2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

БЕҒУБОР БОЛАЛИКНИНГ ШУКУҲЛИ ОНЛАРИ

Болажонлар турли-туман мантиқий фикрлашни ривожлантирадиган ўйинларни ўйнаб, чизмалар чизиб, билим олиб, ёшлик гаштини сураётган экан катталарнинг кўнгли хотиржам бўлади. Нукус шаҳрида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ҳам фарзандлари тақдири, таълими ва тарбиясидан кўнгиллари хотиржам ҳолда Ватан ҳимоясига отланадилар. Чунки бу масканда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига қарашли 1-сонли «Қуёшча» мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатади.

Ота-оналар болаларининг кўз олдиларида, уйларига яқин бўлган муассасада эканлигидан мамнун. Турли ўйинчоқлар қуршовидаги болажонларнинг машғулотлар давомида яратувчанлик қобилияти, фикрлаш, муқояса қилиш кўникмаси шакллантирилмоқда. Бу борада уларга мактабгача таълим муассасасининг тарбиячилари кўмакдош.

– Бола тарбиясида самарадорликка эришиш учун оилалар билан мунтазам мулоқот олиб боришни йўлга қўйганмиз. Фарзандларининг ютуқ ва камчиликларидан уларни бохабар этиб туриш тезда ўзининг ижобий натижасини кўрсатади. Илгари болаларини фақат олиб келиб, олиб кетадиган ота-оналар ҳозир фарзандидаги ўзгаришларга қизиқади, муваффақиятларини эътироф этади, нуқсонларини тузатишга интилади. Муҳими ана шундай ҳамкорликни умумтаълим мактабларида ҳам изчил давом эттириш лозим, – дейди тарбиячилардан бири Қизминойим Болтабоева.

Бири чизиб, бири бўяётган болажонларнинг орзу-интилишлари, режаларига қизиқдик. Майор Аҳрор Муқимовнинг ўғли Дилшод Азизов дипломат бўлмоқчилигини айтди. Капитан Акобир Нуруллаевнинг ўғиллари ҳам мазкур муассасада тарбияланмоқда. Суҳроббек спортчи бўлиб, юртимиз байроғини жаҳон ареналарида юксакларга кўтармоқчилигини билдирди. Амирхон эса отаси каби ўзини Ватан ҳимоясига чоғлаётган экан.

Ҳар қандай ота-она фарзандини шароитлари тўкис боғчага бергиси келади, болакайларнинг эса бундай даргоҳлардан кетгиси келмайди. Ушбу мактабгача таълим муассасасида ҳамма гуруҳлар учун жиҳозлар, болалар ёши ва қизиқишларига мос мебеллар, дидактик материаллар ва ўқув воситалари мавжуд. Шунинг учун ота-оналар болаларини бу ерга ўзгача иштиёқ билан олиб келишади.

– Фарзандларимиз мактабга чиққунича ҳарфларни таниб, санашни, ўқишни ўзлаштириб олаётганига ўзимизнинг ҳам ҳавасимиз келади. Улар саводхон бўлиш бахтига эртароқ эришмоқдалар, – дейди Меҳрангиз Султонова. – Бунда тарбиячиларнинг бола қалбига йўл топишнинг янги-янги усулларини қўллаётганликларининг аҳамияти катта эканини эътироф этиш керак. Муассасада инглиз ва рус тиллари, бадиий гимнастика ва рақс тўгараклари борлиги болаларимизнинг соғлом ва баркамол улғайиши учун хизмат қилаяпти.

Ҳа, бугунги кун ёшлари мактабгача таълим муассасасидаёқ бирор бир хорижий тилни ҳам ўрганаяптилар. Халқимизда тил билган – эл билади, деган нақл бор. Ҳақиқатан ҳам, тил билган киши асло кам бўлмайди – юрт кезади, дунёни танийди. Жаҳон халқлари маданияти, адабиёти ва янгиликларидан хабардор бўлади. Бола тарбиясида эса ёшнинг чегараси бўлмайди. Ҳали кичкина, улғайиб олсин, дея аяшлар вақт ўтиб салбий оқибатларни келтириб чиқариши ҳеч гап эмас. Шунинг учун бўлса керак улуғ аждодларимиз ҳам бола туғилмасиданоқ унинг тарбиясига киришганлар.

Абдулла ҲОТАМОВ