2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЖАМОАТЧИЛИК ФИКРИНИ ЎРГАНИШ

Жамоатчилик фикри ижтимоий онгнинг муайян ҳолати сифатида кенг  халқ оммасининг алоҳида шахслар, гуруҳлар ва реал борлиқ воқеа-ҳодисаларга нисбатан билдирувчи нуқтаи назаридир. Шахс, давлат ва жамият муносабатларида жамоатчилик фикри муҳим аҳамият касб этади. Бу эса ўз навбатида, демократик ҳуқуқий фуқаролик жамиятини шакллантириш асоси саналади. Шу боис, мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб, мамлакатимизда жамоатчилик фикрини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирги кунга келиб, бу – давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Бу 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланишида ўзининг ёрқин ифодасини топди.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш тушунчаси гарчи шу ном билан аталмаса-да, азал-азалдан халқимизнинг давлат қурилишидаги муҳим тамойилларидан бири бўлган. “Етти ўлчаб бир кес”, “Маслаҳатли тўй тарқамас”, “Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас” каби ўзбек халқ мақолларининг туб моҳиятида кўпчиликнинг фикрини ўрганиш, уюшқоқлик, ҳар бир ишни чуқур мулоҳаза ва таққослар билан амалга ошириш каби масалалар ётади. Давлат ишларининг тўққиз улушини маслаҳат, бир улушини қилич билан амалга оширдим, деган эди Соҳибқирон Амир Темур.

Жамоатчилик фикри атамаси XVII-XVIII асрларда Англия, Франция, Германия, Италия ва бошқа Европа давлатлари ижтимоий-сиёсий ҳаётида кенг қўлланила бошлади. Англияда жамоатчилик фикри мамлакат парламентида қабул қилинган қарорларга нисбатан халқнинг қарши ёки тарафдор кайфияти жамоатчилик фикри сифатида талқин этиб келинади.

Шахс эркинлиги ва озодлигининг амалда таъминланиши, ўз фикр мулоҳозаларини эркин билдиришининг ҳуқуқий асослари яратилиши ва мустаҳкамланиши натижасида жамоатчилик фикри тушунчаси кенг оммалашиб борди. XIX аср охирига қадар жамоатчилик фикри ҳуқуқшунослик фанининг предмети сифатида ўрганилган бўлса, XX аср бошларида у ижтимоий психология фани таркибига кирди.

XIX асрнинг 30 йилларида вужудга келган социология фанининг жамият ҳаётига кенг маънода кириб келиши натижасида жамоатчилик фикрининг ижтимоий-сиёсий аҳамиятини янада ошириб юборди.

Бугунги кунда тараққий этган давлатларда жамоатчилик фикрини ўрганиш марказлари самарали ишламоқда. Масалан, Калифорния университети социологик тадқиқот марказида 16 минг, Париж университети социологик тадқиқот марказида 15 минг мутахассиснинг фаолият олиб бориши, Москва шаҳрида мингдан ортиқ социологик тадқиқот марказларининг мавжудлиги уларнинг жамият тараққиётидаги ўрни ва роли беқиёслигини кўрсатиб берди.

Жамоатчилик фикрининг моҳияти ижтимоий фанларда кишиларнинг у ёки бу ҳодисага нисбатан билдирган эътирози ёхуд эътирофи, таклиф ва истаклари йиғиндиси, дейилади. Америкалик социолог Уолтер Липман фикрига кўра, “Жамоатчилик фикри кишиларнинг умумий, жамоавий манфатлари ифодасидир”.

Немис мутафаккири Гегель ўзининг “Ҳуқуқ фалсафаси” асарида “Кишилар ижтимоий ҳодисалар хусусида ўз мулоҳозаларини изҳор этишлари ҳисобига кўпчиликнинг ўзаро умумий фикри юзага келади”, дейди. Яъни бу халқ ўй-хаёли ва хоҳишларининг ноорганик бирлашуви ва ялпи намоён бўлишидан бошқа нарса эмас. Хақиқатан ҳам жамоатчилик фикрини таҳлил этувчи давлат ва жамоат бирлашмалари мавжуд бўлмаса ёки самарали ишламаса, фикр-мулоҳозалар, тасодифий фактлар, тасдиқланмаган хабарлар фисқ-фасод ва ғийбат тусини олади.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш ва унга мурожаат қилиш хар бир даврда давлатларнинг устувор вазифаси сифатида белгиланган. Лекин жамоатчилик фикри ҳар доим ҳам давлат сиёсатини белгилаб бермаган. Масалан, собиқ Иттифоқда жамоатчилик фикридан фақат давлат манфаатлари учун фойдаланилган. Бу эса давлат ва халқ ўртасидаги узилишни юзага келтириб, турли-туман муаммолар, охир-оқибат давлатнинг парчаланиб кетишига олиб келган.

Жамоатчилик фикри негизларидан бири унинг жамоавий хусусиятга эга эканлигидир, бу хусусият қанчалик мустаҳкам бўлса, шунчалик самарали бўлади.

Айрим ривожланган давлатларда жамият аъзолари давлат, шахс ва жамият ўртасидаги муносабатларни онгли равишда идрок эта биладилар. Албатта бундай тафаккур қилиш узоқ тадрижий ривожланишнинг маҳсулидир.

Жамоатчилик фикрининг тадрижий шаклланиш жараёнлари уч босқични ўз ичига олади: биринчи босқичда, ижтимоий ҳолат, фактлар ва ҳодиса таъсирида алоҳида шахслар онгида индивидуал фикр-таассуротларнинг юзага келиши; иккинчи босқичда алоҳида шахслар фикрларининг суҳбат, баҳс, муҳокама, йиғин ва митинглар воситасида жамоа фикрига айланиши; учинчи босқичда эса жамоалар фикри сифат ўзгаришига юз тутиб, жамоатчилик фикрига айланишини ифодаловчи нуқтаи назарлар уйғунлашуви ва бирлашуви жараёнларидир.

Ўзбекистонда халқ ҳокимиятининг энг муҳим пойдевори сифатида жамоатчилик назорати институтини кучайтириш масалалари қонунлар ва бошқа ҳужжатларда ўз аксини топган. Бунга мисол тариқасида Конституция­мизнинг 32-моддасини, шунингдек, Ўзбекистон Респуб­ликасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа ҳужжатларни айтишимиз мумкин.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бутун мамлакатимиз бўйлаб Халқ қабулхоналарининг ташкил этилгани, шаҳар ва туманларда ҳақиқий аҳвол ўрганилиб, тегишли раҳбарларнинг ҳисоботи халқ депутатлари кенгашлари сессияси муҳокамасига киритилаётгани, бир сўз билан айтганда, халқнинг муаммолари, таклиф ва истаклари ўрганилаётгани юртимизда жамоатчилик фикри, парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмлари ишлаб чиқилганидан далолатдир.

Мамлакатимиз тинчлиги, халқимизнинг фаровон ҳаётини ишончли ҳимоя қилиш, миллий армиямиз фаолиятининг такомиллашуви масалаларида ҳам жамоатчилик фикри муҳим ўрин тутади. Мудофаа вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Жамоатчилик кенгаши фаолияти бунга яққол мисолдир. Мазкур кенгаш  Қуролли Кучлар устидан самарали фуқаролик назорати механизмини шакллантириш, Мудофаа вазирлиги фаолиятининг очиқлиги ва  ошкоралигини таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича кўпгина ютуқларга эришмоқда. Шу боис, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табригида бу масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Яъни, вилоят ҳокимликлари таркибида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг минтақавий бўлинмаларини тузиш орқали унинг имкониятларини кенгайтириш вазифасини қўйди. Зеро, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича узлуксиз олиб бориладиган ишлар биз учун долзарб аҳамиятга эгадир. Ватанпарварлик ҳар бир давлат ҳаётининг маънавий асоси ҳисобланади ва жамиятни ҳар томонлама ривожлантириш борасида энг муҳим сафарбар этувчи куч сифатида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам фуқароларимизда бизга мутлақо ёт бўлган зарарли таъсирларга қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантириш ва Ватанимиз тақдири учун масъулият туйғусини мустаҳкамлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни кўришимиз шарт, дейилади табрикда.

Хулоса қиладиган бўлсак, жамоатчилик фикрини ўрганиш масаласи бугунги кунга келиб, янгиланиш даврини кечирмоқда. Жамоатчилик фикрини ўрганиш механизмларининг янада такомиллашуви нафақат республика марказида балки вилоят, туманларда социологик тадқиқот марказлари фаолиятининг янада ривожланишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Шароф ЭРМАТОВ,

Қарши давлат университети ижтимоий фанлар кафедраси доценти

Информеры