2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ТАРИХИЙ МАСКАНГА САЁҲАТ

Қўқон шаҳар ўлкашунослик музейига ҳудуддаги ҳарбий қисмлардан бирида ўз конституцион бурчини адо этаётган бир гуруҳ муддатли ҳарбий хизматчилар саёҳат уюштиришди.

Маълумки, барчамизнинг тақдиримизга дахлдор бўлган тарихий адолатни тиклаш, халқимиз ва миллатимизнинг яқин ва олис ўтмишдаги саҳифаларини тўла очиб бериш, шу тарихдан сабоқ чиқариб, бугунги ва келажак ҳаётимизга онгли қарашни ўргатишда музейларнинг шубҳасиз, роли катта. Зеро, музейларни ташкил қилишдан мақсад ҳам шу жамиятда яшаб турган инсонларнинг ўз Ватани тарихига бефарқ қарамасликлари, айниқса, ёшларнинг аждодлар меросини яхши билиши, Ватан озодлиги, тинчлиги, фаровон ҳаёти учун улардек мард, фидойи бўлишга руҳлантиришдир. Музейлардан олинган таассурот, билим кишига эстетик ҳамда маънавий завқ бағишлайди. Шу маънода ҳарбий хизматчиларда ватанпарварлик ва миллий ғурур туйғуларини шакллантириш ва мустаҳкамлаш, уларни она Ватанимизнинг моддий ва маънавий бойликларидан фахрланиш, шарафли хизматлари замирида ушбу бебаҳо бойликларни келгуси авлодларга ҳам етказишдек устувор мақсад мужассамлигини англатишда асрлар силсиласига дош бериб келаётган бу каби меъморий ёдгорлик мажмуалари, зиёратгоҳ ва қадамжолар ҳамда бошқа осори-атиқаларнинг ўрни катта, десак, хато қилмаймиз.

Қўқон шаҳар ўлкашунослик музейи Қўқон хонлигининг сўнгги вакили Саид Муҳаммад Худоёрхон ўрдасининг бузилмай қолган қисмида 1925 йилда Фарғона округ ўлкани ўрганиш музейи номи билан ташкил этилган. 1930 – 1957 йилларда Қўқон туманлараро ўлкани ўрганиш музейи сифатида юритилган. 1958 йилдан бошлаб ҳозирги номда аталади. Музейда табиат, тарих, қадимги давр тарихи, янги давр тарихи, санъат, оммавий ишлар бўлимлари, 7 минг дона китоб фондига эга кутубхона мавжуд. Унда бугунги кунда 37 мингга яқин экспонат сақланади. Экспонатлар Қўқон шаҳар тарихи, Фарғона водийси табиати, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёси, маданиятини атрофлича акс эттиради.

Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, ушбу ўрда Худоёрхоннинг учинчи марта тахтга чиққан даврида, 1865 – 1870 йиллар оралиғида, ердан 4 метр баланд кўтарилган майдонда, 114 хонали, ғоят муҳташам қилиб барпо этилган. Мазкур иншоот ҳақида ўзбекнинг улуғ адиби Абдулла Қодирий машҳур “Меҳробдан чаён” асарида шундай битган эди: “Ўрда қўрғонининг ташқари айланаси (тўрт томони) ажойиб гулзорлар, анвоъи мевали дарахтлар билан зийнатланган... гулшаннинг уч тарафи хиёбон, расталар ва бунда эртадан кечкача халқ қайнашиб турар эди... Боққа кирилгандан кейин, тўғрида янги ўрданинг дарбозаси, муҳташам музаяқакор тоқ ва равоқлар кўзни қамашдирар, киши гўё ўзини хон ҳузурида, истибдод салобати остида сезар ва мутантан (тантанавор) ва музайян (зийнатланган, безатилган) қасрдан руҳ олиш ўрниға, билъакс, бир даҳшат ва хавф ҳис эта бошлар эди...”

Бугун ўрданинг кўпгина қисми бузилиб кетган. Ёдгорликнинг бутун қолган қисми асл ҳолининг учдан бирига тўғри келади. Ёдгорлик юртимизнинг маданий мерос объектлари рўйхатига киритилиб, давлат муҳофазасига олинган. Истиқлол йилларида унинг ҳудудини ободонлаштириш бўйича ҳам салмоқли ишлар қилинди. Унинг атрофини бугун ҳам замонавий боғ ва гулзорлар ўраб турибди. Музей ҳудуди бошланаётган жой, яъни кираверишда замонавий арка бунёд этилибди. Айнан шу жойда ўрданинг биринчи дарвозаси бўлган экан.

Музейга киргач, биринчи бўлиб тепаси гумбаз шаклидаги ўрданинг “Саломхона” деб аталган биринчи хонасига дуч келасиз. Унинг чап томонида хон ўтирган асосий хона, ўнг томонда эса хоннинг юқори мансабли мулозимлари ва сарой аъёнлари учун белгиланган хоналар жойлашган. Хон ҳузурига келган киши дастлаб келишдан мақсадини саломхонадаги аъёнга билдирган, шундан сўнг арз ёки шикоят бўйича ечим фақат хоннинг ўзига боғлиқ бўлса, олдига киритилган. Жўнроқ ёки бирор-бир мулозимга тегишли масала бўлса, келгувчи ўшанга рўбарў қилинган.

Бугун хоналардан бирига ўрданинг асл қиёфаси кичрайтирилган макет тарзида жойлаштирилган. Хон ўтирган хона ичи ва шифт ганчкорлик ва ўймакорлик санъатининг ғоят серҳашам намуналарининг нодир қиёфасини ўзида акс эттирган. Тўрда меҳробга ўхшаган жой бўлиб, хон тахти шу ерга ўрнатилган. Равоқлар ранг-баранг нақшлар билан безатилган. Умуман, Шарқ меъморчилигининг нодир намуналари асосида ўта нафислик билан жило бериб безатилган ушбу хонада товуш мутаносиблигини таъминлаш ҳам эътибордан четда қолмай, тепадаги нақшинкор кошинлар ботиқ усулда барпо этилибди. Ушбу ботиқликлар бир томондан овозларни ютиб, хонада суҳбатлашилаётганда чиқарилган овозлардан шовқин пайдо бўлишини камайтирса, иккинчи томондан тўрда ўтирган хон паст овозда чақирса ёки юмуш буюрса ҳам унинг товуши бемалол қуйидаги ҳудайчига эшитилишини таъминлашга хизмат қилган. Деразаларга ўрнатилган ташқи дарпардалар эса ичкарининг кўринишини тўсган, ичкаридагилар эса ташқарини бемалол кўра олишган.

Саломхонадан ўтсангиз, бир томони девор билан тўсилган, уч томони хоналар билан қуршаб олинган ўрданинг ички ҳовлиси сизни қарши олади. Бугун ушбу хоналарга музей экспонатлари жойлаштирилган.

Ҳовли гирди бўйлаб барпо этилган хоналар олди очиқ баланд айвонли бўлиб, улар шифтидаги ёғочлар бинокорликда учрайдиган китобат санъатига менгзаб ёпилган. Яъни унга бир қарашда киши улкан китоблар териб чиқилган жавонни кўргандек бўлади.

Музей экспонатлари ичидан ибтидоий даврдан, то бугунгача бўлган жанг ва меҳнат қуроллари, жангчиларнинг ҳарбий ҳимоя кийими бўлган совут, дубулға, зирҳли қалқон, эркак ва аёллар либослари, тақинчоқлар, кундалик турмушда фойдаланилган уй-рўзғор буюмлари, чолғу асбоблари, шунингдек, хонлик ҳудуди акс этган макет ҳамда хонга тегишли айрим ашёларни кўрасиз. Музейда ўша машҳур қўқонараванинг кичрайтирилган намунасини ва ҳақиқийсини ҳам учратиш мумкин. Унинг ёнида эса яна бир маълум транспорт воситаси – фойтун. Шунингдек, бу ерда бир дона ҳам металл аралаштирилмасдан ёғочдан ишланган ўрда дарвозаларидан бири ҳам сақланмоқда.

– Музейга қилган саёҳатдан жуда бой таассурот олдим, – дейди оддий аскар Суннат Баҳриев. – Жумладан, бинога бир қараганда, аждодларимизнинг буюк меъморчилик санъатини кўрган бўлсам, ичкарида хилма-хил экспонатлар мени олис ўтмиш кенгликларига етаклади, гўё. Ҳа, музейлар бежиз ўтмиш ва келажакни боғловчи ришта, дея аталмас экан.

– Тарихимизнинг турли даврларига оид экспонатлар ўтмиш маданиятимиз ривожидан, цивилизациядан, уруш қуроллари эса жанглар суронидан ҳикоя қилаётгандек, – дейди оддий аскар Зафар Илёсов. – Уларнинг ҳар бирида ҳикмат мужассам. Ахир, айтишади-ку, ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё, деб.

Шаҳриёр КОМИЛОВ

 

Информеры