2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ОИЛА – ҲАЁТ ГУЛТОЖИ

Бу ёруғ дунёнинг тиргаги бўлган эркак ва аёл жуфтлигидан юзага келган оила аталмиш қўрғонни муқаддас деб биламиз, уни асраймиз, авайлаймиз. Унга фақат яхшиликлар, тинчлик, тотувлик тилаймиз. Зеро, жамиятда ўзаро аҳил, иноқ, оилаларнинг сони қанчалик кўп бўлса, бу юрт фаровонлиги учун мустаҳкам замин яратади. Яна бир ҳақиқат бор: ҳар бир оиланинг бошқаларга намуна бўлгудек, ўрганишга арзийдган жиҳатлари кўп. МХХ Чегара қўшинларига қарашли Тошкент денгизи дам олиш масканида ўтказилган «Намунали ҳарбийлар оиласи» кўрик-танловида иштирок этган инсон борки, ана шундай хулосага келган бўлса, ажабмас.

Ҳар томонлама ибратли оилаларни юзага чиқариш, улар ўртасида миллий урф-одатлар, қадриятлар ва соғ­лом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида «Соғлом оила – юрт келажаги пойдевори» шиори остида ўтказилган мазкур танловда  беш нафар ҳарбий хизматчи оиласи иштирок этиб, ўзаро беллашди.

Кўрик-танлов давомида иштирокчилар зукколик, билимдонлик, уддабуронлик,  пазандалик ва рўзғор тутиш бобида  нималарга қодир  эканликларини беллашув низомида белгиланган бешта шарт орқали намойиш қилишди. Куй-қўшиқ ва рақслар уларнинг чиқишларини янада бойитди. Бу эса албатта кўрик-танловнинг янада қизиқарли бўлишини таъминлади. Иштирокчи оилаларнинг шартлар бўйича кўрсатган натижалари Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Республика маънавият-тарғибот маркази, «Оила» илмий-амалий маркази ва Касаба уюшмалари федерацияси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди  масъул ходимларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

Шу ўринда иштирокчиларнинг санъаткорлик маҳоратини юзага чиқарган саҳна кўриниши шарти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишни жоиз деб биламиз. Ҳакамлар ҳайъати ва томошабинлар томонидан энг қизиқарли деб эътироф этилган мазкур шартда иштирокчилар оилада ва жамиятда учрайдиган муаммолар, яъни оила маданияти, фарзанд тарбияси, гиёҳвандлик ва ичкиликнинг зарарли оқибатлари,  одам савдоси, турли диний оқимларга кириб қолган инсонларнинг аянчли тақдирини саҳна кўринишлари орқали моҳирлик билан кўрсатиб беришди. Шартни бажаришда оиланинг кичик вакиллари – болажонлар ҳам фаол иштирок этишди.

Спортни соғлиқ гарови, дейдилар. Оилада соғлом турмушни қарор топтиришда спортнинг бениҳоя ҳиссаси борлиги барчамизга маълум. Танловнинг сўнгги шарти ҳам бевосита спорт билан боғлиқ бўлиб, унда иштирокчилар қай даражада спортсевар эканликларини амалда намойиш қилишди. Ушбу шартда улар қувноқ стартлар, дартс ва тўпни саватга ташлаш каби спорт турлари бўйича куч синашди.

Кўрик-танлов натижаларига кўра катта лейтенант Рустам Кенжаев оиласи энг юқори кўрсаткичга эришиб, ғолибликни қўлга киритди. 2-ўринни капитан Жаҳонгир Ҳудойбердиев, 3-ўринни эса подполковник Алишер Иззатов оиласи эгаллади.   

МХХ Чегара қўшинлари ашула ва рақс ансамбли санъаткорлари томонидан куйланган куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият улашди.

– Аҳил турмуш кечираётган, намунали оилалар ҳар доим эл ҳурмати ва олқишига сазовор бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади, – дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Озода Парпибоева. – Биз юртимизда мана шундай ибратли оилалар, уддабурон, зукко, билимдон оила соҳиблари кўпайишини чин дилдан истаймиз. Зеро, ҳар томонлама тўкис оилаларда маънан баркамол фарзандлар тарбияланади. Ёш авлод эса келажагимиз ворислари саналади.  Уларнинг комил инсонлар бўлиб вояга етишлари эса нафақат ота-онанинг балки, жамиятимизнинг ҳам улкан ютуғидир.

Лола МУРОДОВА