2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ЖОНИМНИНГ ЖАВҲАРИ – ЖОНУ ЖАҲОНИМ»

таҳририятимиз меҳмони ва унинг ўғли Жаҳонгир ҳақида

Янги йил байрами арафасидаги иш кунларининг бирида таҳририятга бир аёл кириб келди. Ийманиб, паст овозда ниманидир сўради. Масъул котиб эътиборли йигит эмасми, дарҳол опанинг саволига жавоб берди-да, «юринг» дея ўзи билан бошлаб чиқиб кетди. Бироз ўтиб мени бош муҳаррир йўқлаётганини айтишди. Борсам, ҳалигина мен кўрган аёл ҳам шу ерда ўтирган экан. Аёл кўзидаги ёш хавотиримни оширди. Аммо бош муҳаррир мамнуният билан аёлни таништириб, мақсадини баён қилгач, менинг ҳам кайфиятим кўтарилди. Чегарачи аскар Жаҳонгир Дўсматовнинг онаси экан. Байрам арафасида... Келинг, бу ҳақда сал қуйироқда баён этамиз. Шу куни опа билан узоқ суҳбатлашдик.

 

ҚУВОНЧ МУЖДАСИ

Акбар ака узоқ йиллар пойтахтдаги заводлардан бирида пайвандчи бўлиб ишлаган. Мунаввар опа уй бекаси. Юмшоқфеъл, бамаъни инсонлар. Пойтахтнинг энг гўзал гўшаларидан бири Нодирабегим маҳалласида истиқомат қилишади. Икки фарзандлари бор: Ҳулкар ва Жаҳонгир. Ҳар иккови ҳам Ватан ҳимоясида. Маҳаллада уларнинг оиласини ҳурмат билан тилга оладилар.

Акбар ака ва Мунаввар опар учун бу галги янги йил байрами ҳар қачонгидан ҳам файзли бўлди. Айём арафасида ота-она номига ўғиллари оддий аскар Жаҳонгир Дўсматов йигитлик бурчини ўтаётган ҳарбий қисмдан мактуб келди. Оддий мактуб эмас, миннатдорчилик мактуби! Ундаги сўзлар ҳам оддий эмас, мунис она кўзларини севинч ёшларига тўлдирган  қувонч муждасидир!

 

МЕНИНГ ЎҒЛИМ БОШҚАЧА-ДА

– Кечадан бери бу мактубни қўлимдан қўйганим йўқ, – дейди опа биз билан суҳбатда. – Юз марталаб қайта ўқигандирман… Жаҳонгирим болаликдан бизга раҳмат олиб келади: қўни-қўшнилардан, мактабдан, мураббийларидан… (опа шуларни айта туриб, «Ватанпарвар» газетаси қатидаги ўндан зиёд фахрий ёрлиқлар, дипломларни бирма-бир олиб кўрсатади). Аммо ҳарбий қисмдан келган хат бизни жуда ҳаяжонга солди. Айниқса, мен қувончимдан ҳеч қаерга сиғмай кетдим. Хатни олиб қўни-қўшниларимга, қариндошларимга бир-бир кўрсатиб, мақтандим. Ҳамманинг жавоби бир хил бўлди: Жаҳонгир бунга арзийди!

Намиқиб, бироз ғижимланган мактубни қўлимга олиб, секин кўз югуртираман: «...намунали ҳарбий интизоми, аъло хизматлари билан сафдошларига ўрнак бўлмоқда. Акбар ака, Мунаввар опа, чинакам ватанпарвар фарзанд тарбиялаганингиз учун сизларга миннатдорчилик билдирамиз...» Миннатдорчилик мактубини опага қайтариб узатдим.

– Кўрдингизми, шундай хатни йиғламай ўқиб бўлар эканми, – деди опа хижолатомуз ихтиёрсиз қуйилиб келаётган қувонч ёшларини тиёлмасдан. – Ҳар ўқиганимда ўзимни тиёлмаяпман. Бироз ғижим бўлганлиги ҳам шундан. Эрталаб бир қарорга келганимни отасига айтдим. Ўғлимиз бизни шунчалар қувонтирди, келинг, уни ҳам бир хурсанд қилайлик. «Ватанпарвар» газетаси орқали Ватан ҳимоячилари куни билан болаларимизни қутлайлик, дедим. Отаси бўлса: «Қўйсангчи, бизга ўхшаган ота-оналар кўп бўлса, ҳамма ҳам аскар боласини табриклагиси келади, газетанинг бошқа иши йўқми», дедилар. Мен эса фикримдан қайтмадим. Тўғри, ота-оналар кўп, аммо менинг ўғлим бошқача-да! Шундай ўйлаб, газета манзилини сўраб-суриштириб топиб келдим.

Опанинг тўғри қилибманми, дегандек жавдираб турган кўзларига қараб, уни маъқулладим.

 

ЧЕГАРАЧИ ЙИГИТ

У ҳақда ёзмоқчи бўляпман-у нимадан бошлашни билмаяпман. Болалиги ҳам ҳамма болаларникига ўхшаган, мактабда аъло ўқиган деб ёзсам, аълочилар ҳамма жойда ҳам бисёр. Қўл жанги бўйича бир неча мусобақаларда ғолиб бўлганлигини ёзсаммикан-а. Йўқ, бўлмайди, яхшиси муддатли ҳарбий хизматга тайёргарлик кўра бошлаган вақтидан бошлай қоламан.

Жаҳонгир Мирзо Улуғбек туманидаги саноат касб-ҳунар коллежида таҳсил олган. Муддатли ҳарбий хизматга қадар эса «Ватанпарвар» ташкилотига қарашли Тошкент бирлашган техника мактабида ўқиди. Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, у ҳамиша тенгдошлари орасида етакчилик қобилияти билан ажралиб турарди. Кичкиналигидан уни тенгдошлари ўзларига сардор этиб тайинлаб келишади. Буни ҳатто бирлашган техника мактабидаги бир неча ойлик таҳсил жараёнида ҳам кўриш мумкин. Бу ерда ҳам намунали хулқи, интизоми, аъло баҳоларга ўқиши билан барчага ўрнак бўлиб, мактаб бошлиғининг фахрий ёрлиғига сазовор бўлди.

Маълумки, ҳар бир йигит мудофаа ишлари бўлимига мурожаат этади. Уларнинг ҳаммасини эслаб қолиш мушкул. Аммо Мирзо Улуғбек тумани мудофаа ишлари бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган подполковник Самандар Бозоров чақирилувчи Жаҳонгир Дўсматовни жуда яхши эслайди.

– Касбим тақозосига кўра жуда кўп йигитлар билан суҳбатлашганман, – дейди офицер Самандар Бозоров. – Улар орасида фикр доирасининг кенглиги, чуқур билими, интилувчанлиги, жўшқин табиати, ўзбекона гўзал тарбияси билан алоҳида ажралиб турадиган чақирилувчи Жаҳонгир Дўсматовни жуда яхши эслайман. Ундаги интилишни кўриб, «Ватанпарвар» ташкилотига қарашли Тошкент бирлашган техника мактабида таҳсил олишга тавсия қилганмиз. Ватан тақдирига ўзини дахл¬дор деб билган айнан у каби йигитлар Қуролли Кучларнинг фахри бўлишади.

Ҳа, оддий аскар Жаҳонгир Дўсматов муддатли ҳарбий хизмат жараёнида ўзининг фидокорона хизматлари билан сафдошларининг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлиб, жамоасининг фахрига айланди.

 

ЎҒЛИМ БИЛАН ФАХРЛАНДИМ

– Ҳарбий қасамёд қабул қиладиган куни ўғлим Жаҳонгирни қутлаш учун бордик, – дейди Мунаввар опа. – Ҳарбий қисм аскарларнинг ота-оналари, яқинлари билан гавжум. Шундай бир пайтда ўғлимнинг командирлари юзлаб ота-оналар ичидан мени чақиришди: «Опа, ўғлингизга жуда яхши тарбия берибсизлар. Ақлли, бировлардан ёрдамини аямайдиган, мард, олижаноб йигитни тарбиялаб, вояга етказганингиз учун сизларга раҳмат…» Бу сўзларни эшитиб, қалбим ифтихор туйғуларига тўлиб-тошди. Ўзингиз айтинг, она учун бундан юксак мукофот борми?! Ўғлимдан миннатдорман. Фурсатдан фойдаланиб, Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Жаҳонгиримни, дўст¬ларини, сафдошларини чин кўнглимдан қутлайман.

 

ХАТЛАР, ХАТЛАР...

– Аскар ўғлимнинг хатларини кўзларимга суриб ўқийман, – дейди Мунаввар опа. – Меҳрибонларим онажон, отажон деган сўзларини ўқиб, хатни бир бағримга босиб оламан… Мана, ўзингиз ҳам бир кўринг.

Азиз ўқувчи, аскар мактубларини ўқиб, кўнглим жуда ёришди. Улардан айримларини сиз билан баҳам кўрсам, аскар йигитнинг кўнглига оғир ботмас, деб умид қиламан.

«...Ассалому-алайкум ҳаётимнинг мазмуни, кўзларимнинг қувончи бўлган меҳрибонларим онажон, отажон... Юборган хатингизни олдим. Сизларни жуда соғинганман, уйимизни, кўчаларимизни, ҳовлидаги ҳар бир туп дарахтимизгача соғинганман...»

«...Ассалому-алайкум меҳрибонларим онажон, отажон! ...Азим Тошкентимиз тинчми? Янгиликларни газетадан ўқиб тураман. Мусиқа мактаби ёнида янги экопарк қурилди деб эшитдим. Шу ростми? Бориб кўрдингизми? Қанақа экан?...»

«...Мени бу ерда ҳаммага фойдам тегяпти. Электрик касбини эгаллаб тўғри қилган эканман. Бу касб ҳарбий хизматда ҳам жуда қўл келяпти...»

«...Ўткир Ҳошимовнинг  «Дунёнинг ишлари» китобини ўқиб бўлдим. Жуда таъсирландим. Олдингдан оққан сувни қадри йўқ, деб шунга айтар эканлар. Китобни ўқиб, сиз меҳрибонларимни янада қаттиқ яхши кўриб кетдим...»

«...Ҳарбий қисм боғидаги ўрикларни ҳам еб тугатдик. Энди навбат узум билан тарвузга... Келганимга ҳам беш ой бўлибди. Ҳаёт яхши...»

«...меҳрибоним отажон, соғлиғингиз яхшими? Қурилишга уннаб ўзингизни уринтирманг, ўзингизни асранг... Ўртоқларим яхши юришибдими? Дониёр, Абдулла, Хилолиддин билан кўча чангитишларимиз энди болалик хотираларига айланиб қолди...»

«...Ҳовлимиздаги токнинг ҳосили бу йил қандай? Пастдагисичи? Анорларчи? Ҳовлимизни соғиндим...»

«...Севимли жияним Севинч, Зиёда билан уришмаяпсанми?  Мени алдама. Бу ерда баланд минора бор. Ўшанга чиқиб, дурбиндан қараб, сени кузатиб турибман... Мактабга чиққанинг билан табриклайман...»

Келинг, шу ерда сўзимизни аскар онаси Мунаввар опанинг қуйидаги сўзлари билан мухтасар қиламиз:

Жонимнинг жавҳари – жону

жаҳоним,

Айёминг муборак аскар

ўғлоним.

Жонимни берай мен – орқамда

қолгин,

Бағримга омон қайт,

марду майдоним.

Инобат ИБРОҲИМОВА,

«Ватанпарвар» мухбири.

Информеры