2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

СОҲИБҚИРОН, БАРЛОС, КЎРАГОН, ТАРАҒАЙ...

Тарихга назар солсак, Амир Темур ҳазратлари каби оламшумул шахслар асрларда эмас, минг йилларда бир маротаба дунёга келишини кўрамиз. Тарихда “Соҳибқирон” деган сифат билан улуғланувчи инсонлардан бугунга қадар уч нафари ўтгани маълум.

“Соҳибқирон” сўзининг арабча “саодатли, зафарли, ғолиб” маънолари бор. Илми нужум (астрология)да ва афсоналарда Зуҳро (Венера) – дўстлик ва меҳру муҳаббат туғёнларини инъом айлагувчи, Муштарий (Юпитер) – омаду иқбол, музаффарият ва шодиёналар сайёраси деб таърифланади. Шу икки сайёранинг бир буржда учрашган вақти саодатли лаҳзалардир, уни қирон дейдилар, шундай вақтда туғилган бола “қирон соҳиби” ҳисобланади.

Бу ҳолат саккиз юз йилда бир марта рўй берар экан. Айтишларича, Искандар Мақдуний (македониялик Александр), сўнгра пайғамбаримиз Расули Акрам Муҳаммад Алайҳиссалам ҳазратлари туғилганида шундай бўлган – осмони фалакда Муштарий ва Зуҳро юлдузлари бир-бири билан бақамти келиб, қирон буржида учрашган. Айнан шу сонияда туғилган бола Соҳибқирон бўлиб етишади, деган ақида қадимдан мавжуд. Бундай боланинг бахтли, улуғ мартабалар эгаси бўлиши олдиндан башорат этилади.

Лекин ўша сонияда биргина Амир Темур ҳазратлари туғилмаган-ку? Нега қолганлар бундай улуғ мартабага эришмаганлар? Аввало, бобомизга Яратган Парвардигор буюк истеъдод берган ва айни пайтда у кишининг елкасига буюк бир тарихий юмуш ҳам юклаган.

Салоҳиддин Тошкандийнинг “Темурнома” асарида, шунингдек, “Темур тузуклари”да ҳам “Соҳибқирон” сўзининг маъноси юқоридаги каби изоҳланади1.

Бу фикр “Темурнома” асарининг “Эмди Амир Темур Соҳибқирон онадан туғулмоқи воқеасини эшитинг” номли (сарлавҳали) қисмида баён этилган: “...қай вақт ҳар етти кавкаб толеъи саратонда жадй буржинда маъитда бўлса қирон бўлурлар. Шундай вақтға ўғул вужудга келса, толеъи масъуд ўлур. Шул соатда Тангри таборак ва таоло оламни яратибдур. Ҳар фарзанд шул соатда таваллуд бўлса, онинг толеъи охир умригача доимо иқболи масъуддир...”2.

“Соҳибқирон”нинг яна бир таърифи – Шарқ мамлакатларида улуғ ҳукмдорларга бериладиган шарафли унвонни англатади. Амир Темур Кўрагон ҳам шу унвонга мушарраф бўлган.

Тарихий манбаларда Соҳибқирон Амир Темур “Абулмансур” – “ғалаба келтирувчи”, “Соҳиби жаҳон” ва “Соҳиби адл” – Адолат соҳиби номлари билан ҳам улуғланади.

БАРЛОСЛАР. Амир Темур мансуб бўлган барлос уруғи қадимий турк қавмларидан бўлиб, кўҳна луғатларнинг бирида ёзилишича, “барлос” калимаси “бургут” маъносини англатган. Ривоятнамо тарзда битилган “Темурнома” муаллифи Салоҳиддин Тошкандийнинг ёзишига кўра, “барлос маъноси “қилични қинга солмаганин айтурлар”.

 Кўҳна асотирлару бир қатор тадқиқотчиларнинг фикрича, “турк” калимаси “қиличли одам” маъносида келишини эътиборга олсак, барлосларнинг туркий қавмга мансублиги яна бир карра ойдинлашади.

Шайх Сулаймон Бухорийнинг “Луғати чиғатойи ва турки усмоний” номли қомусида “барлос” сўзига шундай шарҳ берилган: “ўзбек қавмларидан бирининг исмидир; жанговар, сипоҳдор, солор” (1-жилд, 74-бет; ҳижрий 1298. Истанбул нашри).

XIX асрда яшаган муаррих Рашидиддин Фазлуллоҳ Қазвиний “Жоме ат-таворих” асарида ёзишича, туркий уруғлар ўзларини насабдор ва улуғ эканларини кўрсатиш учун Чингиз ва унинг уруғи мўғул бўлганлигига қараб, ўзларини мўғулларга қўшиб кўрсатадилар. Ваҳоланки, жалойир, татар, уйрот, унгут, кераит, найман, тангут каби қабилалар ҳам қадимги вақтда мўғулларни тан олмаганлигига қарамасдан, энди мақтаниб ўзларини мўғулларга қўшиб кўрсатадилар. Уларнинг ҳозирги авлодлари ўзларини қадимги вақтлардан бери мўғулларга қўшилиб келган, деб хаёл қиладилар. Ҳолбуки, қадимги замонларда мўғулларнинг ўзлари ҳам чўлларда яшовчи туркий халқларнинг бир бўлаги бўлган, холос”.

Бу мулоҳаза барлос уруғига ҳам бевосита тегишлидир.

«КЎРАГОН» АТАМАСИ ХУСУСИДА. Қадимдан подшоҳлар исмига турли унвонлар қўшиб айтилган. Ушбу унвонлар уларнинг қайсидир бир хислатларини ҳисобга олган ҳолда берилган. Хусусан, Соҳибқирон 1370 йилда собиқ ҳукмдор Қозонхоннинг қизи Сароймулкхонимга уйланади ва мўғул тилида “Кўрагон”, яъни “Хон куёви” деган ном олади. Қозонхон Чингизхоннинг ўғли Чиғатой авлодларидан бири эди.

Қадимги туркий халқлардан бўлмиш ёқут, бурят, мўғул ва шу каби кўплаб қавмлар кўчиш асносида Энасой, Ангара, Лена ва бошқа дарёлар оша тобора шимол қаърига кириб бораверади. “У пайтларда ҳозирги ёқутлар куриканлар деб аталган. Биз ушбу этнонимни товушдош, оҳангдош бир неча бошқа сўзлар билан солиштирган ҳолда хулосани ўқувчининг ўзига қолдирамиз. Курикан – ҳозирги ёқутларнинг қадимги номи. Хуриган – ҳозирги бурят, мўғул ва бошқаларда “куёв”, “почча” маъносини билдиради. Бу жойда биз Амир Темур Кўрагонни айтиб ўтмоқчимиз”.3

Амир Темурга кўрагон унвонининг берилиши ва унинг туб маъноси олимлар ўртасида мунозарали мавзулардан биридир. Бир гуруҳ олимлар кўрагон Амир Темурга берилган унвон деб ҳисоблашса, унга қарши бошқа гуруҳ олимлар, бу унвон эмас, балки уруғ номи эканлигини таъкидлашади. Айрим тадқиқотчилар “кўрагон” атамасини хоннинг куёви эмас, балки “баҳодир” сифатида талқин этишган. “Кўрагон” мўғулчада хоннинг куёви маъносини англатса, туркчада “Кур”, “Кўрагон (Гургон)” атамалари “баҳодир” маъносини англатади.

Амир Темур зарб эттирган тангаларда араб алифбосида “Кургон”, Амир Темурнинг қабр тошида эса “Гургон” тарзида ёзилган. Тарихчи Ў.Алимовнинг ёзишича, XIX асрда тўқилган бир гиламда Амир Темурнинг ўз аъёнлари, қўриқчилари даврасида ўтирганлиги тасвирланган. Суратнинг тепа қисмида ҳошия ичида “Амир Темур Гургони” деган ёзув битилган. Маълумки, тарихий шахслар исмига Самарқандий, Тошкандий, Бухорий каби нисбатлар қўшиб ёзилиб, уларни ўша юртдан эканлигини билдирган. Шу нуқтаи назардан, эҳтимол, “Гургони” – Амир Темурнинг баҳодирлар юртидан эканлигига ишора сифатида талқин этилган.

Кўрагон атамасини “баҳодир” сифатида талқин қилувчилар, Амир Темурнинг биринчи ўғли Муҳаммад Жаҳонгир Мирзони 1374 йили 18 ёшида Олтин Ўрда хонининг набираси Хонзода (Севинчбека) бегимга уйланганлиги ва 20 ёшида вафот этиб, лекин тарихда “кўрагон” деган унвонини олмаганлиги, унинг вафотидан сўнг бева қолган Хонзода бегимга 1383 йили Амир Темурнинг учинчи ўғли Мироншоҳ уйланиб, “кўрагон” деб аталганлигини ҳам асос сифатида кўрсатадилар.

Европалик сайёҳ Ҳерман Вамбери “кўрагон” терминига турлича ёндашган. Жумладан, уни уруғнинг бир тармоғи сифатида, яна бир таърифида эса “кўркли ва кўркам”, деб эътироф этган. Бироқ иккала фикрда ҳам уруғга ишора қилган. Шу нуқтаи назардан, у Темурнинг уруғи барлос бўлса-да, лекин кўрагон уруғнинг бир тармоғи, яъни Барлос уруғининг кўрагон (кўркли, кўркам) тармоғидан деб ҳисоблаган.

Юқорида айтилганидек, айрим тадқиқотчилар “кўрагон” терминини хоннинг куёви маъносида ишлатганлар. Хусусан, Ибн Арабшоҳ “Темур Хитой хонлари қизига уйланганлиги сабабли “Кўрагон” унвонини олган ва бу атама мўғулчасига “хатан” – хон куёви деган маънони англатади”, деб ёзади. Бунга Чингизхоннинг отаси Ясугай Баҳодир ўғлига совчи бўлиб, Дайчеченнинг ҳузурига борганида, у “Майли қизимни берай, сен эса ўғлингни “Куёв” (гурген, курген) қилиб ташлаб кетавер”, деган ва Чингизхон ҳамда унинг авлодлари қизларига уйланганлар “кўрагон” – хоннинг куёви унвонини олганлар.

Бундан кўринадики, Ибн Арабшоҳ мўғуллардаги мавжуд урф-одатни ва Амир Темурни Чиғатой улусига мансуб бўлган мўғул хонларидан Қозонхонининг қизи Сароймулкхоним (Бибихоним)га уйланганлигини асос қилиб олган. Бундан ташқари, француз тарихчиси Люсьен Кэрэн ҳам Амир Темурни Чингизхон авлодидан бўлмиш маликага уйланганлиги боис, хоннинг куёви сифатида талқин этади.

Тарихчи олим Турғун Файзиев ўзининг “Темурийлар шажараси” асарида “кўрагон” атамасига тўхталиб, уни хоннинг куёви маъносини англатишини ва шу нуқтаи назардан Амир Темурнинг Сароймулкхонимга уйланиши натижасида “кўрагон” – яъни хоннинг куёви унвонига эга бўлганини ёзади.

Хулоса қилиб шуни айтиш керакки, Амир Темур ва темурийлар исмида “кўрагон” атамасининг учраши борасида тарихчи олимлар ўртасида ҳали бир тўхтамга келинмаган ва бу ҳозирги кунда ўз ечимини кутаётган мавзулардан биридир.

«ТАРАҒАЙ»НИНГ МАЪНОСИ. “Тарағай” сўзининг маъноси ҳақида ҳам баҳсли ўринлар кўп. Аммо оқсоқол адибимиз Пиримқул Қодиров “тарағай” сўзи тўғрисида лўнда фикрни айтиб ўтганлар:

“Жуда уятли томони шуки, ҳамон Амир Тарағай баҳодир номини “Тўрғай” деб ёзиш ҳоллари учраб турибди. Бу бирор мантиққа тўғри келмайди. Тўрғай – миттигина сайроқ қуш бўлиб, шавкатли амирга бундай нисбат бериш одобдан эмас. Тарағай сўзи “нурдай таралсин, кўпайсин, катта ҳудудларни эгалласин”, деган маънони беради”.

(П.Қодиров, “Амир Темур сиймоси” асари, Т., “Ўзбекистон”, 2007 йил)

1 Темурнома, 22-б.; Темур тузуклари, 9-ҳавола, 58-б.

2 Темурнома,  49-б.

 Маҳмуд Йўлдошев. Алпларнинг қаноти. “Маърифат” газетаси, 2003 й. 26 март.

3 Маҳмуд Йўлдошев. Алпларнинг қаноти. “Маърифат” газетаси, 2003 й. 26 март.

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Информеры