2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЎЗГАРИШ ВА ЯНГИЛАНИШЛАРДА НАМОЁН

25 йилдирки, халқимиз озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш, яратиш ва бунёдкорлик йўлидан қатъий бормоқда. Бугун мамлакатимиз ҳаётининг ҳар жабҳасида мустақилликнинг ўрни, аҳамияти ва шукуҳини сезасиз. Истиқлолнинг ижобий самараси, хаётбахш таъсири фуқароларимиз ҳаётида из қолдиряпти. Мустақиллик биз учун тинч ва осуда ҳаётимиз, тўкин ва фаровон дастурхонимиз, халқаро майдондаги нуфуз ва эътиборимизнинг бош мезонига айланди. Ушбу ғурур ва ифтихор туйғуси эса унинг қўлга киритилиши ва мустаҳкамланишига барчамиз дахлдор эканимиз билан янада теран, янада маънодор. Тошкент ҳарбий округи ҳудудида жойлашган Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли ҳарбий қисмлардан бирида ўтказилган давра суҳбатида ҳам шулар хусусида фикр юритилди.

«Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?» мавзуида ўтказилган тарғибот тадбирида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари – Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маъруфова, «Қатағон қурбонлари хотираси» музейи директори ўринбосари Мурод Зикруллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Шавкат Маҳбубов, шунингдек, Мудофаа вазирлиги фахрийлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Турли касбларнинг етук ва кўп йиллик тажрибага эга мутахассислари мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар ҳақида гапирдилар. Хусусан, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларини ривожлантириш, кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун амалга оширилаётган улкан ишлар, мудофаа ва ҳарбий қурилиш соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсатига алоҳида аҳамият берилди.

– Кўп йиллар ҳарбий учувчи сифатида фаолият олиб бордим, – дейди истеъфодаги полковник Александр Харламов. – Мустақил Ўзбекистон Қуролли Кучлари эндигина ташкил этилган йилларни яхши эслайман. Ўтиш даврининг қийинчиликлари ва машаққатлари оз бўлмади. Ҳарбий кадрлар етишмовчилиги, замон талабларига жавоб бермайдиган жанговар техника, моддий-техник база… Ижтимоий ҳаётимизнинг ҳар соҳасида бўлгани каби мудофаа қудратимизни оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳарбий қўшинларни модернизация қилиш ва уларни энг янги қурол-яроғ ва техника, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ва вертолётлар, бронетанк қуроллари, артиллерия тизимлари, алоқа воситалари, алоҳида ва гуруҳ бўлиб ҳимояланиш воситалари билан қайта қуроллантиришга қаратилган чора-тадбирларни изчил амалга оширди. Шу пайтгача кўплаб шогирдлар тайёрладим. Ҳозирда улар замонавий учиш аппаратларида парвозларни амалга оширмоқда. Бугунги сингари тадбирларда, ёш авлод вакиллари билан суҳбатларда албатта, «Ким эдигу ким бўлдик?» деган ўринли саволга Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шахсан ўзим гувоҳи бўлаётган ўзгариш ва янгиланишлар мисолида жавоб бераман.

Энг катта бойлигимиз бўлмиш юртимиздаги миллатлар ва фуқаролараро аҳиллик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини кўз қорачиғидек асраш ва мустаҳкамлаш, тинч ва осойишта ҳаёт учун курашиш, керак бўлса, фидойилик кўрсатиб, доимо огоҳ ва ҳушёр, маънавий уйғоқ бўлиб яшашимиз зарур. Давра суҳбати иштирокчилари Қуролли Кучларимиз мамлакатимиз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш, тинч ва осуда ҳаётимизни ҳимоя қилишнинг мустаҳкам таянчи бўлиб келаётганини, ҳарбий хизматнинг ёшларимиз учун ҳақиқий мардлик, чиниқиш ва тобланиш мактабига, халқ ва армия – бир тан-у бир жонга айлангани барчага фахр-у ифтихор бағишлашини эътироф этдилар.

Тадбир якунида Жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳарбий қисмда Ватан ҳимоячиларининг ҳарбий хизматни ўташи учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.

Камолиддин ХУДОЙНАЗАРОВ

Информеры