2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИ – КЕНГАЙТИРИЛГАН ТАРКИБДА

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг жорий йилнинг биринчи чораги якунларига бағишланган йиғилиши ўтказилди.

Кенгаш аъзолари ҳамда вилоятлар таркибида тузилган Минтақавий бўлинма раислари иштирокидаги йиғилишда ҳисобот даврида Жамоатчилик кенгаши томонидан амалга оширилган ишлар, ўтказилган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда бошқа тарғибот-ташқивот ишлари сарҳисоб қилиниб, йўналишлар бўйича комиссия раисларининг маърузалари тингланди. Шунингдек, минтақавий бўлинма раисларига ҳарбий округлар қўмондонликлари билан ҳамкорликда ишларни ташкил этиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.

Таъкидлаш керакки, Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табригида “Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича кўпгина ютуқларга эришмоқда. Шуни эътиборга олган ҳолда, вилоят ҳокимликлари таркибида ушбу кенгашнинг минтақавий бўлинмаларини тузиш орқали унинг имкониятларини кенгайтириш зарур. Бу бўлинмаларнинг ишини ҳарбий округлар қўмондонлиги билан яқин ҳамкорликда ташкил этиш мақсадга мувофиқ” экани белгилаб берилганди.

– Неча йиллардан буён ушбу кенгаш аъзоларининг жамоатчилик уюшмалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа турдаги институтлари билан Мудофаа вазирлиги ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, мудофаа ва ҳарбий қурилиш соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсатига оид энг долзарб масалалар бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш, фуқароларни ҳарбий хизматга чақиришдан бошлаб, резервга бўшатилган фуқароларнинг ижтимоий ва профессионал мослашувигача бўлган масалаларни ҳал этиш, шунга доир таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишда жонбозлик кўрсатиб келаётганига гувоҳмиз. Эндиликда биз ҳам улар сафидан ўрин олдик, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари – хотин-қизлар қўмитасининг раиси Зуҳра Ибрагимова. – Яқиндагина Минтақавий бўлинмамизнинг аъзолари келгусидаги ишларни муҳокама қилиб, режалар тузгандик. Энди яна янги таклифлар, топшириқлар билан қайтаяпмиз. Халқимиз, ҳукуматимиз томонидан билдирилаётган юксак ишончни, албатта, оқлаймиз.

Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши томонидан амалга оширилаётган ишлар бир томондан Ватан ҳимоячиларининг кайфиятини, уларга яратилаётган шарт-шароитларни, кечаётган ислоҳотлар, ўзгаришларга ҳарбий хизматчиларнинг муносабатини аниқлашга имкон бераётган бўлса, иккинчи томондан халқимизнинг ўз армиясига бўлган эътиборини, ишончини аниқлашнинг муҳим воситаларидан бирига айланди. Натижада Қуролли Кучлар ва халқимиз ўртасидаги ришталар янада мустаҳкамланиб, миллатимизнинг ўз ҳимоячиларига нисбатан фахр, ғурур ва ифтихор туйғулари ошиб бормоқда.

Республикамизнинг нуфузли ташкилот ва муассасалари вакиллари, маданият ва санъат намоёндаларидан иборат Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг эътиборидан аскарлар китобхонлиги ҳам четда қолмади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Иқбол Мирзаалиевнинг ташаббуси билан келгусида “Аскар кутубхонаси” рукнида китоблар чоп этилиши кўзда тутилди. Ҳисобот йиғилишининг якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Азиз ЎКТАМҚУЛОВ 

Информеры