2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

СОҲИБҚИРОННИНГ БУГУНГИ ЖАНГЧИЛАРИ

(иккинчи мақола)

Оқсарой фидойиси

Дунёда икки куч – Эзгулик ва Ёвузлик, икки ғоя – Бунёдкор ва Бузғунчи ғоялар абадий курашади.

Шаҳрисабздаги беқиёс бунёдкорлик маҳсули бўлмиш меъморий обидалар, афсуски бир неча аср давомида бузғунчи кучлар таъсирида қолган. Лекин бир ўзи юзлаб жоҳил бузғунчиларга тенг келувчи фидойилар ҳам доимо топилган. Уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли тарихий обидалар мажруҳ ҳолатда бўлса-да, бугунгача сақланиб қолган. Шаҳрисабзлик асл темурийзода Азизбек Аҳмедов ана шундай фидойилардан бири. Ҳозирча “Оқсаройни асраш жамияти” ёки “Темурийлар даври меъморчилиги ва Оқсаройни ўрганиш институти” каби ташкилотлар мавжуд эмас. Аммо моҳир мутахассислардан иборат катта жамоалар бажарадиган ишларни шу биргина ёш йигит, меҳр ва темурийга хос шижоат билан амалга ошириб келяпти.

– Болалик даврим, ўтган асрнинг 80-йилларида Оқсарой атрофида кечган, – дейди Азизбек. – Бўш қолдим дегунча шу ёққа қараб югурардим. Кеч қолсам, отам мени Оқсарой пойидан топиб, олиб кетарди. Эрталаб қуёш нури тушганда, Оқсарой кошинларининг товланиши, кун бўйи эсадиган ҳузурбахш шабада, кечки пайт эса саройнинг сирли манзараларини томоша қилиб тўймасдим. Кексалардан Оқсарой ҳақидаги ривоятларни тинглаш мен учун ҳар қандай эртакдан ҳам қизиқарлироқ эди.

Бу қизиқиш Азизбек учун ҳаёт дастурига айланди. Мактабни тугатгач, Камолиддин Беҳзод номидаги рассомлик ва дизайн институтининг Реставрация факультетига ҳужжат топширди. Оқсаройни чуқур ўрганиш, дастлабки ҳолатдаги тугал кўринишини тасвирлаш унинг азалий орзуси эди. Шу сабабли, бўлажак диплом ишининг мавзуси биринчи курсдаёқ маълум эди: Оқсарой лойиҳасини тиклаш ва макетини яратиш!

Ўз мақсадига катта меҳр билан интилса, ишга бутун диққат-эътибори билан киришса, ҳатто муаммо ва изланишлар ҳам одамга ҳузур бағишлайди. Оқсаройнинг асл кўриниши қандай бўлган? Бу ҳар бир шаҳрисабзлик учун қизиқ савол. Сарой ҳақида жуда кўп ривоятлар бор, лекин аниқ лойиҳа сақланмаган. Фақат элас-элас, афсонавий тасаввурлар бўй кўрсатгандек бўлади: осмонўпар қаср, унинг томида ҳовуз ва фаввора, олтин суви юритилган нақшлар, мовий гумбазлар, сон-саноқсиз нақшинкор хоналар, заллар...

Буларни қандай қилиб умумлаштириш ва саройни қоғозда “тиклаш” мумкин? Бунинг учун тарихий манбаларни, Ислом меъморчилигини чуқур ўрганиш керак. Азизбек Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон ва Эрондаги саройларнинг суратларини таққослаб, ўрганди. Негаки, бу қасрлар тарҳида ҳам Оқсаройга хос айрим чизгилар бор, уларни қуришда ҳам аждодларимиз иштирок этишган.

Айрим маълумотларга қараганда, Мозори Шариф шаҳрида яшаётган, асли аждодлари шаҳрисабзлик бўлган бир фуқарода Оқсаройнинг лойиҳаси сақланмоқда экан. У махсус терига чизилган, каттагина китоб шаклида, дейишади...

– Испаниядаги Алгамбра қасри, Севилья шаҳридаги Алказар саройида ҳам Оқсаройга хос жиҳатлар бор, – дейди у. – Аградаги Тож Маҳал ҳовлисида,  Исфаҳон, Машҳад, Табриздаги саройларда ҳам узун, тўртбурчак ва бошқа шакллардаги ҳовузлар бор. Оқсарой ҳовузи ва фавворалари қандай кўринишда бўлган? Хоналар, гумбазлар ва залларнинг жойлашуви, баландлиги-чи? Саволлар кўп. Аммо шуниси аниқки, Темурийлар даврида тарихимиздаги энг гўзал меъморчилик йўналиши пайдо бўлган.

Азизбек Оқсарой ҳақида шунчаки сўзламайди, худди қўшиқ айтаётганга ўхшайди. Бу қўшиқда фахр, ғурур ва фидойилик бор. Мен имкон қадар уларни қоғозга туширишга ҳаракат қиламан. Мана, ўша дардли қўшиқнинг айрим мисралари:

– Оқсарой катта майдонни эгаллаган, бетакрор бинолар силсиласидан иборат мажмуа бўлган. Атрофи жаннатмонанд боғлар билан ўралган. Бутун дунёдан турфа қушлар, товуслар, анвойи ўсимликлар келтирилган.

– Бу қасрни қуриш учун ҳозирги ўлчамлар, бугунги ҳисоб-китоблар бўйича олганда ҳам жуда катта маблағ сарфланган. Олий қасрдаги барча жиҳозлар, бу ерда ўтказилган тадбирлар, кийим-кечакларгача юксак мақомда бўлган. Бунга жуда катта эътибор берилган...

– Бошқа обидалардан фарқли жиҳати – Оқсарой нақшлари симметрик эмас. Яъни, пештоқнинг ўнг ва чап томонида турлича нақшлар туширилган. Нега? Бунда ҳам катта ҳикматлар яширинган. Уларни ўқиб, уқиб, мағзини чақиш учун ислом дини, тасаввуф, фалакиёт, фалсафа, ҳандаса... каби илмлардан хабардор бўлишимиз керак.

– Қуёш нури эрталаб деворларга тушиб, камалак рангларида жилваланган. Ҳозир ҳам тонг пайти келсангиз, деворларда сақланиб қолган тилла зарралари чақнаб туради.

– Мана шу тамға (ўттиз метрдан юқорироқдаги айлана нақшни кўрсатади) қасрнинг икки томонида туширилган. У яқин вақтларгача шу жойда турган. Кейин кўчириб олиниб, бошқа обидани таъмирлашда ишлатилган.

– Оқсарой ҳовлиси, қадимда давлат идоралари бўлган жойда ер ости йўлаги топилган. Ободонлаштириш ишлари кетаётган кунлардан бирида экскаваторчи йигит, “шу жойда экскаваторим қандайдир чуқурга тушиб кетди”, дейди. Қарасам, ер остида ғиштин, аркалик йўлак кўриниб турибди. У қайси томонга олиб борган? Афсуски, бу ер ости йўлаги ўрганилмаган. Уни ҳам ортиқча гап-сўзсиз, тезда кўмиб юборишди. Ҳозир бу жойда кўкаламзор хиёбон бўлиб, чет элдан келтирилган дарахтлар экилган. Оқсарой сир-синоатлари эса ҳануз ер остида ётибди...

– Оқсарой 130–150 йиллар бурун ҳеч бўлмаганда Самарқанддаги Бибихоним масжиди каби тўлиқроқ кўринишда бўлган. Оқсарой босқинчилардан қаттиқ жабр кўрган. Лекин ўз лоқайдлигимиз, жоҳиллик, эътиқодсизлик, манқуртлик... каби иллатлар ундан ҳам катта жароҳат етказган. Айрим манқуртларни фақатгина Оқсаройнинг сифатли ғишт ва кошинлари қизиқтирган. Ҳатто, ғиштларини олиш учун ҳашарлар уюштирилгани ҳақида гаплар юради...

– Оқсарой майдонида пойдевор ва ҳовуз қолдиқлари сақланиб қолган. Тарихий манбалар, асосан Клавихо кундаликларидаги ёзма тасвирлар асосида сарой лойиҳаси ва ташқи кўринишини тикладик. Қалъа ичидаги майдонда саройнинг асл ўлчамдаги нусхаси қурилса, сайёҳлар ва юртдошларимиз учун ҳақиқий зиёратгоҳга айланади. Қаср ҳовлиси, қабулхона, фавворалар, мингдан ортиқ хона – ҳаммасини қайта тиклаш мумкин...

Оқсарой тарихи узундан узоқ. Уни бир кун эмас, ҳафталаб гапирганда ҳам поёнига етиш қийин. Оқсарой мажмуасидан бугун улкан пештоқнинг икки устунигина сақланиб қолган, холос. Улар Оқсаройнинг жуда арзимаган бир қисмини ташкил этади. Қасрнинг ана шу юздан бир бўлаги ҳам сир-синоатларга лиммо-лим тўла. Уларни бугун ҳам ўрганиб, таърифлаб ва мадҳ этиб охирига етиб бўлмаяпти. Агар Оқсаройга бағишлаб ёзилган китоблар жамланса, бутун бошли “Оқсарой кутубхонаси” пайдо бўлиши шубҳасиз...

Азизбек Аҳмедовнинг мўъжазгина устахонаси шаҳрисабзлик ёш рассомлар учун ўзига хос мактабга айланди. Рассомларнинг бош мавзуси – Оқсарой. Хорижий сайёҳлар ҳайратланиб, суратларга қараб тўймайдилар. Оқсарой расмлари ва қасрнинг сополдан ясалган митти нусхаларини харид қилиш – Шаҳрисабз меҳмонлари учун энг қимматли эсдалик саналади. Оқсарой фонида суратга тушиш – Боқийлик, Улуғворлик, Куч-қудрат ва Ҳикматлар дунёси билан юзма-юз туриш, демакдир.

Азизбек Оқсаройга кириш пештоқининг баландлиги икки ярим метрлик макетини асл кўринишда ясаган. Макет ва қаср суратлари дарҳол барчанинг эътиборини тортди.

Бир неча йил бурун шаҳардаги қурилишларни шахсан назорат қилган, ўша пайтда Республика Бош вазири бўлган Шавкат Мирзиёев кўргазмани келиб кўрдилар. Азизбекнинг ишлари у кишида катта қизиқиш уйғотди. Оқсарой ҳақида ёш тарихчига бир неча саволлар бердилар. Сўнгра вилоят ҳокимини ёнларига чақирдилар-да, Азизбекни кўрсатиб: “Бу йигитнинг ижод қилиши учун зарур шароитлардан хабар олиб туринг. Худди ўз укангиздек ғамхўрлик кўрсатинг”, дея тайинладилар.

Шундан сўнг Шавкат Миромонович Шаҳрисабзга ҳар келганларида Азизбекнинг устахонасига албатта бир кириб ўтадиган бўлдилар.

Бундан руҳланган ёш тарихчи, Оқсаройнинг тарҳи(лойиҳаси)ни тарихий ҳужжатлар асосида янада аниқ ва мукаммалроқ қилиб ишлашга киришди. Унинг устахонаси ҳамюртларимиз ва хорижий сайёҳлар билан доимо гавжум. Азизбек меҳмонларга Оқсарой мўъжизалари ҳақида тўлиб-тошиб, инглиз тилида узоқ сўзлаб беради.

Собиқ тузумнинг даҳрий сиёсати авжига чиққан даврда Шаҳрисабздаги обидалар катта зарар кўрган. Бир гумроҳ кимса, Жаҳонгир мақбарасининг ноёб нақшинкор эшигини бузиб... ўтин қилиш мақсадида олиб кетаётганида, иймони бутун бир инсон кўриб қолади. Жоҳилга истаганича ўтин бериб, ноёб эшикни сақлаб қолади. Ҳозир эшик ўзининг аввалги ўрнида турибди. Бу мўъжиза, бир бетавфиқнинг ўчоғида саноқли дақиқа ичида ёнгани қайда-ю, асрлар давомида юз минглаб одамларнинг кўзини қувнатгани қаёқда! Йўлингиз тушса, унинг ўймакор нақшларини силаб, ҳасратли ҳикоясига қулоқ тутинг...

Орзуга айб йўқ. Тикланажак янги Оқсаройда тиллакори хоналар, мовий гумбазлар яна кўзларни қувнатиб туради. Юзлаб хоналарда ғаройиб қандиллар, ноёб ўймакорлик санъати намунаси бўлган қўш табақали эшиклар ўрнатилади. Бу ғаройиб иншоотлар шунчаки томошагоҳ эмас, уларда ҳунармандлик устахоналари, ёдгорликлар ва китоблар билан савдо қилувчи дўконлар, кўргазма, музей... кабиларни ҳам жойлаштириш, ҳатто  замонавий меҳмонхоналар ҳам ташкил қилиш мумкин. Тасаввур қилинг, “Шаҳрисабзга бориб, Оқсаройда дам олдим...” дейиш қанчалик тантанавор жаранглайди! 

Булар – Азизбекнинг, қолаверса, барча шаҳрисабзликларнинг эзгу орзуси. Яқин вақтларда, Шаҳрисабзда Оқсаройнинг асл кўриниши ва баландлигидаги нусхаси қурилишига астойдил ишонади у. Бу улуғ ишга баҳоли қудрат ҳисса қўшиш учун бел боғлаган тадбиркорлар ҳам оз эмас...

Темурбекнинг болаликдаги дўстлари орасида Азизбек исмли бекзода бўлгани тарихий манбаларда қайд этилган. Кейинроқ Соҳибқиронинг болаликдаги бу дўсти, унинг энг содиқ жанговар сафдошлари қаторидан жой олган.

Тарих ва бугуннинг қувонарли уйғунлиги шундаки, бугун ҳам Шаҳрисабзда фидойи Азизбеклар жуда кўп...

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Информеры