳомов. – Ватанимиз мустақиллигининг чорак асрлик тўйи бу йил ҳар қачонгидан унутилмас лаҳзаларга бой бўлмоқда. Зеро, бу сана ҳаётимизнинг маъно-мазмунини тубдан ўзгартириб, халқимизни қарамлик кишанларидан озод қилгани, топталган қадриятларимиз, дин-у диёнатимиз, ор-у номусимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш, фаровон ҳаёт ва ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан қуриш йўлида беқиёс имкониятлар очиб бергани билан қутлуғ ва шарафлидир. Шунинг учун ҳам биз ҳарбий хизматчилар ён-атрофимизда турли таҳдид ва хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда энг катта ва бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асраш, миллатлар ва фуқаролараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, тинчлик учун курашиб яшашни ўзимизнинг устувор вазифамиз, деб биламиз.

Ватанимизнинг мустақиллигини, юртимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини ҳимоялаш, аҳолимизнинг тинч ва осуда ҳаётига қарши қаратилган ҳар қандай тажовуз ва ғаразли уринишларнинг олдини олиш ва бартараф этишда фидойилик билан хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари билан учрашувлар давом этмоқда.

Эркин ОТАМУРОДОВ

Информеры