2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

КЎНГИЛЛАРНИ СУРУРГА ТЎЛДИРГАН НУРЛИ МАНЗИЛЛАР

Мустақиллик сўзини эшитганимизда вужудимизда ажиб бир ҳароратни ҳис қиламиз. Юрагимиз фахр-ифтихор туйғулари билан тўлади. Чунки мустақиллик – озодлик, ҳурлик, тенг ҳуқуқлилик демак. Эркин дунёқараш, эркин тафаккурга суяниб, ҳар бир фуқаронинг ўз тақдирини ўзи белгилаши, умуминсоний қадриятларга таяниб, ана шу мезонларга риоя қилиб яшаш демакдир. Муборак истиқлол халқимиз учун ана шундай имкониятлар ва обод турмуш эшигини очди.

Ҳар соҳада ўсиш, ривожланиш юз бераётганига гувоҳмиз. Юртимизнинг ҳар бир гўшасида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ва ободончилик ишларини кўрганимизда юрагимиз завқ-шавққа тўлади. Ўтган йиллар давомида Қуролли Кучларимизда ҳам изчил ислоҳотлар олиб борилди. Кенг кўламли ислоҳотлар самарасини бугунги давр талабларига мос, ихчам, тезкор, замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланган, ҳар қандай ташқи тажовузга муносиб зарба беришга қодир қудратли миллий армия қиёфасида кўриб турибмиз. Диққатга сазовор жиҳати шундаки, Қуролли Кучларимиз барпо этила бошлаган дастлабки йилларданоқ давлатимиз раҳбарияти томонидан ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари яшаш даражасини оширишга устувор вазифалардан бири сифатида қаралди.

«…Ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш, замонавий ҳарбий шаҳарчалар қуриш ва мавжудларини реконс­трукция қилиш, уларда бугунги кун талабларига, ҳарбий хизматчилар ва оила аъзоларининг эҳтиёжларига жавоб берадиган барча қулайликларни яратишга қаратилган давлат дастурларини изчил амалга ошириш Мудофаа вазирлиги, ҳарбий тузилмаларга эга бўлган вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, ҳарбий округлар қўмондонлигининг энг муҳим вазифасидир». Ҳа, бугун Президентимиз белгилаб берган мазкур вазифалар ижросининг амалдаги тасдиғини кўраяпмиз. Ҳар йили юртимизнинг турли ҳудудларида ҳарбий хизматчилар учун барча қулайликларга эга ҳарбий шаҳарчалар, шинам ва кўркам тураржой бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллиги байрами арафасида уй-жой таъминоти билан боғлиқ яна бир қувончли хабар барчани мамнун қилди. Яъни МХХ Чегара қўшинларида хизмат қилаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун Тошкент вилояти, Янгийўл тумани Гулбаҳор шаҳарчасида ҳамда Қашқадарё вилояти, Ғузор туманида янги тураржой биноси фойдаланишга топширилди.

ЭЪТИБОР РУҲЛАНТИРАДИ

Уй калитларини ўз эгаларига топшириш маросими кўтаринки руҳда ўтди. Унда туман ҳокимликлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда «Ёш чегарачилар» клуби аъзолари иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар, янги уй эгаларини табриклаб, ўзларининг самимий дил истакларини билдиришди. Шундан сўнг ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига тантанали равишда янги уйларнинг калитлари топширилди.

Замонавий услубда бунёд этилган, шинам ва ҳар томонлама қулай хонадонларга кирган кишининг кўнгли ёришади. Ҳа, қўлигул усталаримизнинг юксак бунёдкорлик салоҳиятини ўзида мужассам этган бу уйлар кишида ҳаётга, яшашга, меҳнат қилишга бўлган иштиёқни оширади. Янги уй соҳиби ва соҳибаларига айланганларнинг қувончи бир олам. Болажонларнинг шодлиги ҳам ота-онасиникидан қолишмайди. Бунда­йин шод-у хуррамликни кўриб, тинчлигимизга камарбаста бўлаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳар доим давлатимиз, ҳукуматимиз эътиборида эканлигидан кўнглимиз равшанлашади.

– Истиқлолимизнинг йигирма беш йиллик шодиёнаси оиламиз учун қўшалоқ байрамга айланди, – дейди сержант Сарвар Ҳаитов. – Янги уйимиз кенг, ёруғ ва чиройли. Айниқса, бундан турмуш ўртоғим ва фарзандларимнинг қувончи чексиз. Фарзандларимнинг хурсандчилигини кўриб, завқланяпман. Албатта, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига кўрсатилаётган бундайин эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбариятига миннатдорчилик билдирамиз. Ҳар доим юрт ишончини оқлашга интиламиз.

– Қувончимни сўз билан таърифлаб беролмайман, – дейди кичик сержант Исроил Маҳмудовнинг турмуш ўртоғи Саодат Маҳмудова. – Уйимиз худди ўзим орзу қилгандек шинам. Хоналари катта-катта. Меҳмон кутишда ҳам қийналмаймиз. Асосий вақтимни ошхонада ўтказганим учун ҳам уйга кирганимда энг аввало ошхонани кўришга ошиқдим. Кўриб қувониб кетдим: яхши жиҳозланган, кенг-мўл. Қувончимни яқинларим билан бўлишдим. Бу йилги Мустақиллик байрами ҳеч қачон ёдимиздан чиқмайди. Чунки байрам бизга унутилмас ҳадя инъом этди. Мана шундай замонавий уйда яшаш ҳар бир аёлга насиб этсин…

Янги уй барчага ана шундай хурсандчилик улашди. Ишончимиз комилки, бугун ўз уйларига эга бўлган ҳарбий хизматчиларимиз бундайин эътибор ва ғамхўрликдан янада руҳланиб, шижоат-ла хизматларини давом эттиришади. Бу хонадонларда камолга етаётган ёш авлод эса, келажакда юртимизнинг янада обод бўлишига, гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшадиган комил инсонлар бўлиб улғайишади.

Лола ҲОЖИМУРОДОВА