2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

УЮШҚОҚЛИК БИЛАН КЕЧМОҚДА

Айни пайтда юртимиз бўйлаб ўтказилаётган сайловолди тарғибот-ташвиқот тадбирлари фуқароларни мамлакатимизнинг нурли истиқболини, давлатимизнинг тараққиётини, халқимизнинг осойишталигини таъминлайдиган муносиб номзодга овоз беришга ундамоқда. Айтиш жоизки, бу каби тадбирлар ҳарбий қисм ва муассасаларда ҳам мунтазам равишда ўтказиляпти.

Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳам сайловолди тадбирларида иштирок этиб, ҳарбий хизматчиларимиз ва уларнинг оила аъзолари билан сайлов қонунчилиги, уни ўтказиш тартиби ҳамда сайловчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари хусусида мулоқотлар олиб боришмоқда.

Шундай тадбирлардан бири Термиз шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмларда ўтказилди.

– Сайлов тадбирлари мамлакатимиз бўйлаб изчиллик билан давом этмоқда, – дейди Республика Журналистлари ижодий уюшмаси бошқаруви раиси, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Ўктам Мирзаёров. – Жумладан биз ташриф буюрган ҳарбий қисмларда сайловчилар учун яратилган имкониятлар, она ва болалар хонаси, тиббиёт бурчаклари, сайлов участ­каларидаги озодалик ва тартиб-интизом менга жуда маъқул келди. Термиз ҳарбий госпиталида бўлганимизда эса сайловни ўтказишда беморларнинг имкониятидан келиб чиқиб яратилган шароитларни кўриб қувондик. Буларнинг барчаси сайловчиларнинг юртимизнинг эртанги ёруғ келажагига муносиб бўлган номзодни танлаш ва сайлаш учун қилингандир.

– Бугун барча жойларда бўлгани каби ҳарбий қисмимиздаги сайлов участкасида ҳам сайловчилар учун ҳамма шароитлар яратилган. Маҳаллий ва халқаро кузатувчилар учун алоҳида жойлар ажратилган. Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари яратилган имкониятлардан мамнун. Ўтказилаётган турли сиёсий-маърифий тадбирлар ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди дас­турлари билан яқиндан танишиш учун яхши имконият яратмоқда, – дейди подполковник Ф. Хусенов.

Н. АСАДОВА 

Информеры