2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

СОҲИБҚИРОН ЎТКАЗГАН ҲАРБИЙ КЎРИК (ПАРАД)ЛАР

Амир Темур вақти-вақти билан қўшинларнинг ҳарбий кўриги (парад)ини ўтказишга катта эътибор берган. Айниқса, йирик жанглардан аввал бундай кўрикка, қўшиннинг руҳиятига жиддий аҳамият берган. Шу аснода Соҳибқирон ҳар бир юришнинг мақсади, мазмун-моҳияти, адолатни устувор этиш, эзилаётган авом халқни қутқариш ва эл-юрт учун аҳамиятини тушунтириб берган. Шарафиддин Али Яздий ўз асарида қўшиннинг катта майдонда кўрикдан ўтказиш маросимини маҳорат билан баён этадики, бу манзара кишида завқ-шавқ ҳамда ғурур туйғуларини уйғотади.

Низомиддин Шомий “Зафарнома” номли асарида номдор беклар ва амирларнинг кўрсатган қаҳрамонликлари, жангчиларнинг майдондаги важоҳатини аниқ ёритишга эътибор берган: “...Фармонга мувофиқ, жанг кунида бургутдек шижоат ва қувват қаноти билан учадиган, кабутарга ҳамла қилаётган лочиндек душманга ташланадиган, қилич тортганида чиний ойнасида ўлим юзидан ўзга нарсани кўрмайдиган, ноғораю карнай нағмасини эшитганда ўлим учун туғилинглар, деган таронадан ўзгани эшитмайдиган ботирлар жанг майдонига жўнади”.

1391 йил. Тўхтамишга қарши юриш. Бепоён Дашти Қипчоқ бўйлаб уч ой тинимсиз йўл босиш, озиқ-овқат захиралари тугаб, даштнинг бир хил манзарасидан толиққан бир пайтда, қўшиннинг руҳини кўтариш учун Улуғ амир одатда Самарқандда тантанали маросимлар пайтидаги каби, ҳарбий кўрик ўтказишга қарор қилди. “У бошига жавоҳир тошлар билан безатилган тилла тожини кийиб, учида ҳўкиз боши тасвирланган салтанатнинг олтин ҳассасини қўлида тутганича шоҳона либосда от минган эди”,  – деб гувоҳлик беради муаррих.

Улуғ Амир дўмбираларнинг тантанавор садолари остида туғларини кўтариб, виқор ила саф тортиб турган бўлинмалар қаршисидан оҳиста юриб чиқди. Ҳар бир фавж, бўлинма сардори Соҳибқирон қаршисига келиб, ҳарбийча ҳурмат бажо келтирар ва ўз аскарларининг тайёргарлиги ҳақида маълумот берар эди.

Темур орасида ўғли Мироншоҳ ва икки набираси бўлмиш лашкарбошилар саломини қабул этгач, аскарларини кўрикдан ўтказди. Амир улар билан савол-жавоб қилар экан, қурол-аслаҳалари – найза, камон ва садоқ, тўқмоқ, ханжар, шамширу чарм қалқонлари тўла-тўкислигини текшириб кўрар эди.

“Бутун қўшинни текшириб чиқиш учун икки кундан ортиқ вақт кетди, бироқ Темур сафар машаққатларига қарамай қўшин аъло даражада эканлигига қаноат ҳосил қилди; у одамлар ўзларининг бош қўмондонига ишонч ва садоқатини йўқотмаганидан қувонди”.

ХХ асрнинг улуғ алломаси ҳазрат Алихонтўра Соғуний, “Темур тузуклари”ни таржима қилиш жараёнида ўз котибига, Амир Темур аскарларини Каспий (Хазар) денгизи соҳилида сафга тизиб, у бошидан бу бошига отлиқ ҳолда эртадан кеч пешингача юриб ўтгани ҳикоясини айтиб берган эканлар...

Соҳибқирон ўтказган тантанавор ҳарбий кўриклар қўшиннинг жанговар шайлигини текшириш ва аскарлар руҳини кўтариш билан бирга, душманни руҳан синдириш, ваҳимага солиш каби жуда муҳим омиллардан бири саналган.   

1402 йилнинг ёзи. Кичик Осиё ва Рум мамлакати бўйлаб қилинган етти йиллик юриш. Улуғ амир Сивос қалъасини қўлга киритгач, шу ерда у Йилдирим Боязид элчиларини қабул қилди. Элчилар турли-туман совға-саломлар билан бирга, султоннинг жавоб мактубини келтиришган эди; мактуб баландпарвоз жумлалардан иборат бўлиб, Амир Темурнинг сулҳ тузиш ҳақидаги таклифи рад этилган эди.

Йилдирим номасидаги оҳангдан ранжиган Амир Темур совғаларни рад этади ва элчиларни ўз қўшини қароргоҳини кўздан кечиришга таклиф қилади. “Улар Мовароуннаҳр Улуғ амирининг вассаллари бўлмиш Туркистон, Форс, Ҳинд ва Мўғулистон каби йигирмага яқин ўлканинг султонлари қўл остидаги беҳисоб ва беқиёс лашкарлар сафини ҳам ҳаяжон, ҳам қўрқинч ила айланиб чиқдилар”, деб ёзади муаррих. 

Рақиб билан юзлашиш учун қулай пайт пойлаб, Гуржистон ва Дарбанд томонларда қароргоҳ қурган Соҳибқирон ҳузурига севимли набираси Муҳаммад Султон бошчилигида Самарқанддан мадад кучлари етиб келди. Унинг қўшинига кирувчи суворийлар шу қадар зўр қуролланган эдиларки, бунақасини бутун Осиё илгари кўрмаган эди.

Узоқ юришларда отлари ҳориган, эгнидаги ҳарбий либослари эскириб, ранги ўчиб кетган эски аскарлар янги келганларнинг ярақлаб турган яроғларига  ҳавас билан қарашади. Айниқса, ҳар бири алоҳида рангдаги жанговар либос кийган фавж (дивизия)лар катта таассурот қолдиради.

Амир Темур ҳар бир қўшин тури учун алоҳида махсус рангда либослар – ҳарбий униформа (мундир) ҳамда фарқлаш белги (ҳозирги погон, шеврон ва эмблема каби)ларни ҳам биринчи бўлиб жорий қилган. Солномаларда таъкидланишича, Муҳаммад Султон қўшинидаги ҳар бир фавжнинг алоҳида рангли ўз туғи бўлиб, бу фавж аскарларию отлари ҳам айнан шу рангдаги совут, зирҳ, қалқон, эгар, ёпинчиқ, белбоғ, ўқдон, халта ва найзалар билан таъминланган эди. Шу алфозда оқ, яшил, бинафша ёхуд қизил рангли фавжлар мавжуд эди.

Юқоридагилардан маълум бўладики, ҳарбий кўрик – бугунги замонавий парадлар анъанаси улуғ Соҳибқирон даврида шаклланган. Бу тадбир қўшин руҳини кўтариш ва жанговар шайлигини текширишнинг энг таъсирчан омилларидан бири саналган.

Улуғ Истиқлол туфайли ўз фарзандларимиз – Ватан ҳимоячиларининг шиддат ва шижоатини ҳис этиш бахтига эришдик. Бугун ва Истиқлолдан аввалги кунларни – икки тузумни кўрган катта авлод вакиллари бу туйғуни жуда яхши тушунади: собиқ шўро армиясидан на завқ ва на ғурур ҳиссини туяр эдик. Ҳарбий хизматга жўнаш куни мотам маросимига ўхшаб кетарди: оталар, ака-ука ва қариндошлар ўйчан қиёфада, оналар эса йиғлаганча фарзандини армияга кузатишарди. Олис, қаҳратон ва бегона ўлкада, бунинг устига кўпинча қурилиш қисмларида ҳарбий хизматни ўташ Соҳибқирон авлодлари бўлган ўзбек фарзандлари учун қанчалик оғир эди!   

Бугун фарзандларни ҳарбий хизматга кузатиш – ғурур ва фахр байрамига айланди. Ўзбекистон миллий армияси тимсолида буюк Соҳибқироннинг сўнмас шон-шавкатини кўрамиз.

Ватанимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов, кўзларида ўт чақнаб турган ҳарбийларимиз сафи олдидан ўтаётгани, алп қоматли аскар ўғлонни даст кўтариб, ўз меҳрини изҳор этганини кўрганимизда, қанчалик фахр ва ғурур туйғуларини ҳис этганмиз! Иншооллоҳ, энди бу юксак туйғулар дунё тургунча бардавом бўлгай! Бу туйғулар озод Ватан ва буюк келажагимиз билан боғлиқ туйғулар – уларни дунёда ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.

ОҚСАРОЙ ВА КЛАВИХО ҲАЙРАТИ

Соҳибқироннинг жаҳон тарихидаги энг катта хизматларидан бири – унинг буюк бунёдкорлик фаолиятидир. Шаҳрисабзда Амир Темур қурдирган Оқсаройни таърифлаш учун энг гўзал сўзлар ва ҳайратли ибораларни саралаб, бир қанча китоблар ёзишга тўғри келади.

Тарихчи Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома” асарида Оқсарой қурилишининг бошланиши ҳақида қуйидагиларни ёзган:

Кўк тоқига туташди  кунгирасининг боши,

Ҳасадчи  юлдузларнинг  селдек оқди кўз ёши,

Оппоқ тобланган чоғда  тун ёноғидан ўпдилар,

Муаззинлар тонг отди, дея чаққон чопдилар.

Оқ елкасига ташласам деб назар арқонини

Донишлар нисор этди юз минг юрак жонини.

Ердан то само қадар кўтарилган янги Ой,

Номи ила аталди танҳо гўзал Оқсарой. 

Форсчадан Тўлқин Ҳайит таржимаси

Саройни бутун салобати, мўъжизавий фавворалари-ю жилваларини ўз кўзлари билан кўрган испан элчиси Рюи Гонзалес де Клавихо ҳайратининг чеки йўқ:

“Саройга жуда узун йўлакдан, бағоят баланд дарвоза орқали кирилади...

Ҳовлининг ўртасида катта ҳовуз жилоланиб турибди. Ҳовли саҳнининг кенглиги уч юз қадам келади... Бошдан-оёқ зарҳалланган бўлма ва ҳашаматли хоналарни шу қадар кўп кўрсатишдики, таърифини адо қилиб бўлмайди.

Қабулхона деворлари ҳам олтин, ложувард ва кошинлар билан моҳирона безатилиб, устига тилла суви югуртирилган. Бу ерда элчиларни юқори қаватга олиб чиқдилар. Бу қаватда бошдан-оёқ зарҳалланган бўлма ва ҳашаматли хоналарни шу қадар кўп кўрсатишдики, таърифини адо қилиб бўлмайди. Бўлма ва хоналарга зарҳал, зангори ва бошқа бўёқлар билан заргарона ҳал берилган, безаш ишларининг барчаси олтин, ложувард ҳамда қимматбаҳо тошлардан қилинганки, чевар усталарга эга бўлган Париж ҳам бу нақшлардан ҳайратга тушиши ҳеч гап эмас” (Рюи Гонзалес де Клавихо. “Самарқандга – Амир Темур саройига саёҳат кундалиги”. “Ўзбекистон” НМИУ, 2010 й. 147-148-бетлар).

«Темур тузуклари»нинг Оксфорда амалга оширилган инглиз тилидаги нашрида берилган Амир Темур сурати. Буюк Британия, Лондон, 1783.

«Темур тузуклари»нинг Оксфорда амалга оширилган инглиз тилидаги нашри титул варағи. Буюк Британия, Лондон, 1783.

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Информеры