2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

УЙ-ЖОЙ ТАЪМИНОТИ – УСТУВОР ВАЗИФА

Мустақиллик йилларида ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш, замонавий ҳарбий шаҳарчалар қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш, уларда бугунги кун талабларига, ҳарбий хизматчилар ва оила аъзоларининг эҳтиёжларига жавоб берадиган барча қулайликларни яратишга қаратилган давлат дастурларини изчил амалга ошириш юзасидан муҳим ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Мудофаа вазирлиги фронт орти таъминоти мутахассисларининг касб байрами муносабати билан эркин ва обод юртнинг ҳарбий хизматчиларини уй-жой билан таъминлаш борасида яратилаётган имкониятлар ва шарт-шароитлар хусусида Мудофаа вазирлиги Капитал қурилиш ва фойдаланиш бошқармаси бошлиғи лавозимини вақтинча бажарувчи полковник Одил Жўраев қуйидагиларни гапириб берди.

– Давлатимиз раҳбарининг «Миллий армиямиз – мустақиллигимизнинг, тинч ва осойишта ҳаётимизнинг мустаҳкам кафолатидир» китобида армиямизнинг илк шаклланув жараёнлари ҳақида сўз юритилар экан, 90-йиллардаги мураккаб иқтисодий вазиятга қарамасдан, биз ҳарбий қурилиш соҳасида олдимизда турган долзарб ва улкан вазифаларни ҳал этиш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш учун зарур бўлган моддий ва молиявий манбаларни излаб топиш мақсадида қаттиқ иш олиб бордик, дейилади. Дарҳақиқат, миллий армиямизга тамал тоши қўйилганидан эътиборан давлатимиз раҳбарияти бу долзарб масалага алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Истиқлол йилларида мамлакатимиз Президенти ташаббуси ва кўрсатмалари билан мамлакатимиздаги лойиҳалаш институтлари ва энг яхши қурилиш ташкилотларини жалб этган ҳолда ҳарбий хизматчилар учун замонавий тураржойлар қуриш, мавжуд тураржой фондини таъмирлаш, замонавий ҳарбий шаҳарчаларни қуриш ва реконструкция қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларини уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги 2007 йил 14 сентябрдаги қарорига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2008 йил 31 июль куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига узоқ муддатли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартиралар сотиб олиш ва якка тартибдаги уй-жойлар қуриш учун ер участкалари ажратиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг тасдиқланишини ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш, шунингдек, уй-жой ва социал-маиший шароитларини янада яхшилашга қаратилган эзгу ишларнинг мантиқий давоми сифатида эътироф этиш мумкин.

Президентимиз Ислом Каримов 2008 йилда Мудофаа вазирлиги томонидан ҳарбий хизматнинг замонавий шарт-шароити ҳамда мамлакатимиз Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг тураржой таъминотига бағишлаб ташкил этилган кўргазма экспозицияси билан танишгани, тегишли кўрсатмалар бергани кечагидек ёдимизда. Ўшанда ўз ҳаётини Ватанни ҳимоя қилишдек буюк ишга бағишлаган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларини  ижтимоий ҳимоялаш бўйича устувор вазифалар қў­йилганди. Бугун ўтган йилларда амалга оширилган ишларга назар ташлар эканмиз, ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш, энг чекка гарнизонларда ҳам замонавий талаб ва стандартларга жавоб берадиган барча қулайликларни ўзида мужассам этган ҳарбий шаҳарчалар қурилганини кўрамиз.

Биргина ортда қолган 2015 йил давомида Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларини тураржой билан таъминлаш мақсадида иккиламчи бозордан 470 нафар ҳарбий хизматчи тураржой билан таъминланди. Узоқ муддатли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда намунавий лойиҳа асосида уй-жой қуриш учун  333 нафар ҳарбий хизматчига Мудофаа вазирлиги маблағлари ҳисобидан бошланғич бадаллар ўтказиб берилди.

Шунингдек, капитал қурилиш ва реконструкция қилиш орқали 2015 йилда 234 нафар ҳарбий хизматчи ва уларнинг оила аъзолари тураржой билан таъминландилар. Бу ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясига эътибор янада кучаяётганидан далолат. 2007 – 2015 йилгача мўлжалланган Давлат дастурига мувофиқ, 6 мингга яқин ҳарбий хизматчи уй-жой билан таъминланди.

Президентимиз Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 24 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган табригида алоҳида таъкидланган вазифалар, яъни ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тураржой, маиший ва тиббий хизмат билан таъминлаш бўйича давлат дастурларини бажариш, «Соғлом она ва бола йили» муносабати билан қабул қилинган ҳукумат қарорлари ва давлат дастурлари доирасида ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган аниқ, комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, улар амалга оширилиб келинмоқда.

Жумладан, мустақилликнинг йигирма беш йиллик тўйи арафасида барча ҳарбий округларда, узоқ гарнизонларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун 350га яқин хонадондан иборат 9 та кўп қаватли уй қуриб битказилиши, тураржой, даволаниш муассасалари бинолари, ётоқхоналар, лаборатория ва ўқув хоналари капитал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Жорий йилнинг бошидан, то ҳозирги кунгача Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округда 16 ва 32 хонадон, Шарқий ҳарбий округда ҳам 16 ва 32 хонадон, Тошкент ҳарбий округида 70 хонадон иборат кўп қаватли тураржой, шунингдек, Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий шаҳарчада капитал таъмирдан чиқарилган мактабгача таълим муассасаси биноси фойдаланишга топширилди.

2016 – 2025 йилгача мўлжалланган дастурга кўра, капитал қурилиш ва реконструкция қилиш, юридик ва жисмоний шахслардан уй-жой харид қилиш, ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда намунавий лойиҳа асосида уй-жой қуриш учун бошланғич бадаллар ўтказиб бериш орқали ҳар йили тўққиз юздан зиёд ҳарбий хизматчи тураржой билан таъминланиши режалаштирилган.

А. ОЧИЛОВ суҳбатлашди.