2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ШАҲРИСАБЗ – ТАХТ ПОЙИДАГИ ШАҲАР

Амир Темур даврига қадар Чингизхон томонидан вайрон этилган шаҳарлар, қарийб бир ярим аср давомида харобага айланиб, мудофаа деворисиз қолган эди. Амир Темур ўз зиммасига жиддий масала юклатилганлигини яхши сезарди. Шу сабабли, Мовароуннаҳр тахтига ўтиргач, ишни вайрон бўлган Самарқанд, Шаҳрисабз, Тошкент каби шаҳарларни тиклаш, уларнинг мудофаа қудратини ошириш, биринчи навбатда пойтахтни, яъни қадимий табаррук шаҳарлардан бўлган Самарқандни тиклашдан бошлади.

Маълумки, Самарқанд Ўрта Осиёнинг энг қадимги шаҳарларидан бўлиб, милоддан аввалги биринчи мингйилликларнинг ўрталаридаёқ Сўғд вилоятининг маркази сифатида танилиб, бир неча бор вайрон этилган бўлса-да, лекин тезда яна қаддини ростлаган.

1220 йилги Чингизхоннинг босқини Афросиёб номи билан донг таратган шаҳар дўнгтепаликларга айланган. Бу харобаларнинг жанубий этагида барпо этилган янги шаҳар секин-аста ривожлана бошлаган. Амир Темур даврига келиб, бу шаҳар 7 километрга чўзилган девор билан ўралиб, Ҳисор (ташқи шаҳар) деб аталган. Амир Темур биринчи бор шаҳарда мудофаа чораларига аҳамият бераркан, муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган қалъа қуришни кўзлайди. Натижада, қалъа барпо этилиб, шаҳри дарун (ички шаҳар) деб атала бошлайди. Қалъа табиий тепалик устига қурилган бўлиб, деярли Ҳисорнинг марказида қад кўтарган. Унда қуроллар сақлайдиган жой, хазина, қурол ишлаб чиқарувчи устахоналар, зарбхона, зиндон каби иморатлар мажмуаси жойлашган тўрт қават Кўксарой ҳамда давлат раҳбарларининг оромгоҳлари ҳисобланмиш, атрофига турли мевали дарахтлар, кўкатлар экилган кўп қаватли Бўстонсарой бино қилинган. Амир Темур даврида булардан ташқари, аркда мақбаралар бўлган. Аркнинг жанубида эса, Рухабод номли мақбара бўлган.

Амир Темур даврида Самарқанд мудофаа девори жойнинг микрорельефидан келиб чиқиб, эгри-бугри чизиқ кўринишида бўлиб, тарихий манбаларнинг шоҳидлигича устида отлиқ бемалол юра олган. Шаҳар Аркида иккита дарвоза бўлиб, шарқдагиcи ке­йинчалик Оқ дарвоза деб аталган, иккинчиси жануб томонда бўлган. Ҳисор қисмида олтита дарвоза бўлган. Улардан шимолдаги Шайхзода (Намозгоҳ) дарвозасидан Бухорога йўл кетган, яна шу томонда Оҳанин (Темир) дарвозаси бўлган. Шарқ томонда Машҳад (кейинчалик Ферузшоҳ номи билан аталган) дарвозаси, жануб томонда иккита (Сўзангарон, Коризгоҳ дарвозалари) ва ниҳоят, ғарбда Чорсу (кейинроқ чорраҳа) дарвозаси бўлган. Бу улуғвор икки тарафида миноралар бўлган дарвозалардан кетган йўллар марказдаги бозорга олиб борган.

Амир Темур мамлакатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш мақсадида Тошкентнинг шарқий чегараларида Шоҳрухия номли қалъа, шунингдек, узоқ ҳудудларда Бойлоқон каби қалъаларни бунёд эттирди.

Амир Темур Самарқанд билан бир қаторда таваллуд топган шаҳри Шаҳрисабзга ҳам алоҳида эътибор билан қараган. Гарчи ёзма манбаларда Шаҳрисабз ҳақида маълумотлар оз даражада бўлса-да, археологик тадқиқотлар унинг қадимийлигига шоҳиддир. Амир Темур замонига келиб, Кеш вилоятининг маркази ҳисобланган Шаҳрисабз яшнади. Бобурнинг ёзишича, Амир Темур бу шаҳарни «тахти (этагидаги) пойидаги» шаҳарга айлантиришни ўз олдига мақсад қилиб, унга кўп кучини сарфлаган. Ҳақиқатан ҳам Амир Темур ўзининг ота-боболари ул­ғайган бу шаҳарга эътиқоди катта бўлиб, уни пойтахтга айлантириш фикрида бўлган. 1378 йили уни девор билан ўрашга буйруқ берган.

Тўғри тўртбурчак тарҳли шаҳар пахса девор ва унга тиркалган ўнлаб ярим айлана шаклидаги буржлар билан ҳимояланиб, хандақ билан ўралган. Деворнинг узунлиги тахминан 5 км, тарҳи тўртбурчакли бўлиб, ўлчами 770х1730 м. Ҳар тарафида қурилган қўш минора, пештоқли дарвозахонаси орқали ичкарига кирилган. Клавихо ҳам Шаҳрисабз ҳақида унинг ялангликда жойлашганлиги, ҳар тарафидан ­дарёчалар ва каналлар оқиб ўтганлиги, пахса девори хандақ билан ҳимояланганлиги ва шаҳарга кўтарма кўприклар орқали кирилганлигини ёзган.

Деворга бириктирилган ярим айлана буржлар сони 70 та бўлиб, ҳар бирининг оралиғи 50 метрдан. Буржлар девор чизиғидан 4 метр ташқарига бўртиб чиққан бўлиб, баландлиги 13 метр, кенглиги ташқи томондан 17,5 метргача, деворнинг баландлиги 11-13 м, кенглиги 3,5 – 9 м.

Шаҳарнинг тўрт томонида мустаҳкам дарвозалари бўлган, яъни Арк – шимолда, Кунчиқар – шарқда, Кушхона – ғарбда, Термиз (ёки Чармгар) – жанубдаги дарвоза. Улардан ичкарига қараб кетган йўллар қалъа марказидаги Чорсу бозорида туташган ва шу йўллар шаҳарни тўрт қисмга бўлиб турган. Бу қисмларнинг ҳар бирида ўзига хос бунёдкорлик ишлари олиб борилган. Шаҳарнинг биринчи қисмида юқори табақа вакилларининг хонадонлари, шарқидаги қисмида эса, Оқсарой номи билан машҳур бўлган улкан ва ҳашамдор бино қад кўтарган.

Шаҳарнинг жануби ғарб қисмида, турли касб-ҳунар билан шуғулланувчи ҳунармандларнинг тураржойлари ва устахоналари бўлган, унинг шарқида эса, (жанубий шарқ қисми) Дор ус Сиёдат (сай­йидлар уйи) ва Дор ут  Тиловат (Қуръон ўқиладиган жой) номи билан аталадиган мажмуа бино этилган. Буларга Амир Темур даврида фарзандларидан севимли Жаҳонгир Мирзо ва Умар Шайх, иккинчисига Шайх Шамсиддин Кулол ва отаси кўмилган. Кейинчалик эса бу ансамблга амирлар ва бошқа улуғ одамлар дафн этилган. Шаҳарнинг энг кўзга кўринган меъморий ёдгорликларида Оқсарой алоҳида ўрин эгаллаган.

Низомиддин Шомий Оқсарой ҳақида ёзиб, унинг пештоқ ва равоқларини айюқ юлдузига етказдилар, чунончи, бирон кимса жаҳонда унга тенг келадиган иморатни кўрмаган ва эшитмаган эди, деб унинг нақадар улуғворлигига ишора этган. Шарафуддин Али Яздий бу саройни Амир Темур 1380 йили қуришга буйруқ берганлигини ёзади.  Бизнинг даврларгача ўзининг ҳашамдорлиги ва улуғворлиги билан санъат ихлосмандларини лол қолдираётган пештоқининг икки чеккасидаги устунларигина етиб келган. Замондошлари бу сарой ҳақида қисман маълумотлар қолдирган бўлсалар-да, уни ўз кўзи билан кўрган Испания элчиси Клавихонинг ёзиб қолдирганлари қимматлидир. Унинг ёзишича, қасрнинг узун кириш йўлаги ва баланд дарвозалари бор: бу ерда кираверишда ўнг ва чап томондан (пишиқ) ғиштдан арк қурилган... Мазкур аркнинг остки қисмида гўёки эшиксиз хоначалар, аниқроғи, нақшинкор ўйиқлар бор... у ерда одамлар ўтирсин деб қилинган.

Бу дарвозадан кейин иккинчи дарвоза жойлашган, ундан нарида катта ҳовли бор, саҳни оқ мармардан: атрофида жуда ҳашаматли кўркам айвонлар қурилган. Ҳовли ўртасида катта ҳовуз бор. Бу ҳовлининг саҳни энига тахминан уч юз қадам келади, бу ердан қасрдаги энг катта бинога ўтилади; киришда улкан баланд эшик бор (нақшинкор)... Эшик тепасида ўртада қуёш акси ва арслон сурати ишланган, чеккаларида ҳам шунга ўхшаш тасвирлар бор... Бу эшикдан қабулхонага кирилади; у тўртбурчак шаклда. ...Элчиларни бу ердан юқори қаватга олиб чиқдилар... Бу қаватдаги тамоми хоналар зарҳал...

Ўз даврида «мунча олийтоқ оламда кам нишон берурлар...» деб унинг буюклигидан ҳайратга тушган Бобур замонидаги бу афсонавий бино ҳақида биз афсуски, тўлиқ маълумотларга эга эмасмиз. Лекин унинг ҳозиргача сақланиб келган ва ҳайратга солиб келаётган 22 метр кенгликдаги пештоқи ва унда олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасидаги маълумотлар сарой пештоқининг баландлигини 50 метрдан кам эмаслиги, хоналарини безашда ишлатилган зарҳалланган турли рангли парчин ва кошинлар мўл-кўллиги ҳар қандай кишини таажжубга солиши муқаррардир. Гарчи Оқсаройнинг қиёфаси ҳақида тўлиқ маълумотлар сақланмаган бўлса-да, унинг қандай кўринишда бўлганлигини Бухоро аркини ўрганиш орқали тасаввур этиш қийин эмас. Бухоро арки 20 метр баландликда қурилган бўлиб, саройга кўтарилиб борувчи йўл орқали ғарбда жойлашган улкан дарвозадан кириб борилган. Сарой ичкарисига олиб кирадиган узун далон-йўлакнинг чап деворида 12 та, ўнг деворида 13 та тахмонтокча Оқсаройдаги каби кўринишда хоналар бўлган. Далондан чиқаверишда тўпчибошининг маҳкамаси, масжид, ошхона, зарбхона, заргархона, девонбегининг маҳкамаси, қушбегига қарашли бинолар бўлган. Катта ҳовлисининг бир чеккасида кўринишхона қурилган бўлиб, унда элчиларни қабул қилиш ва амирларни тахтга ўтказиш маросимлари ўтказилган. Ҳовлининг ўнг томони айвон билан ўралган. Қалъанинг (аркнинг) ғарб томонидаги ҳовлисида турли кўринишдаги бинолар, нарироқда саломхона, меҳмонхона, ҳаммом ва бошқалар бўлган. Аркнинг марказидаги Ўрдада амирнинг хотинлари, қушбегининг хотинлари, ҳарамдаги қизлар турадиган уйлар бўлган.

Ўткир АЛИМОВ,

Темурийлар тарихи давлат музейининг

етакчи илмий ходими

Информеры